Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзоси, Янги Зеландиядаги жаҳон чемпионатида муваффақиятли тўп сурган Миржамол Қосимов шу кунларда Киев «Динамо»си клуби кўригидан ўтмоқда. Унинг хатти-ҳаракатлари Украинанинг амалдаги чемпиони мураббийларига маъқул келса, «Бунёдкор» тарбияланувчиси фаолиятини «Динамо»да давом эттиради. Ушбу трансфер амалга ошса, Миржамол Қосимов Киев клубида ўйнаган ўзбекистонлик иккинчи футболчига айланади. Зеро, яна бир ҳамюртимиз Максим Шацких ўзининг мазмунли ўйинлари билан ушбу клуб ишқибозлари ёқимтойига айланганди. Дарвоқе, Шацких ҳақида сўнгги маълумот: бир муддат аввал Украи-нанинг Львов вилояти чемпионати иштирокчиси «Рух» жамоаси билан шартнома имзолаган Максим Англия клубларидан таклиф олганини маълум қилди. «Рух» 28 июль кунидан мавсумга тайёргарликни бошлайди. «Астана»даги фаолиятим муваффақиятсиз кечди, «Арсенал»ни эса тугатишди. Қолаверса, «Говерла»даги бир ярим йиллик машмашалар... Очиғи, мени омадсизликлар тинимсиз таъқиб этяпти. Шу ўринда Англия клубларидан таклиф тушаётганини ҳам айтиб ўтишим лозим. Лекин ҳали ҳеч нарса аниқ эмас. Янгилик бўлиши билан бу ҳақда хабар бераман», - деди Шацких. Биз ўтган ҳафта ҳамюртимизнинг агенти Сефер Алибоев билан боғланиб, Миржамол Қосимов ҳақидаги маълумотларга ойдинлик киритиш баробарида Максимнинг ишлари қандай кетаётгани билан ҳам қизиқдик. Ўз ўрнида эслатма, 1968 йилнинг 5 май куни Наманганда туғилган Алибоев бир неча йилдан буён Украинада фаолият юритмоқда.
- Сефер ака, ўзбек футболи юлдузи Миржалол Қосимовнинг ўғли Миржамолнинг «Динамо» (Киев)да кўрикдан ўтаётгани ҳақида эшитдик. Мазкур маълумот қанчалик тўғри?
- Бу ҳақиқат. Миржамол айни пайт Киев клуби машғулотларида иштирок этяпти.
- Кичик Қосимовнинг Украинадан таклиф олиши қандай рўй бергани кўпчилик учун қизиқ...
- «Динамо» скаутлари Ўзбекистон ёшлар термасининг Янги Зеландия мундиалидаги иштирокини кузатишган. Футболчилар орасидан мураббийларга айнан Миржамолни тавсия қилишди. Билганим шу, бу борада тўлиқ маълумотга эга эмасман.
- Умуман, Миржамол киевликлар кўригида қанча муддат бўлади?
- Бу ҳақда бирор фикр билдиролмайман. Мазкур масалада «Бунёдкор» клуби мутасаддилари, хусусан, жамоа бош директори Бахтиёр Бобоев аниқ маълумот бера олса керак.
- Сефер ака, мижозингиз - Максим Шацкихнинг Львов вилояти чемпионатида қатнашувчи «Рух» клубига ўтганини қандай изоҳлайсиз?
- Айтиш жоиз, Максимнинг мавсумни «Рух» таркибида бошлаши ҳали тўлиқ ҳал этилмаган. Ҳозир хориж клубларидан тушаётган бир неча таклифни кўриб чиқяпмиз. Тез орада бу масалага ойдинлик киритилади. Лекин «Рух» Шацкихни ўз сафида кўришни астойдил истаяпти.
- Кечирасизу, «Рух» Максим Шацкихнинг даражасига мос келмайди. Тўғри, у ҳозир ёш эмас, лекин тажрибасига таянган ҳолда, ҳали юқори савияда ўйнай олади. Ушбу фикрга қўшиласизми?
- Шубҳасиз! Менимча, Максим Европа даражасидаги футболчи. Буни ҳеч ким инкор этмайди. Қолаверса, айтганимдек, ҳали унинг мавсумни «Рух»да бошлаши аниқ эмас. Бош-қа жамоаларнинг қизиқарли таклифлари бисёр.
- Сир бўлмаса айтингчи, Максимни айнан қайси клуб ўз сафида кўрмоқчи?
- Минг бор узр, ҳозир бу ҳақда гапиришнинг мавриди эмас. Шартнома имзоланиши ҳамоноқ барчаси расман эълон қилинади. Бунга эса оз вақт қолди.