Европада футбол мавсуми старт олишига жуда оз фурсат қолди. Бир ёқдан Англия Премер лигасиниинг шиддатли ўйинлари, бир ёқдан эса Ла лига ва А серианинг қизиқарли тўқнашувлари бизни кутиб турипти. Чемпионлар Лигаси эса алоҳида мавзу. Хуллас, ҳақиқий футбол байрами яқинлашмоқда.
Аммо “Sport” телеканали бу йили ҳам ўйинларни трансляция қилмайди шекилли. Ҳар холда ТВда бу ҳақида ҳали биронта рекламага кўзим тушмади. Шаҳарларда яшовчи юртдошларимиз рус каналлари орқали ёки бошқа йўл билан ўйинларни кўришлари мумкиндир. Аммо ҳамма ҳам бундай шароитга эга эмаску. Чемпионлар лигасининг ярим финали бўлаётган бир пайтда, не не илинж билан “Sport”га қўйсанг-у, қандайдир тоғ чанғиси берилаётган бўлса одамга жуда алам қиларкан. Ҳозир юртимиз ҳар қандай соҳада илгарилаб кетди. Таълим дейсизми, ишлаб чиқаришми ёки бошқа ҳар қандай соҳани олинг, барчаси замонавий суратда риволаниб боряпти. Аммо бизнинг “Sport” каналимиз ҳозирча бирон нарсаси билан мақтана олмайди. Тўғри, бокс, теннис, пойга... борингки спортнинг барча турларидан олиб кўрсатишади. Лекин Ўзбекистонда биринчи рақамли спорт тури бу – МИЛЛОНЛАР ЎЙИНИ! Берилаётган кўрсатувларнинг кўпчилиги эфир вақтини тўлдиришдан бошқа нарсага ярамайди. Космик кемаларимиз жамики коинотни кезиб юрган бир пайтда, биз ҳалиям еврофутболдан бебаҳра қолмоқдамиз.
Муаммо нимада?
ТВдан бирор расмий ҳодим ҳалигача муаммо ҳақида оғиз очмади. Нега трансляциялар бўлмаётганини биз ҳам билайлик. Агар сабаб фақат маблағга боғлиқ бўлса, буни тўғри тушунамиз. Бу замон талаби. ТВ ҳодимлари пайнет орқали тўланадиганга ўхшаш бирон нима ўйлаб топишсин. Ойига фалон пул тўлаб бўлса-да, футбол кўришга тайёр мухлислар жуда кўп топилса керак. Ҳар холда мен тоғ чанғисини ёки номиниям билмайдиганим қандайдир спорт турини бепул кўришдан кўра, пул тўлаб бўлса ҳам Англия чемпионатини, “Барселона”, “Манчестер Юнайтед”, “Ювентус” иштирокидаги ўйинларни кўришни афзал деб биламан.
Олий лиганиям тузук кўролмасак…
Балки Олий лига баҳслари ПФЛ томонидан бир неча маротабалаб ўзгартирилавериши ТВ дастурларида муаммо туғдириши мумкин. Энди ПФЛга бир нима деб бўлмайди. Бу ташкилотга не не журналистларнинг қалами таъсир ўтказа олмаган. Лекин ТВнинг профессионал вакиллари вилоятлардаги энг қизиқарли баҳсларга бориб, ўйинни, голларни, ҳавфли вазиятларни 5, 6 тарафдан чиройли қилиб тасвирга олишса бўлмайдими? Вилоятлардаги учрашувлар 2, 3 та камерада қўл учидагина тасвирга олиняпти. Тасвирга олишдаям олиш бор аҳир. Хавфли вазият-у голларга сал ижодий тарафлама ёндашиб қаралса, футболчи-ю мураббийларнинг эҳтирослари ҳам чиройли тарзда тасвирга олинса бўлмайдими? Давлат телеканалида шундай ижодкор ҳодимлар ва 5, 6 та камера топилиши қийин бўлмаса керак?! Ҳеч бўлмаса Тошкентдаги баҳсларни шундай тарзда олиб беришсин.
Ҳеч бўлмаса...
Россия чемпионати ҳам жуда қизиқарли кечади. Футбол ихлосмандларининг чанқоғини босиш мақсадида, ҳеч бўлмаса ушбу чемпионат ўйинларини мунтазам олиб бериш йўлга қўйилса яхши бўларди. Ватандошларимиз тўп сураётган "Локомотив", "Краснодар" каби жамоаларнинг учрашувларини миллий телеканал орқали кўриб бориш бошқача бўлса керак.
Тез орада барчаси жой жойига тушади ва “Sport” телеканали еврофутболни яна намойиш этишни бошлайди, деб умид қиламан.
Равшан Авазов. FCBMANCITY никли юзер