Баскетбол трик-шотлари, гольф бўйича чемпионат ғолиби, регби йўналишидаги мукофотлар ва ҳаттоки, теннис билан қизиқиш. Ҳа, «Реал» ярим ҳимоячиси, уэльслик Гарет Бэйлнинг замонамизнинг энг серқирра спортчиси сифатида таърифлашга асослар етарли.
Гольфнинг ёрдами
«Реал» аъзоси июль ойи бошида гольф турнири - Celebrity Cupда иштирок этди. Мазкур мусобақа мана, кетма-кет 3-йилки, Ньюпорт курорт шаҳарчасида ташкиллаштирилмоқда. Турнирда машҳур кишилардан тузилган Англия, Шотландия, Ирландия ва Уэльс терма жамоалари иштирок этишади. Финал баҳсида Гарет Бэйл, комик актёр Роб Брайдон ва собиқ регбичи сэр Гарет Эдвардс бир жамоа бўлиб, Шотландия термасига имконият қолдиришмади. Рақиб жамоа фақат собиқ футболчилардан ташкил топганди - Кенни Далглиш, Гордон Страчан ва Алан Хансон. Турнирдан тушган барча маблағ тўлиғича саратон хасталигидан жабр чекаётганларга ёрдам берувчи Caron Keating Foundation ташкилоти ҳисоб рақамига ўтказиб берилди. «Мушакларимни қандай бўрттирганимни тез-тез сўрашади. Ҳаммаси оддий - бу тренажёр залидаги меҳнатлар ва доимий тарзда гольф ўйнаш маҳсулидир», - дейди Мадридда Жермейн Женсни қўмсаётган уэльслик футболчи. Зеро, улар «Тоттенхэм»да гольф бўйича доимий тарзда ўзаро мусобақалашардилар. Умуман, Гарет гольф таёғини қандай ишлатишни жуда яхши билади.
Регби ихлосманди
Бэйл 10 ёшига қадар футбол қатори регби билан ҳам шуғулланган. Айтайлик, Уэльс регби терма жамоасининг ҳозирги сардори Сэм Уорбертон билан битта мактабда таҳсил ола бошлаган. Бироқ кейинчалик ўзини бу спорт тури учун жуда озғин ҳисоблаб, футбол фойдасига қарор қабул қилган. Шундай бўлсада, Гарет ўтган йили «Реал»даги жамоадошларини регби сирларидан воқиф эта бошлади.
Америка футболига меҳр
Гарет американча футболга ҳам бефарқ эмас. Мисол учун, ўтган йили «Реал» мавсумолди йиғинлари доирасида АҚШга борди. Уэльслик бақувват футболчи шу сафар чоғи машғулотлардан бўш вақтида айрим жамоадошлари билан «Мичиган» клубида ўйновчи котер-бек Девин Гардюрдан баъзи сабоқларни олди.
Теннис устози
Бэйл «Тоттенхэм»да ўйнаган пайти «Уимблдон» кортларида тез-тез кўриниш берарди. Энди эса Madrid Ореn турнири ўйинларини ўтказиб юбормасликка ҳаракат қиляпти. Дейлик, охирги турнирда Икер Касильяс ва Криштиану Роналду ҳамроҳлигида кортга борди. Умуман, уэльслик йигит теннисни нафақат томоша қилади, балки ўзи ўйнайди ҳам. Айтишларича, «Тоттенхэм»да ракетка билан ишлаш бобида уни олдига тушадиган ўйинчи топилмаган экан. Шунинг баробарида Гарет стол тенниси бўйича ҳам жамоада тенгсиз бўлган. Қисқаси, айнан Гаретни Sports FIT кўрсатувига жалб қилишганида ўзига хос маъно бор. Футболчининг дастуридаги вазифаси - соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш. Эътиборлиси, Бэйл White Hart Lane спорт марказида болаларга тўп эмас, балки ракетка билан қандай ишлашни ўргатди.
Баскетбол трик-шотлари устаси
Гаретнинг энг ақлни шоширадиган «трюк»лари эса баскетболга боғлиқ. Умуман, бу спорт тури унинг учун футболдан кейинги ўринда туради. Хуллас, Гарет март ойида Half Gourt Challenge лойиҳасида иштирок этиб, майдон марказидан 5 марта тўп ташлашни амалга оширди. Эътиборлиси, уэльсликнинг 3та уриниши тўпнинг халқага тушиши билан якун топди. Хуллас, Бэйл шу билан жамоадоши Лука Модрич ва «Мерседес» пилоти Льюис Хэмилтонни яна бир бора баскетбол бобида рақобатлашишга чорлади, гўё. Ҳа, унинг ўтган ёз «Нью-Йорк Никс» ўйинчиси Кармело Энтони билан бирга шуғуллангани зое кетмабди, чоғи. Тўпни оёқ билан ҳалқага туширишми? Бу Бэйл учун оддий юмуш ва асосий трик-шот ҳисобланади.