Англия чемпионати иштирокчилари кўпроқ қайси ҳужумчилардан қўрқишади? Айнан шу масалага ойдинлик киритишни мақсад қилган касбдошларимиз тўпурар футболчиларнинг битта гол учун қанча вақт сарфлашларини ўрганиб чиқишди. Қуйидаги мақола орқали АПЛдаги мерганлар ўнлигини ҳукмингизга ҳавола этамиз.
10. Уэйн Руни («МЮ») 173 дақиқа
Ҳа, замонасининг энг яхши ўйинчиларидан бири, инглиз футболи ҳамда «МЮ»нинг бугунги кундаги етакчиси ўз натижаси билан 10-ўринни банд этди. Мавсум стартида нафақат «МЮ», балки Руни ҳам матбуот вакилларининг жиддий танқидига дуч келди. Ҳатто «қизил иблислар»нинг «Брюгге» устидан йирик ҳисобда (4:0) зафар қучишгани ҳам, Уэйннинг «хет-трик»ка эришиши ҳам уларга бўлган муносабатни ўзгартира олмади.
Аксига олиб, жорий мавсумнинг 2-тур доирасидаги «Астон Вилла»га қарши беллашувни «қизил иблислар» сардори жуда суст ўтказди - бутун бошли учрашувда Руни дарвоза томон зарба йўллай олмагани камлик қилгандек, рақиб жарима майдони ичида бор-йўғи бир мартагина тўпга тегиниш билан кифояланди. Наҳотки, Руни даври ортда қолган бўлса? Айрим мутахассисларнинг фикрича, ҳужумчини марказга ўтказиш билан Ван Гал жиддий хатога йўл қўймоқда. Ўзи учун ноодатий нуқтада футболчининг кўрсаткичлари умуман пасайиб кетди. Ҳар ҳолда, у каби моҳир мерган учун битта голга 173 дақиқа сарфлаш ярашмайди. Бироқ бу вақтинчалик омадсизлик эканига мураббий ҳам, ҳужумчининг ўзи ҳам шубҳа қилмаяпти. «Мен янада самаралироқ ўйнай олишимни сезиб турибман. Кейинги 3-5 йил фаолиятимдаги энг ёрқин давр бўлади, ўшанда сиз мени танимай қоласиз, ҳали», - дейди Руни.
9. Гленн Мюррей («Кристал Пэлас») 168 дақиқа
2011 йилда лондонликлар сафига қўшилган ҳужумчи унгача «Барроу», «Карлис Юнайтед», «Рочдейл» ва «Брайтон» каби қуйи лига жамоаларида тўп сурган. Мюррейнинг «ойнасозлар» таркибидаги дебюти омадсиз кечди, мавсумни бор-йўғи 6та гол билан якунлади. 2014 йилда уни «Рединг» ижарага олди. «Сургунлик» ҳужумчининг фаолиятига ижобий таъсир кўрсатди - ўтган мавсумни сермаҳсул ўтказган Гленн майдонда ўйнаган вақтларнинг голларга нисбати бўйича АПЛнинг етакчи тўпурарлари сафига кўтарилди. Ҳозирда 31 ёшли ҳужумчи «Пэлас»ни «Шаффилд»га алмаштириш устида бош қотирмоқда. Чемпионшип вакили фахрий футболчи учун 3 млн. фунт таклиф қилмоқда. Мазкур келишув ҳар икки томон учун манфаатли бўлиши мумкин.
8. Дуайт Гейл («Кристалл Пэлас») 164 дақиқа
Бир пайтлари дурадгорлик билан шуғулланиб, базўр тирикчилик ўтказган Гейл ҳозирда Англия чемпионатининг олий дивизионида тўп сурмоқда. Топиш-тутиши ҳам шунга яраша. Тўрт йиллик муддат давомида қуйи лигаларда тўп суриб, тажриба тўплаган футболчини 2013 йили «Кристалл Пэлас» ўз таркибига қўшиб олди. 6,5 млн. фунт эвазига харид қилинган ҳужумчи 16-рақам остида мухлислар меҳрини қозонди. Мана 2 йилдирки, Дуайт «ойнасозлар» жамоасининг энг яхши тўпурари бўлиб турибди. 2013|2014 йиллар мавсумида 8та, кейингисида эса атиги 19 марта майдонга тушган ҳужумчи 10та гол муаллифига айланди. 2014 йилнинг 5 май оқшомида Гейл «Ливерпуль» дарвозасига 2та тўп киритиб, «мерсисайдликлар»нинг шоҳсупага кўтарилиш имкониятини йўққа чиқарди.
7. Вильфрид Бони («Манчестер Сити») 153 дақиқа
Ивуарлик тўпурар «Суонси» таркибида юксак маҳсулдорликни қайд этиб, 70та учрашувда 34та гол урди. 2015 йилнинг январида «шаҳарликлар» у билан 4,5 йиллик шартномага имзо чекиб, 25 млн. фунт эвазига сотиб олишди. Африка Миллатлар кубоги турниридан кейин жамоа сафига қўшилган футболчи «Манчестер Сити» услубига тезда мослашиб олди. Ҳозирга қадар янги жамоаси таркибида 13 марта майдонга тушиб, 2та гол урди.
