Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Ғалаба қозондик, лекин хулоса чиқаришга шошилмайлик

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2018|ОК-2019 иккинчи саралаш бос­қичи 3-тури доирасида Тошкентда аутсайдер - Яман термасини 1:0 ҳисобида енгди. Ягона гол ўйиннинг 51-дақиқасида Александр Гейнрих томонидан урилди. Иккинчи бўлим аввалида терма жамоанинг эндиликда собиқ сардорига айланган Сервер Жепаров ўрнига майдонга тушган Сашанинг стандарт вазиятдан киритган тўпи учрашув сўнггига қадар ягоналигича қолди. Ушбу ўйин Самвел Бабаян учун терма жамоа бошқарувидаги илк учрашув бўлди. Шунинг­дек, Александр Лобанов, Жавоҳир Соҳибов ва Элдор Шомуродов ҳам бош жамоамизда дебют қилдилар. Ҳа, вакилларимиз ғалаба қозондилар. Айни пайт муҳими ҳам шу. Лекин хулоса чиқаришга шошилмайлик. Чунки Яман термаси бизнинг жамоа даражасидаги рақиб эмас...

ЎЙИНДАН ОЛДИН

Учрашувга тайёргарлик Терма жамоалар марказига тегишли «Жар» стадионида «ёпиқ эшиклар» ортида олиб борилди. Мамлакат бош жамоа­сини қийин шароитда қабул қилиб олган Самвел Бабаян ўзидан аввал ишлаган мураббийлардан фарқ­ли равишда,  баъзи ишларни йўлга қўйди. Янгилик ва ўзгаришларни биринчи галда, жамоа машғулотида қўллади. Худди расмий ўйинлардан бир кун олдин бўлгани каби жараённинг дастлабки 15 дақиқасигина матбуот учун очиқ бўлди. Лекин журналистлар 1 сентябрь кунги машғулотни лоақал 5 дақиқа ҳам кузата олишмади. Ҳаттоки, ТЖМ мутасаддиларини ҳам машғулотга қўйишмади. Бундай ёндашувнинг боиси нималигини тўғриси тушунмадик...

Энди таркиб хусусида икки оғиз. Машғулотнинг сўнгги куни «Насаф» футболчилари - Фаррух Сайфиев, Шуҳрат Муҳаммадиев ва Шерзод Аъзамовга жавоб бериб юборилди. Аъзамов ва Сайфиев масаласида тортишга ҳожат йўқ. Лекин Муҳаммадиев бугунги кундаги ўйинлари билан терма жамоа лагерида қолишга ҳақли эди, чоғи.  Майли, бу масалани узоқ муҳокама қилмаймиз. Таркиб учун ҳам, натижа учун ҳам бош мураббий жавобгар. Унинг ишига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Олдинда Филиппин ва ундан ҳам кучли жамоаларга қарши ўйинлар кутиб турибди. Ишқилиб, Бабаяннинг қарорлари ўзини оқласин-да.

ЎЙИН    

3 сентябрь куни «Пахтакор» марказий стадионига 20 мингдан зиёд томошабин ташриф буюрди. Лекин расмий қайдномада 15 минг ёзилди. Ваҳоланки, 34 минг мухлисга мўлжалланган стадионнинг фақатгина бурчак ва дарвоза ортидаги секторлари бўш қолди. Ўйинга голлар шоу­сидан баҳра олиш илинжида келганлар бундай қувончни  атиги бир марта туйдилар. Ҳа, ҳужумлар сон-саноқсиз, аммо самарали якун йўқ.  Хуллас, Осиёнинг етакчи жамоалари аутсайдерларни голлар билан роса «сийлашган» турда биз камтаргина Яман дарвозасини бор-йўғи бир бора ишғол қилдик. Шу ўринда «Маҳаллада дув-дув гап» фильмидаги машҳур ибора ёдимизга тушиб кетди: «Ҳа, битта қўзи нима бўлади?» Лекин ҳозирча шу...

