«Бавария» клуби Мадриднинг «Реал» жамоаси вингер Майкл Олисега қизиқиш билдираётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди. Тахминларга кўра, «қаймоқранглилар» француз учун 150 миллион евро тўлашга тайёр. Мюнхенликлар аввалроқ ўз юлдузини бундай суммага сотмасликларини маълум қилишганди, энди эса клубнинг исми ошкор этилмаган раҳбарларидан бири бу борада янада кескин ва дадил фикр билдирди.
«У ҳатто 200 миллион еврога ҳам кетмайди. Олисе — бебаҳо; биз уни ҳатто 500 миллион еврога ҳам сотмаймиз. Очиғини айтсам, «Реал» 150 миллион еврога унинг ҳатто битта оёғини сотиб ололишига ҳам ишончим комил эмас», — деди мюнхенликлар грандининг аноним қолишни истаган вакили L'Equipe нашрига берган интервьюсида.
Якунланган мавсумда Майкл Олисе «Бавария» таркибида барча турнирларда 52 та учрашувда майдонга тушиб, 22 та гол ва 31 та голли узатмага муаллифлик қилди.













