Россиялик эксперт Александр Чумаков Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчилари ва делегацияси Нидерландияга қарши ўртоқлик учрашуви олдидан қатъий текширувдан ўтказилгани ҳақида фикр билдирди.
«Ишончим комилки, хавфсизлик хизматлари буни стандарт тартиб-таомил деб атайди ва айнан нима сабабдан текширув ўтказилганини ҳеч қачон очиқламайди. Ҳозирча жамоатчиликка футболчилар текширувдан ўтказилган икки ҳолат маълум — Ўзбекистон ва Сенегал терма жамоалари. Бошқа жамоалар ҳам текширилган бўлиши мумкин, аммо улар ҳақидаги видеолар интернетда тарқалмаган. Эҳтимол, Европа терма жамоалари бундай текширувларга дуч келмаётгандир.
Бу, албатта, нохуш ҳолат. Бироқ хавфсизлик хизматлари фаолиятига аралашиб бўлмайди. Бу воқеа ўзбекистонлик футболчиларга руҳий таъсир қилмаслиги керак. АҚШда полиция эҳтиёт чорасини кучайтириш мақсадида шунга ўхшаш қарорлар қабул қилиши тез-тез учрайди. Бунинг ёмон томони йўқ, аксинча, маълум маънода ижобий ҳолат ҳам ҳисобланади.
Балким, кимдир полицияга қўнғироқ қилиб, эҳтимолий хавф ҳақида хабар бергандир. Яна бир эҳтимол, полиция бўлажак турнирнинг аҳамиятини тўлиқ англамаган ва «ҳар эҳтимолга қарши» текширув ўтказишга қарор қилгандир. Ҳар бир штатнинг ўзига хос протоколлари ва қоидалари бор. Бу қоидалар турли мамлакатлар вакилларига нисбатан ҳам фарқ қилиши мумкин.
Умуман олганда, Ўзбекистон терма жамоаси ва унинг мухлислари бу ҳолатга ортиқча эътибор қаратмаслиги керак. АҚШда ғалати вазиятлар тез-тез учраб туради ва турнир давомида бундай ҳолатлар яна кўпайиши мумкин. Масалан, момақалдироқ ҳақида огоҳлантириш берилса, ёмғирнинг бир томчиси ҳам ёғмаган тақдирда ўйин 30 дақиқага тўхтатилиши мумкин. Бу жаҳон чемпионати, шубҳасиз, ўзига хос турнир бўлади», — деди Чумаков.
Аввалроқ, Нидерландия терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви олдидан Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари ва расмий делегацияси АҚШ хавфсизлик хизматлари томонидан кучайтирилган шахсий кўрикдан ўтказилгани хабар қилинганди. Ҳодиса автобусдан тушиб, «Айкан Стэдиум» стадионига кириш арафасида содир бўлган ва футбол жамоатчилигида кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.
Текширув жараёнида ҳар бир футболчи алоҳида ажратилиб, қўл металлодетекторлари ёрдамида кўрикдан ўтказилган. Футболчиларнинг шахсий буюмлари ва экипировкалари K9 хизмат итлари ёрдамида текширилган, ўйинчилар сумкаларини очишга мажбур бўлган. Шунингдек, хавфсизлик хизмати мураббийлар штаби фойдаланадиган тактик тахталарни ҳам синчиклаб кўздан кечирган. Гувоҳларнинг таъкидлашича, делегация аъзоларининг мобил қурилмалари ҳам вақтинча олиб қўйилиб, текширувдан ўтказилган.