Самвел Вячеславлович бошлан­ғич таркибда 4-5-1 схемасидан фойдаланди. Ҳужумни хуш кўрадиган Элдор Шомуродов чап қанотда, олдинда эса айни кундаги энг ишонган ҳужумчимиз Игорь Сергеев ҳаракат қилди. Шу куни 4 нафар ҳимоячига таянилди, устига-устак, таянч зонасида Жавоҳир Соҳибов ҳам тўп сурди. Ислом Тўхтахўжаев эса ўнг қанот ҳимоясига қўйилди. Бу чизиқда ҳаракатланадиган бошқа ўйинчи бўлмаганида майли эди. Ўзи шу куни меҳмонлар Александр Лобанов дарвозасига деярли яқинлашишмади ҳам. Дейлик, Соҳибовнинг ўрнига ҳужумкор ярим ҳимоячи ёки ҳужумчи туширилганида, балки кўпроқ наф берармиди? Масалан, турли позиция­ларда ўйнай оладиган ва ўтган йили Эрон чемпиони бўлган Фозил Мусаев бор эди. Гапираверсак, саволлар ҳам, вариантлар ҳам кўп. Лекин яна ўша гап: таркиб ва натижага бош мураббий масъул.

Энди яна бир муҳим масала. «F» гуруҳидан Индонезиянинг чиқиб кетиши бироз чигал вазиятни юзага келтирди. Маълум бўлишича, гуруҳларда 2-ўринни банд этган жамоаларнинг очко ва голларини ҳисоблашда 5-поғонани банд этган рақиб билан ўйинлари натижаси олиб ташланади. Бизнинг гуруҳда катта эҳтимол билан Яман аутсайдер мақомидан қутулолмайди. Яъни бу жамоа билан ўйинда урилган голлар, қўлга киритилган очколар якунда ҳеч қандай аҳамият касб этмаслиги мумкин, агарда 2-ўринни эгалласак. Шундай экан, 1:0 нима-ю, 10:0 нима? Агарда чиндан ҳам, Яман термаси охиригача 5-поғонада қолса, у билан ўйинлар натижасини бекор қилинади-ку. Э, тўхтанг, биз ҳали 1-ўриндан умид узганимиз йўқ-ку. Ҳа, гуруҳ пешқадами КХДР термаси 3-тур ўйинида ҳам 3 очко олди. Корейслар бу сафар Манамада Баҳрайн термасини ягона гол эвазига мағлуб этишди. Шундай қилиб, КХДР 3та ўйиндан сўнг 100 фоизли натижани сақлаб турибди. Боз устига, унда тўплар нисбати ҳам ажо­йиб кўринишда - 10:0. Лекин асосий ўйинлар ҳали олдинда. Демак, бўлажак учрашувларни кутамиз. 

ФИЛИППИН БИЛАН ЎЙИН

Бугун миллий жамоамиз Филиппин термаси меҳмони бўлади. Эътиборлиси, Осиё Футбол Конфедерацияси 1954 йили айнан шу давлатда ташкил этилган. Мамлакат футболи худди бизники каби бир асрлик тарихга эга. 2010 йилги ЖЧ саралаш баҳсларида иштирок этишдан бош тортишган филиппинликлар энди олдинга катта ишонч билар қараяптилар. Жамоа таркибида маҳаллийлаштирилган хорижлик футболчилар жуда кўп: Стефан Палла, Мануэль Сантос Агуиналдо, Иян Рэмсей, Филип Янгхазбанд, Даисуке Сато, Кевин Ингресо, Патрик Рейчелт, Жерри Лучена... Лекин бу Филиппиндан чўчишимизга асос бўлмаслиги керак.

Дарвоқе, миллий жамоамиз техник директори лавозимида фаолият юритаётган Деян Журжевич бўлажак рақиб ўйинини кўриш учун Манила шаҳрига кетганди. Мальдив ороллари терма жамоасига қарши ўтказилган учрашувда бугунги рақибимиз 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Мезбонлар иккинчи бўлимда автогол эвазига ҳисобни очишди. Орадан кўп ўтмай, Жерри Лучена иккинчи голга муаллифлик қилди. Бугун Журжевич энди Қатар пойтахти Доха шаҳрида ўтказиладиган Яман - Баҳрайн ўйинини ҳам бевосита стадиондан кузатади. 

 

Ўйин статистикаси

 

   Ўзбекистон            яман

 

Кўрсаткичлар

 16          Зарба                   2

  9           Аниқ зарба            -

  8           Бурчак тўпи          -

  -           «Офсайд»             -

  7           Қоида бузиш         8

  2           Сариқ карточка     1

  -           Қизил карточка      1

80%       Тўпни назорат қилиш    20%

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:41, 08.09.2015.
Ўқилди: 4243 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.