Биласиз, юртимизнинг ҳар бир бурчагидан юксак иқтидорга эга футболчилар топилади.
Тўғри, ҳали ўзбек футболида Роналдудек жаҳон даражасидаги юлдуз етишиб чиқмади. Аммо бу борада мақтанишга арзийдиган футболчиларимиз ҳам йўқ эмас. Айниқса, бир қатор легионерларимиз ҳам борки, улар жаҳоннинг турли мамлакатларида мамлакатимиз футболи довруғини кенг ёйишмоқда. Қуйида ҳозирги кунда бошқа чемпионатларда тўп сураётган ўзбекистонлик “чарм тўп” усталарининг нималар билан банд эканига тўхталиб ўтамиз.
Жанубий Корея
Сервер Жепаров – “Улсан Хюндай”
Миллий терма жамоамиз сардори фаолият олиб бораётган Корея чемпионатида жамоалар икки ҳафталик таътилга чиқишганди. Мана энди 25 июлдан яна ўйинлар давом эттирилади. Ҳозирга келиб Кей-Лигада 22 та тур учрашувлари ўтказиб бўлинган. Сервернинг жамоаси “Улсан Хюндай” 22-турдан сўнг 23 очко билан мусобақа жадвалининг 10-поғонасида бормоқда. Футболчимиз ёши ўтиб бораётган бўлсада жамоанинг етакчиларидан бири сифатида мунтазам ўйин амалиётига эга бўлаётгани сиз-у бизни қувонтирмай қўймайди, албатта. “Улсан Хюндай” навбатдаги учрашувини эртага 25-июл куни Жепаровнинг собиқ клуби – “Сеонгнам”га қарши ўтказади.
Хитой
Анзур Исмоилов – “Чанчун Ятай”
Бош жамоамизнинг ишонган ҳимоячиларидан бири Анзур Исмоилов доимгидек “Чанчун Ятай”нинг асосий таркибида майдонга тушиб келмоқда. Тажрибали ҳимоячи ўтган турда “Жиангсу” дарвозасини ишғол қилиб, мавсумдаги голлари ҳисобини очиб олишга ҳам муваффақ бўлди. Ҳозирга келиб Хитойда 19-тур ўйинлари ўтказилган бўлиб, “Чанчун” 24 очко билан 9-поғонада бормоқда. Жамоа навбатдаги баҳсини эртага “Шанхай Шенксин”га қарши ўтказади.
Россия
Одил Аҳмедов – “Краснодар”
Ортда қолган ҳафтада Россия премьер-лигасида янги мавсум старт олди. Ҳамюртимиз Одил Аҳмедов тўп сураётган “Краснодар” янги мавсумни жуда яхши бошлади, деб айтсак бўлади. Зеро краснодарликлар 1-турда “Амкар
меҳмони бўлиб, кичик ҳисобда ғалаба қозонишди. Ҳамюртимиз учрашувни бошланғич таркибда бошлаб, ўйиннинг 61-дақиқасида алмаштирилди. Энди “Краснодар” 2-турда “Спартак”ка қарши ўйнайди. Мазкур беллашув 26 июл куни ўтказилади.
Виталий Денисов – “Локомотив Москва”
Рус “темирйўлчилари” сафида тўп сураётган ўзбекистонлик ҳимоячи Виталий Денисов учун ҳам янги чемпионат омадли бошланди. Футболчимизнинг жамоаси илк турда “Мордовия”га қарши ўйнаб, ғалабага эришишди. “Тор” филми қаҳрамонига ўхшатиладиган Виталий эса кутилганидек ўйинда тўлиқ ўйнади ва бу билан жамоасининг етакчиларидан бири эканини ҳаммага билдириб қўйди. “Локо” иккинчи турда “Анжи” меҳмони бўлади. Матч 27 июл куни ўтказилади.
Вагиз Галиулин – “Уфа”
“Уфа”да Вагиз Галиулин ўз ўрнини топгандек… Нима дедингиз… Зеро футболчимиз олдинлари нуқул жароҳатлардан боши чиқмасди. Лекин “Уфа” сафида Вагиз ҳар тугул ўйин амалиётига эга бўлмоқда. Илк турда ҳам у 57-дақиқада захирадан майдонга тушди. Умид қиламизки, у кейинги турларда асосий таркибдан ҳам жой олади. Уфаликлар 2-турни эртага ўз уйларида “Ростов”га қарши ўтказишади.
Украина
Санжар Турсунов – “Ворскла”
Украина чемпионатида ҳам янги мавсум бошланди. “Ворскла” сафида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Санжар Турсунов тўп суришидан хабарингиз бор. Санжарнинг жамоаси илк турда “Волинь”га қарши баҳс юритди ва мавсумни дуранг билан бошлади. Санжар Турсунов 79 дақиқа ўйнади. “Ворскла”ни олдинда “Ҳоверла”га қарши ўтадиган матч кутмоқда. Ўйин эртага 25 июл куни бўлиб ўтади.
БАА
Азизбек Ҳайдаров – “Ал Шабаб”
Бирлашган Араб Амирликлари чемпионатида ҳали янги мавсум старт олгани йўқ. Жамоалар янги мавсумга ҳозирлик кўриш билан банд. Тажрибали ярим ҳимоячи Азизбек Ҳайдаров ҳам “Ал Шабаб” сафида бошланажак чемпионатга тайёрланмоқда. БААда янги мавсум 22 август куни бошланади. Ўша куни дастлабки турда “Ал Шабаб” ўз уйида “Банни Яс”ни қабул қилади.
