Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла - Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Жамоа танлаш ҳуқуқи ёхуд яна легионерлар ҳақида

Баҳо:
+2 | -

Кучли легионерлар кўпайгани сари терма жамоа бош мураббийининг танлаш имконияти шунча ортади. Футболчиларимизда хориж клубларида тўп суришга бўлган иштиёқ ҳар қачонгидан кучайган. Миржалол Қосимов россиялик, Максим Шацких эса украиналик ишқибозларнинг ёқимтойига айлангани айни ҳақиқат. Бу ёқимли анъанани давом эттириш вазифаси Одил Аҳмедов ва Виталий Денисов зиммасига юклатилганди, улар мухлислар ишончини суиистеъмол қилишмади. Хуллас, сўнгги пайтларда ўзбек футболи довруғини хориж клубларида ёйишни истаган футболчилар сони кескин ортди. Бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам ўзига жамоа танлаш чоғида тўғри қарор қабул қиляптими? Чегара ортидаги фаолият кўнгилдагидек кечяптими? Ҳозирги клубларидаги ўйин терма жамоамиз таркибидан ўрин олиш учун етарлими? Қуйида шунга ўхшаш саволларга жавоб топишга уринамиз.

КЎҲНА ҚИТЪА ҲАМОН БЕФАРҚ

Сўз бошидаёқ эски мавзуга мурожаат этилиши балки кимларгадир эриш туюлар. Шунчаки гап легионерлар ҳақида кетаётганини инобатга олиб, азалий муаммони четлаб ўтишга кўнгил қурғур бўйин эгмади.

XXI асрнинг дастлабки йиллари «Ювентус» фарм-клуби сафида ўзбек ўғлонининг пайдо бўлиши билан ёдда қолди. Ёқимли хабар футболимиз келажагига умид кўзи билан қарашга ундади. Аммо бу ўйинчининг кейинги фаолияти ниятларни чиппакка чиқаргандек туюлди, гўё. Адашмадингиз, гап Илёс Зейтуллаев ҳақида кетмоқда. Турин клубининг асосий таркибидан ўрин эгаллаши кутилган ўйинчи кейинчалик «Женоа» сафида кўриниш берди. У пайт­лари генуяликлар ҳозиргидек барқарор­ ўйин кўрсатмаганликлари инобатга олинса, бу ўзгаришни Зейтуллаев учун пасайиш сифатида баҳолаш ўринли. Унинг Ўзбекистон термаси сафидаги иштироки эса ортиқча муҳокамага муҳтож эмас. Қисқаси, «кўҳна қитъани забт этиш миссияси»ни бажариш кейинроқ муддатга қолдирилди.

Тажрибали мутахассисдан тортиб, то оддий ишқибозгача яхши маълум: кучли бешлик чемпионатлари олий дивизиони вакиллари таркибидан ўрин олинмагунча Европани забт этиш ҳақида гапириш бефойда. Илёс Зейтуллаевнинг Италияга сайри омадсиз кечган бўлса, «Арсенал» Одил Аҳмедовга қизиқиш билдиришдан нарига ўтмади. Мана энди, Сардор Рашидов Қатар ҳашаматини Франциянинг шиддаткор футболидан устун қўйди... Ўзбек футболи жамоатчилигини зериктирадиган мавзуга ортиқча тўхталиш ножоиз. Шунчаки сийқаси чиққан масаланинг ижобий ҳал этилишини кутишдан ўзга чора йўқ. Бу борада қисқача изоҳ келтириш кифоя: мундиал йўлланмаси қўлга киритилмас экан, кучли бешлик ҳақидаги орзулар саробга айланаверади.

 

ҚУЙИ ЛИГА ТААССУРОТЛАРИ

Ўтган мавсумни Сербия қуйи дивизиони вакили - «Явор» клубида ўтказган Ҳусниддин Ғофуров жамоасининг элита йўлланмасини қўлга киритишида муносиб улуш қўшди. Футболчига Ўзбекистон клубларидан таклиф тушишига қарамай, у жамоасини алмаштиришга рўйхушлик бермади. Бир жиҳатдан, бу тўғри қарор. Ахир Иваница клуби бош мураббийи билдираётган ишончдан унумли фойдаланиб қолиш керак-ку! «Явор» жорий йилги чемпионатни кўтаринки руҳда бошлаб, сафарда «Нови Пазар» клубини мағлубиятга учратди. Ўйинни асосий таркибда бошлаган Ғофуров 57-дақиқада жароҳат туфайли алмаштирилди. Умид қиламиз, футболчимиз жиддий зиён кўрмаган ва тез орада сафга қайтади. Демак, ҳозирча Ҳусниддиннинг фаолиятида муаммо йўқ.

Афтидан, «Пахтакор» тарбияланувчиси Асрор Ғофуровнинг Туркия сафари якунига етган кўринади: сўнг­ги мавсумни муваффақиятсиз тугатган «Манисаспор» 2-лигага равона бўлди. У ерда эса легионерлар хизматидан фойдаланиш тақиқланади. Мана шунақа гаплар! Энди Асрорнинг олдида 2та йўл бор - ё Туркиянинг бошқа клубларидан тушаётган таклиф (бу ҳақда футболчининг ўзи маълумот берган)ни кўриб чиқади ёки юртимизга қайтади.

«Шўртан», «Қизилқум» ёки «Сўғдиёна» сафида олий лига ўйинларида қатнашишдан кўра, Қозоғистон 1-лигаси вакили «Махтаорол» шарафини ҳимоя қилиш маъқулроқ! Даурен Эшбоевга тегишли бу қарорнинг қандай натижа бериши номаълум. Футболчи қўшни мамлакатда тўп суришни хоҳлабдими, унинг фикрига қўшилишдан ўзга илож йўқ. Дарвоқе, Қозоғистон қуйи дивизионида шунингдек, Павел Пуришкин ва Жасур Нарзиқулов сингари легионерларимиз ҳам борлигини ёддан чиқармаслик даркор.

