Жорий йилнинг энг катта янгилиги - «UZREPORT TV» телеканали томонидан Европа Чемпионлар Лигаси ўйинларини трансляция қилиш ҳуқуқини қўлга киритилгани ҳақидаги хабар бўлса керак. Шу муносабат билан 8 сентябрь санасида телеканал томонидан матбуот анжумани ташкил этилди. Тадбир пойтахтимиздаги муҳташам «Тошкент» бизнес-марказида бўлиб ўтгани ва унда мезбонлардан ташқари SARAN Media, Team Marketing ва EVO каби жиддий компаниялар вакилларининг иштирок этишганидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, «UZREPORT TV»нинг нияти жиддий эканини кўриб олиш мумкин. Анжуман давомида бу фикр яна бир бор ўз тасдиғини топди. «UZREPORT TV» шу куни ЕЧЛ ўйинларидан ташқари ҳам бир қатор «сюрпризлар»ни тайёрлаб турган экан.
Матбуот анжуманида мезбонлардан «UZREPORT TV» бош директори Равшан Жўраев ва модератор Жасурбек Ғайбуллаевлар иштирок этдилар. Меҳмонлардан эса SARAN Media вакиллари Мирлали Еврен, Эмре Гунбай ҳамда Меерим Чотбаева, УЕФА таркибига кирувчи футбол клубларнинг эксклюзив тижорат агенти ҳисобланадиган Team Marketing компанияси мутасаддиси Михаилс Старобудовс ва EVO компанияси бош директори Ким Жонг Сам қатнашдилар.
Анжуман «UZREPORT TV» вакили Жасурбек Ғайбуллаев томонидан очиб берилди.
- Ассалом алайкум. Барчага ташриф учун миннатдорчилик билдирамиз. Хабарингиз бор, жорий йилнинг 25 августида «UZREPORT TV» ЕЧЛ ўйинлари трансляцияси ҳуқуқини сотиб олган эди. Ушбу ҳуқуқ доирасига учрашувлар билан боғлиқ янгиликлар ва кундаликлар намойиши ҳам киритилган. Бу янгилик маълум бўлгач, бизга кўплаб саволлар билан мурожаатлар бошланди. Ушбу саволларга жавоб бериш мақсадида матбуот анжумани ташкил этилди.
РОЛИК - НИМА У?
Тадбирнинг савол-жавоб қисмига ўтиш олдидан журналистлар эътиборига 2та ролик намойиш этилди - бири ЕЧЛ мусобақасига бағишланган, иккинчиси эса SARAN Media фаолиятини очиб берарди. Таъкидлаш жоизки, ушбу роликлар нозик дид ва юқори профессионаллик билан тайёрланган бўлиб, анжуманлар залидаёқ ЕЧЛ нафасини ҳис қилиш мумкин эди.
Қани эди, бизнинг тележурналистлар ҳам шундай ролик тайёрласалар. Ахир қачонгача стандарт гап-сўзлар ва лавҳалар билан ўралашиб юрамиз?
МЕҲМОНЛАР
Шундан сўнг навбат меҳмонларга берилди. Кириш сўзи эса Team Marketing ходими Михаилс Старобудовс томонидан айтилди. Таъкидлаш жоизки, Стародубовс йиғилганларга аввало ўзбек тилида мурожаат қилди ва сўнгра узр сўраб, сўзини инглиз тилида давом эттирди.
Михаилс СТАРОБУДОВС: «Хурматли дўстлар, меҳмондўст ўзбек халқи. Илиқ муносабат ва бизга кўрсатилган меҳр учун катта раҳмат. Мен бу сўзларни сизга ўзбек тилида айтишни жуда истадим. Насиб қилса, узоқ муддатли ҳамкорлик давомида ўзбек тилини яхшироқ ўрганиб олишга ҳаракат қиламан. Ваъда бераман. Энди рухсатингиз билан сўзимни инглиз тилида давом эттирсам.
Бугун Ўзбекистон ва Чемпионлар Лигаси учун буюк кун бўлиб қолади. Сабаби энди ўзбекистонлик мухлислар ва мусобақа яхлит ҳамда бирдам кўриниш олмоқда. Чемпионлар Лигасида мудом энг яхши футбол намойиш этилади ва у ёшлар учун ажойиб ўрнак бўла олади. Шу ўринда SARAN Mediaга миннатдорчилик билдирмоқчиман, чунки бу компания бизни «UZREPORT TV» билан таништирди. Бу йигитлар ҳар доим футбол билан яшайдилар. Ҳамкорлигимиз узоқ йиллар давом этишига тилакдошман».
