Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида бокс бўйича ўтказилаётган Осиё чемпионатида мамлакатимиз чарм қўлқоп усталари қитъанинг етакчи жамоаларидан бири эканликларини исботлашда давом этишмоқда.
Ярим финал жангларида энг кўп иштирокчига эга бўлган Ўзбекистон терма жамоаси 5 сентябрь куни ўтказиладиган финал жангларида ҳам энг кўп иштирокчи билан баҳс юритадиган бўлди.
Бугун бўлиб ўтган ярим финал жангларида рингга кўтарилган 8 нафар боксчимиздан 7 нафарини финалга чиққанлиги Ўзбекистон бокс мактаби йилдан-йилга ўз мавқеини юксалтириб бораётганлигидан далолат беради. Умид қиламизки, ўз олдиларига доимо юқори мақсадларни қўядиган Рустам Саидов бошчилигидаги терма жамоамиз аъзолари эртанги ўта мураккаб жангларда ҳам ғолибона юришни давом эттириб, муҳлислар ишончини қозонишда давом этаверадилар.
Демак, бугун бўлиб ўтган ярим финал жангларида Хасанбой Дўсматов (-49 кг), Шаҳобиддин Зоиров (-52 кг), Муроджон Аҳмадалиев (-56 кг), Фазлиддин Ғоипназаров (-64 кг), Бектемир Мелиқўзиев (-75 кг), Элшод Расулов (-81 кг) ва Рустам Тўлаганов (-91 кг) рақиблари устидан ғалаба қозониб, Осиё чемпионатининг олтин медаллари учун курашни давом эттирадиган бўлдилар.
Шундай қилиб 5 сентябрь куни 10 вазн тоифасида ўтказиладиган финал жангларнинг 7 тасида ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталари рингга кўтариладилар. Бундай кўрсаткични қитъа чемпионатида иштирок этаётган ҳеч бир терма жамоа қайд эта олмади. Биз эса боксчиларимизга ўта муросасиз рухда ўтиши кутилаётган эртанги ҳал қилувчи баҳсларда ҳам омад ва зафарлар тилаб қоламиз.