Эрон
Фозил Мусаев – “Сепахон”
Фозил Мусаев ортда қолган мавсумни жуда ажойиб ўтказганини биласиз. Фозил илк мавсумдаёқ “Сепаҳон” сафида 12та учрашувда майдонга тушиб, мамлакат чемпионлигини қўлга киритганди. Энди “Сепахон” янги мавсумда титулни ҳимоя қилиш учун тайёргарликка зўр берган. Жамоа Туркияда янги мавсумга ҳозирлик кўрмоқда. Терма жамоамизга номзод футболчи эса барча учрашувларда майдонга тушмоқда. Эронда янги чемпионат 30 июл куни старт олади. Ўша куни Мусаевнинг жамоаси “Истиқлол Хузистон”га қарши ўйнайди. Ҳамюртимизга янги мавсумнинг омадли келишини тилаймиз.
Қатар
Сардор Рашидов – “Ал Жайиш”
Қатар юлдузлар лигасида янги мавсумдан бошлаб ҳамюртимиз Сардор Рашидов фаолият олиб боради. Сардор энди “Ал Жайиш” сафида тўп суради. “Бунёдкор”дан Қатар клубига яхшигина сумма эвазига трансфер қилинган Сардор аллақачон янги жамоаси ихтиёрига етиб борган ва машғулотларга қўшилган. “Ал Жайиш” ҳозирда янги мавсумга ҳозирлик олиб бормоқда. Қатарда янги чемпионат сентябрда старт олади. 11 сентябрга қадар клублар тайёргарлик жараёнини ўташади.
Сербия
Ҳусниддин Ғофуров – “Явор”
Сербияда ҳам янги мавсум бошланди. Ўтган йили қуйи лигага тушиб кетиб, дастлабки мавсумдаёқ элитага қайтиб чиқишни уддалаган “Явор Матис” илк турда “Нови Пазар” билан баҳс юритиб, кичик ҳисобда ғалаба қозонди. Ҳамюртимиз Ҳусниддин Ғофуров эса ўйинни бошланғич таркибда бошлаб, 60 дақиқа ўйнади. Энди иваницаликлар 2-турда “Спартак”ка қарши ўз уйларида ўйнашади. Беллашув эртага бўлиб ўтади.
Қозоғистон
Александр Гейнрих – “Ордабаси”
Қўшни Қозоғистоннинг “Ордабаси” жамоасида ҳамюртимиз Александр Гейнрих тўп суришидан хабарингиз бор. Сашанинг жамоаси 21-турдан сўнг 35 очко билан 4-поғонада бормоқда. ҚПЛнинг 22-турида чимкентликлар Павлодарда “Иртиш” меҳмони бўлишади. Учрашув 26 июл куни ўтказилади.
Бобур Давлатов – “Жетису”
“Жетису” сафига яқиндагина “Рубин”дан ижара асосида ҳамюртимиз Бобур Давлатов келиб қўшилди. Ўтган ҳафтада толдиқўрғонликлар “Остона” билан баҳс юритишди. Аммо бу гал футболчимиз майдонда кўриниш бермади. Энди “Жетису” 22-турда ўз уйида “Қайсар”га қарши баҳс юритади. Мазкур матч 26 июл куни ўтказилади. Умид қиламизки, ёш истеъдод эгаси саналадиган Бобур жамоасининг асосий таркибида майдонга тушади.
Малайзия
Фарҳод Тожиев ва Садриддин Абдуллаев – “Т-Тим”
Малайзияда нуфуз жиҳатдан иккинчи ўринда дея эътироф этиладиган премьер лига иштирокчиси “Т-Тим” сафида тўп сураётган ҳамюртларимиз Фарҳод Тожиев ва Садриддин Абдуллаевлар мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиб келишаётган эди. Аммо ҳужумчимиз Фарҳод Тожиев яқинда жароҳат орттириб олди ва ҳозирда Фарҳод ўша жароҳатини тузатиш билан банд. Садриддин Абдуллаев эса жамоасига ёрдам беришга шай. Жамоа 31 июл куни “Жоҳор Дарул Тазим 2”га қарши баҳс юритади. “Т-Тим” турнир жадвалининг иккинчи поғонасида бормоқда. Улар фақат 34 очко тўплаган “Кедаҳ”дан атиги бир очкога ортда боришмоқда.
Туркия
Асрор Гафуров – “Манисаспор”
Туркиянинг “Манисаспор” жамоаси сафида ҳам ҳамюртимиз Асрор Гафуров фаолият олиб боришини биласиз. Ўтган мавсумни унчалик кўнгилдагидек ўтказа олмаган манисаликлар биринчи лигадан Турк иккинчи лигасига йўл олишди. Қоидага кўра, иккинчи лигада легионерлар ўйнай олишмайди. Шу боисдан Асрор Гафуров катта эҳтимол билан янги мавсумни “Манисаспор”да эмас, балки бошқа бирор жамоада ўтказади. Турк нашрларида 20 ёшли ўзбекистонлик футболчига “Болуспор” ва бошқа яна бир нечта биринчи лига жамоалари қизиқиш билдиришаётгани ёзилмоқда. Футболчининг ўзи ҳам “Болуспор”дан таклиф бор эканини рад этмади. Шу боисдан ҳам Асрорнинг янги мавсумни мазкур жамоада ўтказиши мумкинлигини тахмин қила оламиз. Ҳозирча эса футболчимиз уйига таътилни ўтказиш учун келган ва у ҳордиқ чиқармоқда.