Эмре ГУНБАЙ, SARAN Media: «Ассалом алайкум. Аввало ҳаммага раҳмат айтишни истайман. SARAN Media ходимлари Тошкентда бўлиб туришганидан беҳад мамнунлар. Биз «UZREPORT TV» билан самарали ҳамкорлик қилишдан хурсандмиз. Бир ҳафтадан сўнг барча нигоҳлар Чемпионлар Лигасига қаратилади. Насиб қилса, бу байрам давомида барчамиз бирга бўламиз.»
Меерим ЧОТБАЕВА, SARAN Media: «UZREPORT TV» бизни Тошкентга таклиф қилганидан мамнунмиз. Ўзбекистондаги мухлислар Европа Чемпионлар Лигаси ўйинларини томоша қилиш имкониятига эга бўладилар. Бу трансляция минтақадаги илк қалдирғоч бўлиб қолади. Яна шуни чуқур мамнуният билан маълум қиламизки - яқин вақтлар ичида «UZREPORT TV»да Англия премьер-лигаси учрашувларини ҳам томоша қиласиз. Аммо бу ҳам ҳали ҳаммаси эмас. «UZREPORT TV» шунингдек, 2016 йилда бўлиб ўтадиган Европа чемпионати ўйинлари борасида ҳам келишувга эришди ва бу билан барчани муборакбод этамиз».
Ким ЁНГ САН: «Меҳмондўст ўзбек халқига чуқур ҳурмат ва эҳтиромимни билдириб ўтмоқчиман. Ўзбек халқи футболни жуда яхши кўради. Очиғини айтсам, шахсан ўзим ЕЧЛнинг ашаддий мухлисиман. «UZREPORT TV» ушбу мусобақани Ўзбекистонда намойиш этишни бошлайди ва бу ажойиб иш. Ушбу воқеага бевосита алоқам борлигидан мамнунман. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозим, биз ўзбек футболига ҳам ўз ҳиссамизни қўшмоқдамиз. EVO компанияси «Қўқон-1912» клубига ҳам ҳомийлик қилади».
САВОЛЛАР ВА ЖАВОБЛАР
Меҳмонлар самимий тилак ва фикр-мулоҳазаларини билдириб бўлишгач, сўз навбати «UZREPORT TV» раҳбари Равшан Жўраевга берилди ва тадбирнинг савол-жавоб қисми бошланди.
- Ҳурматли касбдошлар, футболни қўллаш учун келганингиздан мамнунмиз. Шу ўринда айтишим лозим, телеканалимизда спорт бўлимини кенгайтирмоқдамиз ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилмоқчимиз. Марҳамат, телеканалимиз орқали Европа Чемпионлар Лигаси ўйинларини томоша қилишингиз мумкин. Энди эътиборимизни саволларга қаратсак.
- Футбол - «миллионлар ўйини», аммо сўнгги вақтларда у «миллиардерлар ўйини»га айланиб қолаётгандек. Сиз кўзлаган катта ҳажмдаги иш бошқа телеканалларда амалга оширилмаган эди. Келажак ҳақида қандай фикр билдира оласиз?
Равшан ЖЎРАЕВ: «Футбол бой ё камбағални танламайди, у энг аввало ҳамма учундир. Биз ЕЧЛ трансляцияси учун қаттиқ меҳнат қилдик ва халқаро тендерларда иштирок этиб, ғолиб чиқиб, уни сотиб олдик. Бунга сабаб эса энг аввало соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш. Бу борада бизга ёрдам бераётган ҳомийларимиз бор. Масалан ЭВО компанияси... қолган ҳамкорларимиз билан эса 15 сентябрдан бошланадиган трансляциялар вақтида танишиб оласиз».
- Трансляция учун қанча маблағ сарфланди ва нечта ўйинни олиб берасиз? Шунингдек,учрашувлар шарҳи ким томонидан олиб борилишига ҳам ойдинлик киритсангиз...
Равшан ЖЎРАЕВ: «Трансляция нархи ҳақидаги саволга жавоб бера олмайман, чунки бу тижорий сир. Учрашувларга келсак, яхши биласиз, бир вақтнинг ўзида 8та ўйин бошланади ва биз энг яхшиларини намойиш этамиз. Шунингдек, муҳим аҳамиятга молик қолган учрашувлар ҳам такроран олиб кўрсатилади. Шарҳловчининг номини эса ҳозирча айта олмайман. Ҳали қилинадиган ишлар кўп. Бу борада катта талаб қўймай туришингизни сўрайман. Биз илк қадамларни ташламоқдамиз. Бошланишига шарҳ рус тилида бўлади. Аммо бир-икки ойларда икки тилда шарҳ олиб борилади».