6. Лоик Реми («Челси») 153 дақиқа
Франциялик ҳужумчи ўтган йилнинг ёзида «кўклар» таркибига қўшилганди. 10,5 млн. фунтга сотиб олинган Реми 2014 йилнинг сентябрида ўз дебютини нишонлади. «Суонси»га қарши ўйинда захирадан майдонга тушган форвард ўзининг «Челси»даги илк голини ҳам нишонлашга эришди. Умуман, мавсумнинг 29 учрашувида 9та гол урди. Якунда «кўклар» билан чемпионликни тантана қилди. Бу йил Ремига «Лион» каби бир қатор француз клублари қизиқиш билдирган бўлсаларда, ҳужумчи Лондонда қолишни афзал билди. Ҳозирча у Бони билан бир хил кўрсаткичга эга.
5. Гарри Кейн («Тоттенхэм») 141 дақиқа
Ёш иқтидор соҳиби ўтган мавсумни ўта сермаҳсул (51та ўйинда 31та гол) ўтказиб, кўплаб грандлар эътиборини ўзига тортди. Жумладан, «МЮ»га ҳам ортиқчалик қилмасди. Ўз олдига юксак мақсадларни қўйган ва ЕЧЛда қатнашадиган жамоадаги босим Гаррининг фаолиятига салбий таъсир этиши ҳам ҳеч гап эмасди. Хуллас, у «шпорлар» сафида қолди. Ҳар қандай жамоада дадил тўп суриш учун Кейндан маҳоратини ошириш, улғайиш талаб этиларди. Шундай бўлсада, рейтингнинг қоқ ўртасидан ўрин олиши ёш ҳужумчи учун ажойиб натижа.
4. Даниэль Старриж («Ливерпуль») 140 дақиқа
Англия терма жамоасининг 25 ёшли ҳужумчиси учун мавсум анча мураккаб кечди. Кетма-кет олинган жароҳатлар уни май ойида жарроҳлик столига ётишга мажбур этди. Даниэль ҳозирда тезроқ майдонга қайтиш илинжида ҳаракат қилмоқда. Моҳир тўпурарнинг ноябрь ойида машғулотларга киришиши тахмин қилинмоқда.
Старриж 2013|2014 йиллар мавсумини сермаҳсул ўтказиб, 33 учрашувда 24та голга муаллифлик қилган. Дарҳақиқат, бу ҳужумчи ҳозирда АПЛ вакиллари орасида энг хавфли мерганга айланди. Аммо Старриж омад борасида мақтанолмайди.
3. Хавьер Эрнандес («МЮ») 130 дақиқа
Шундай моҳир ҳужумчи Манчестерда қадр-қиммат тополмади. Аниқроғи, ўзи истаганча ҳурматга лойиқ кўрилмади. Шунга қарамай, кўпинча захира ўриндиғини безайдиган ҳужумчи юксак самарадорликни қайд этди. Хабарингиз бор, Англияда қадрланмаган Чичаритони «Реал» бир йилга ижарага олганди. «Қироллик клуби»да ҳужумчи 9та гол (33та ўйин) уришга улгурди. Энди у «Байер» шарафини ҳимоя қилади.
2. Диего Коста («Челси») 113 дақиқа
Бразилиялик испан ҳужумчиси ҳозирда АПЛнинг энг хавфли тўпурарларидан бири. Туманли ўлкадаги дебют мавсумида самарадорлик (37та ўйин, 21та гол)ни қайд этган Диего энг яхши тўпурар унвонига жиддий даъвогарлик қилди. Таътил пайти ҳужумчининг «Атлетико»га қайтиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бироқ Коста Лондондаги барча шароитлар уни қониқтираётгани, Моуриньо устозлигида тўп сураётганидан мамнун эканлигини таъкидлади. Боз устига, «Челси»нинг олдида чемпионлик унвонини ҳимоя қилиш ва ЕЧЛда муваффақиятли иштирок этишдек масъулиятли вазифа турибди. Тўғри, янги мавсум «кўклар» учун ҳам, Коста учун ҳам ўта омадсиз бошланди. Лекин курашлар ҳали олдинда.
1. Серхио Агуэро («Манчестер Сити») 110 дақиқа
Аргентиналик ҳужумчи ҳар қандай рақиб ҳимоя чизиғини даҳшатга сола олади. Ўтган мавсумни АПЛнинг энг яхши тўпурари (26та гол) мақомида якунлаган Агуэро жорий мавсумни янги - «10»-рақам остида бошлади. Серхио «Индепендьенте»даги фаолиятини айнан шу рақамда бошлаган, «Атлетико»да ҳам унга содиқ қолганди. Британиядаги букмекерлик идоралари янги мавсумнинг энг яхши тўпурарлари баҳсида Агуэрони фаворит сифатида эътироф этишмоқда. Бизнинг рейтингда эса у биринчи ўриннинг ҳақли соҳиби. Умид қиламизки, аргентиналик ҳужумчи 110 дақиқалик вақтни янада қисқартиришга қодир.