 

ФОРМАНИ ЙЎҚОТМАСЛИК УЧУН

«Рубин» Бобур Давлатовга «ҳиммат» кўрсатди: футболчи ўйин амалиётини йўқотмаслиги учун Қозоғис­тоннинг «Жетису» жамоасига ижарага берилди. Бироқ қозонликларнинг мақсади амалга ошиши учун бироз муддат талаб этилади, чоғи. Бинобарин, чемпионатнинг навбатдаги турида «Астана»га мағлубиятга учраган «жетисучилар» бош мураббийи Давлатовни захирада қолдиришга аҳд қилди. Умид қиламизки, ёш иқтидор эгаси «Рубин»да кўрсатолмаган барқарорликни Қозоғистонда намойиш этади.

Бобурнинг ҳолати-ку аён, формани йўқотмаслиги керак. Лекин айрим футболчиларимизнинг Қирғизистон чемпионати сари йўл олаётганликларини қандай изоҳлаш керак? «Олой» клуби либосида ўйнаётган Артур Парванов ва Улуғбек Мўминов ҳам ўйин амалиётини йўқотмасликни мақсад қилишганмикин ёки...? Мавсумни Ўшда бошлаган Темур Султонов ва Аюбхон Гаппаров эса яқинда юртимизга қайтиб келишди. Афтидан, Қирғизистон олий дивизионининг имконияти Ўзбекистон 1-лигасиникидан юқори. Ё бўлмаса, олий лига клублари захира ўриндиғи уларнинг паймонасини тўлдирган. Ҳар ҳолда, футболчиларимизнинг қарори шундай фикр юритишга ундамоқда. Дарвоқе, дарвозабон Алишер Аҳмедов омадини Мальдив оролларида синаб кўради...

 

ҚОЛГАНЛАРДАН КЎНГИЛ ТЎҚ

Одил Аҳмедов ва Виталий Денисов ўз клубида ҳар доимгидек фаол. Жумладан, ҳимоячимиз «темирйўлчилар»нинг навбатдаги ғалабали ­ўйинини тўлалигича майдонда ўтказган бўлса, Одил «Краснодар»нинг навбатдаги ўйинида 61 дақиқа ўйнади.

Маълум муддатдан сўнг яна терма жамоадан чақирув олган Александр Гейнрих «Ордабаси» билан ғалабани тантана қилди. Вагиз Галиулин ва Анзур Исмоилов клублари дурангга имзо чекишди. Дарвоқе, термамизнинг асосий ҳимоячиларидан бирининг урган голи «Чанчун Ятай»ни мағлубиятдан қутқаргани эътиборга молик. Санжар Турсуновни «Ворскла»да жуда ҳурмат қилишади. «Волин»га қарши ўйин (1:1)ни асосий таркибда бошлаган ҳамюртимиз полтаваликлар сафида 79 дақиқа ҳаракат қилди. Шунингдек, Фарҳод Тожиев ва Садриддин Абдуллаевнинг ҳам «Т-ТИМ»даги ишлари ёмон эмас.

Бундан ташқари, термамиз етакчилари Сервер Жепаров ва Азиз Ҳайдаровдан ҳам кўнгил тўқ. Фаолиятини Эрон чемпионатида давом эттирадиган Фозил Мусаев ва Баҳодир Насимовнинг ўйинлари мунтазам кузатув остида. Шунингдек, «Краснодар»дан «Кубан»га ўтиш арафасида турган Николай Марков ҳам назардан четда қолмаслиги керак. Ваниҳоят, «Ал-Жаиш»нинг янги аъзоси Сардор Рашидов ҳақида. Ундан нафақат қатарликлар, балки ўзбекистонлик мухлислар ҳам барқарор ўйинлар кутишяпти. Тезкор футболчимиз бу ишончни оқлашига шубҳа йўқ.

 

СЎНГСЎЗ ЎРНИДА

Ана энди сарҳисоб қилиш фурсати етди. Мақола муқаддимасида легионерлар кўпайиши терма жамоа бош мураббийига қўл келиши ҳақида фикр юритилганди. Хўш, Самвел Бабаяннинг бу борадаги имкониятлари қандай? Вагиз Галиулинни бош жамоага қайтариш варианти хавфли. «Явор» таркибида мунтазам кўриниш бераётган Ҳусниддин Ғофуровнинг имкониятлари эса - 50|50. Афтидан, термамиз легионерлари орасида ҳали-бери янги номларни кўрмаймиз.

Дастлабки йиғинларни ички чемпионат вакиллари иштирокида ўтказган Самвел Вячеславович хорижда тўп сураётган футболчиларни танлашда шу омилларга таяниши, шубҳасиз. Термамиз етакчиларига таркибдан жой кафолатланмаётган бир паллада легионер жалб этишда Қирғизистон, Мальдив ороллари чемпионати ёки Қозоғистон 1-лигасига мурожаат этилиши даргумон.

Вақти келиб, термамиз фақат Европанинг кучли чемпионатларида тўп сурадиган иқтидорлар ҳисобига шакл­лантирилади. Ўшанда Россия, Украина ёки Осиё клублари шарафини ҳимоя қилаётган кучли легионерлар бош жамоа таркибидан ўрин ололмаганликларидан афсусланишади... Қайсар кўнгил умид ва ишонч­га бўйин эгишдан тийилмади-тийилмади-да...

Ўткирбек УМАРОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 09:29, 29.07.2015.
Ўқилди: 6921 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.