Мадриднинг “Реал” клуби “Атлетико” ҳужумчиси Хулиан Алваресни ўз сафига қўшиб олиши мумкин. Бу ҳақда Sky Sports Germany журналисти Патрик Бергер ўзининг X (собиқ Twitter) тармоғидаги саҳифасида маълум қилган.
Манбага кўра, раҳбарият аргентиналик футболчининг ўйинларини юқори баҳолаган. Ўз навбатида, 150 миллион евро миқдорида таклиф тушса, “Атлетико” ҳам ушбу трансферга тўсқинлик қилмаслигини маълум қилинган. Ҳозирча томонлар бу борада музокара ўтказмаган, аммо яқин кунлар ичида “Реал” аргентиналик форвард учун таклиф жўнатиши мумкин.
Аввалроқ 26 ёшли ўйинчига “Барселона”, “Пари Сен-Жермен” ва “Арсенал” клублари ҳам харидор бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Журналист Бен Жейкобснинг маълум қилишича, каталонияликлар Алварес учун 100 миллион евро тўлашга тайёр. Бироқ “Атлетико” футболчи учун 120 миллион евро сўрамоқда. Шу боис футболчининг “кўк-анорранглилар” сафига ўтиш эҳтимоли паст.
Маълумот ўрнида, Алварес якунига етган мавсум барча турнирлар доирасида жами 49 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 20 та гол ва 9 та голли узатмани ёздириб қўйган. Унинг матрасчилар билан амалдаги шартномаси 2030-йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt портали футболчининг трансфер қийматини 100 миллион еврога баҳоламоқда.