- «Спорт» телеканали томонидан ЖЧ ўйинлари трансляция қилинганда, кафе ва барларда катта экранда намойиш қилиш учун телеканалга пул тўлаш лозим бўлар эди. Бу борада «UZREPORT TV» қандай йўл тутади? Юқорида Англия премьер-лигаси баҳслари олиб берилиши айтилди. Англия чемпионатини қачондан бошлаб кўришимиз мумкин?
Равшан ЖЎРАЕВ: «Англия премьер-лигаси трансляцияси ноябрь ойида бошланади ва мавсум охирига қадар 155та ўйинни тўғридан-тўғри олиб бериш ҳуқуқига эгамиз. Кафе ва барлардаги катта экранларда учрашувлар намойишига келсак, бу борада ҳеч қандай чеклов йўқ. Мухлисларимиз спорт барларида бемалол ўйинларни томоша қилаверишлари мумкин. Биз бунинг учун кафе ва барлардан нимадир ундириш ниятида эмасмиз».
- Илгари Ўзбекистон ҳудудида ноқонуний тарзда трансляциялар намойиши бўлиб турган. Бу борада қандай чора кўрмоқчисиз? Бундан кейин ҳам шунга йўл қўйиладими?
Михаилс СТАРОБУДОВС: «Илгари нима бўлган бўлса, бўлиб ўтди. Биз буни қоралаймиз албатта, аммо бўлар иш бўлди. Биз бундан буён ўша ишлар қайтарилмаслиги учун чора кўрамиз. Яхши томони шундаки - энди Ўзбекистонда трансляциялар қонуний тарзда олиб берилади. Бу борада «UZREPORT TV»нинг барча ҳуқуқлари ҳимояланган.»
Мериим ЧОТБАЕВА: «UZ»-REPORT TV Ўзбекистон тарихида илк марта лицензион тарзда ЕЧЛ, АПЛ ва Евро-2016 баҳсларини трансляция қилишга ҳозирланмоқда. Биз бу ҳуқуқни бор кучимиз билан ҳимоя қиламиз. Бу ишни қандай амалга оширишимиз мумкин? Фақат қонуний йўл билан».
- Боя намойиш этилган роликда яқин келажакда 15 миллион мухлисимиз бўлади, дейилди. Қачон вилоятларга чиқишни режалаштиргансиз?
Равшан ЖЎРАЕВ: «Вилоятларда бизни IP телевидение ва кабель тармоғи орқали кўриш имконияти бор. Шунингдек, интернетда ҳам «UZREPORT TV» намойиш этилади. Албатта бу етарли эмас. Биз ишламоқдамиз ва яқин вақтлар ичида бу борада баёнот билан чиқамиз. Биз футбол ишқибозларига қулайлик яратиш мақсадида иш олиб бормоқдамиз. Улар бизни ўз уйларида бамайлихотир ўтириб, томоша қиладилар, албатта».
- Биз шунга ўрганиб қолганмизки, ўзбекистонлик шарҳловчилар хориждаги ўйинларни Тошкентда туриб шарҳлайдилар. Қачон ўзбек шарҳловчилари ҳам сафарга чиқадилар?
Меерим ЧОТБАЕВА: «Трансляция бўйича музоқара кетаётган вақтда «UZREPORT TV» бизнинг олдимизга шундай талаб ҳам қўйган. Биз барча кучни жамлаган ҳолда бу ишни амалга оширишда ёрдам берамиз ва умид қиламизки, жорий мавсумнинг ўзидаёқ «UZREPORT TV» журналисти албатта учрашувларни бевосита стадионда туриб шарҳлайди».
Равшан ЖЎРАЕВ: «УЕФА бизнинг расмий ҳамкоримиз ва «UZREPORT TV» журналистлари тегишли тарзда аккредитациядан ўтганлар. Шундай экан, бу борада ҳам янгилик бўлиб қолиши керак.»
Михаилс СТАРОДУБОВС: «Биз ҳам «UZREPORT TV» журналистларини стадионларда кутамиз. Ўзбек мухлисини Чемпионлар Лигасига батамом яқинлаштириш учун қўлимиздан келган барча ишни амалга оширамиз. Бундай янгиликлар ҳали кўп бўлади, деб ўйлайман.»