Олий лига иккинчи давраси бошланишига ҳам оз фурсат қолди. Жамоаларнинг сараги саракка, пучаги пучакка ажраладиган вақт бошланмоқда. Ҳар қандай чемпионатда иккинчи даврага алоҳида ҳозирлик кўрилади. Чунки «ғалвир сувдан кўтариладиган» даҳага кучли тайёргарлик билан кирмаса бўлмайди. Олий лига давралар оралиғи машғулотлари қизғин кечди. Албатта, ҳамманинг имконияти турлича ва клублар «кўрпасига қараб оёқ узатиш»га мажбур. Кимдир Туркияда, яна бошқалар Австрияда йиғин ташкил қилди. Қолганлар Тошкентдаги машғулотлар билан чекланишди.
Аммо фақат бундан келиб чиқиб хулоса чиқариш ноўрин. Чунки хорижий йиғин кучайишга сабаб бўлганида, «Бухоро» ҳозир сўнгги ўринда юрмаган, Мочинов эса истеъфога чиқарилмаган бўларди. Ёки аксинча, «Металлург» хорижда йиғин ўтказадими ёки «Кимёгар»дан мерос қолган Чирчиқдаги базада йиғиладими, фарқи йўқ, ҳар доим ўртамиёналар сафидан муқим ўрин олиб келади. Шундай экан, қайси жамоа қаерда машғулот ўташининг фарқи йўқ.
Хўш, иккинчи даврада бизни қандай ўзгаришлар кутмоқда? Ҳал қилувчи онлар бошланишига оз фурсат қолган экан, бу борада бироз мулоҳаза юритишга қарор қилдик.
ЕТАКЧИ ЎЗГАРАРМИКАН?
«Пахтакор» бош мураббийи Самвел Бабаян ўз ўрнида қолганида, бундай савол ўртага ташланмасди, балки. Чунки «шерлар» бу мутахассис қўл остида қандай бўлмасин, ғалаба қозонишни уддаладилар. Бироқ ҳеч нарса абадий бўлмаганидек, Бабаян ҳам «Пахтакор»дан кетди ва унинг ўрнига баъзи манбаларда Нўъмон Ҳасанов, бошқасида эса Александр Григорян иш бошлаши кўрсатиб ўтилган. Мураббий ўзгариши эса чемпионлик учун курашга таъсир ўтказиши ҳеч гап эмас.
Чунки ғолиблик учун асосий даъвогарлардан ҳисобланган яна бир жамоа - «Локомотив» ҳам қўл қовуштириб турмайди. «Темирйўлчилар» Австрияда йиғин ташкил қилдилар ва «Маккаби»га имкониятни бой бергани ҳолда, Туркия суперлигасининг бир клубини мағлубиятга учратиб («Акҳисар Беледияспор» (2:1), бири билан дуранг ўйнадилар («Коняспор», 1:1). Шунингдек, БААнинг «Ал-Айн» жамоасини ҳам мағлубиятга учратишди (1:0). Табиийки, бундай натижа ҳар қандай рақибни сергак торттириши турган гап. «Локомотив»нинг ягона камчилиги - ҳамон барқарор таркиб шакллантира олмаётганидир. Масалан, мавсум бошида катта умидлар билан «Локомотив»га келган Арманистон терма жамоаси футболчиси Руслан Корян Россиянинг «Луч Энергия» жамоасига ўтиб кетди. Албатта, Вадим Абрамов ҳам ишлаяпти, Икром Алибоев каби иқтидорларни кашф этмоқда. Аммо мураббий жамоа ўйинида барқарорлик шакллантирмайдиган бўлса, ҳамма уринишлари чиппакка чиқиши ҳеч гап эмас. Чунки икки йилдан буён ўз мақсадига эриша олмаётган «Локомотив» раҳбарияти мураббийга яна имконият беришига ишониш қийин.
«НЕФТЧИ» ОЧЛда
ҚАТНАШАДИМИ?
«Нефтчи» биринчи даврани шу қадар яхши ўтказди, кутилмаганда кучли учликдан ўрин олишга эришди. Фарғоналиклар мавсумнинг дастлабки қисмида энг кам гол ўтказган жамоалардан бўлиб турибдилар - 9та. Табиийки, бундай натижа «Нефтчи»га кўтаринки кайфият ҳадя этиши турган гап. Фарғонада аллақачон Чемпионлар Лигаси ҳақида гап бошлангани фикримиз далили.
Аммо «Нефтчи» эришаётган натижалар ҳар қанча ажойиб кўринмасин, бу позиция бой берилиши ҳам ҳеч гапмас. Чунки Мурод Исмоилов шогирдлари 33 очко билан учинчи ўринни эгаллаб турган бўлсалар, тўртинчи ўриндаги «Насаф»да 32, бешинчи ўрин соҳиби «Бунёдкор»да эса 31 очко мавжуд. Бу ҳолат эса ҳали Чемпионлар Лигаси учун кураш қизғин кечишини англатади. Кўрамиз, биринчи даврани ажойиб тарзда ўтказган «Нефтчи» мавсумнинг иккинчи ярмида ҳам шундай ўйин намойиш этиб, барқарорликни сақлаб қола олармикан...
КИМ КЕТАДИ?
Олий лигада давом этаётган курашнинг яна бир қизғин жабҳаси жадвалнинг қуйи қисмида кузатилмоқда. Жорий мавсум аввалгиларидан анча фарқ қилади: илгари олий лигада 14та жамоа иштирок этгани ҳолда, иккиси қуйи лигага «шўнғиган» бўлса, бу йилдан эътиборан бир жамоа элита билан тўғридан-тўғри хайрлашади, аутсайдерларнинг яна бири биринчи лиганинг иккинчи клуби билан куч синашиши лозим. Бу эса ўз навбатида, олий лигадаги кескинликни янада ошириши турган гап.
Ҳозирча биринчи лигага тушишга «Бухоро» даъвогарлик қилиб турибди. Кўхна шаҳарликлар ҳисобида бор-йўғи 5 очко мавжуд. Аммо астойдил ҳаракат қилишса, уларда вазиятни ўнглаш учун имкон бор. Тўғри, орадаги фарқ анча катта - 15-ўриндаги «Сўғдиёна» ҳисобида 10 очко бор. Аммо бу ҳали ҳаммаси тугади дегани эмас, чунки бир йўла уч жамоа - «Динамо», «Қўқон-1912» ва «Андижон» 11 очко тўплашган, ушбу клублар биргина қоқилиш туфайли «Бухоро» билан жой алмашишлари эҳтимолдан холи эмас. Фақат бунинг учун бухороликлар астойдил курашишлари лозим.
Кўрамиз, «жўжани санайдиган» паллада олий лига жадвали қандай кўриниш оларкин. Бу ёғига ким эпчиллик қилса, улоқни ўша олиб кетади...
InterFUTBOL газетаси