Эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси етакчиси, 2014 йилги Жаҳон чемпионати совриндори, XVII ёзги Осиё ўйинлари ғолиби, 2015 йили ўтказилган Осиё чемпионатининг олтин медаль соҳиби Бекзод Абдураҳмонов Лас-Вегасда ўтказиладиган жаҳон чемпионатига олиб борилган тайёргарлик хусусида қуйидагиларни сўзлаб берди:
“Албатта, мен иштирок этадиган -70 кг вазн тоифаси эндиликда Олимпия ўйинларида мусобақаларни ўтказилмаслиги ачинарли хол бўлсада, бу жиҳат ўз олдимизга қўйган вазифамизга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Ҳар доимгидек, юз фоиз мусобақага тайёрман ва медаллар учун кураш олиб бораман. Ахир жаҳон чемпионатининг нуфузини ҳеч ким бекор қилмаган-ку. Лас-Вегасга терма жамоанинг қолган аъзоларидан икки кун олдин келдим. Терма жамоа устози Александр Недорезов келгунига қадар акам Музаффар Абдураҳмонов билан тайёргарлик кўрдик. Биз жуда катта тайёргарлик босқичини ўтадик. Жумладан, Доғистонда жойлашган дунёнинг энг яхши эркин кураш мактаби вакиллари билан ҳамкорликда ўқув-машғулот йиғинларида қатнашдик. Бу албатта ўз мевасини беради. Бир сўз билан айтганда бизда юқори натижаларни қайд эта олишга қодир бўлган ажойиб терма жамоа мавжуд”, - деди Бекзод Абдураҳмонов.
Маълумот учун. Мазкур жаҳон чемпионатида эркин кураш бўйича мусобақалар 10-12 сентябрь кунларига белгиланган. Бекзод Абдураҳмонов иштирок этадиган -70 кг. вазн тоифасидаги беллашувлар 12 сентябрь куни ўтказилади