Кириш Регистрация
26/01 00:45 Рома 1-1 Милан
26/01 01:00 Алавес 2-1 Бетис
27/01 00:45 Верона 1-3 Удинезе
27/01 01:00 Жирона 1-1 Хетафе
27/01 01:00 Эвертон 1-1 Лидс

Кутиб олинг, келажак посбонлари

Баҳо:
+ | -

Вақт ўтгани сайин Жанлуижи Буффон, Петр Чех, Икер Касильяс каби маҳоратли дарвозабонлар фаолиятларини якунлаб, ўзларига бошқа касб қидиришлари табиий. Хўш, келажакда уларнинг  ўрнини эгаллашга муносиб номзодлар борми? Қуйида номи санаб ўтиладиган ёш киперлар орасидан шундайлар чиқиши мумкин. Ўз навбатида, уч йил аввал мазкур рейтингда иштирок этган дарвозабонларнинг тақдири қандай кечганига ҳам тўхталамиз.

Валентен Белон

Мамлакати: Франция

Клуби: «Ланс»

Туғилган санаси: 1995 йил 5 июль

Бўйи: 180 см.

Белон Франция лигасидаги дебютини ўтган йил кузида жамоадоши Руди Риу жароҳат олганидан сўнг нишонлаганди. Дастлабки қадам омадли ташланди: ёш кипер дарвозасидан гол ўтказиб юбормади. Белон асосан оёқ билан яхши ўйнай олади, бироқ баъзан ҳаводан келган тўпларни ўтказиб юборади.

№10 (уч йил аввал): Мэттью Райан - Австралиянинг «Сентрал Кост Маринерс» жамоасидан «Брюгге»га ўтди. Бельгияда икки мавсум муваффақиятли ўйин кўрсатгач, шу ёзда «Валенсия» билан 6 йиллик шартномага имзо чекди.

 

Аугусто Баталья

Мамлакати: Аргентина

Клуби: «Ривер Плейт»

Туғилган санаси: 1996 йил 30 апрель

Бўйи: 186 см.

Икки йил аввал Баталья Аргентина ёшлар терма жамоаси билан Америка кубоги турнирида зафар қучди. Кейин­чалик ўсмирлар терма жамоаси (U-17)да сардорлик боғичини тақиб, мураббийлар ишончини оқлади.

Яқинда «Ривер Плейт» президенти Родольфо Д`Онофрио келаси мавсум Батальянинг «Реал» (Мадрид) клубига ўтиши ҳақидаги хабарни расман тасдиқлади

№ 9 (уч йил аввал): Омер Кахважи - ҳозир ҳам Туркия лигасининг иккинчи дивизиони вакили «Бужаспор»да фаолият олиб бормоқда.

       

Рубен Бланко

Мамлакати: Испания

Клуби: «Сельта»

Туғилган санаси: 1995 йил 25 июль

Бўйи: 188 см.

Бланко Мос шаҳрида туғилиб, ёшлигида «Сельта»нинг турли ёш жамоалари дарвозасини қўриқлади. Рубен ла-лигадаги илк дебютини клуб дарвозабони Хави Варас жароҳат олганидан кейин нишонлади. Бланко 2012|2013 йиллар мавсумининг охирги қисмида 2та ўйинда майдонга тушди ва дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолишга эришди.

№ 8 (уч йил аввал): Марко Меэритс - «Витесс»нинг асосий таркибига кира олмай, фаолиятини Голландия 1-лигаси иштирокчиси - «Эммен» клубида давом эттиряпти.

 

Антон Митрюшкин

Мамлакати: Россия

Клуби: «Спартак»

Туғилган санаси: 1996 йил 8 февраль

Бўйи: 186 см.

Таниқли мураббий Хомуха тузган терма жамоа сардори ҳозирги вақтда европалик тенгқурлари орасида энг кучли киперлардан бири саналади. Антон 14 ёшида «Спартак» академиясида шуғулланди ва ўтган мавсум Карпин бошқараётган клубнинг асосий таркибида дебютини ўтказди. Евро (U-17) турнирида Митрюшкин жамоаси 5та ўйиннинг 4тасида ғалаба қозонди. Мазкур учрашувларда Антон дарвозаси дахлсизлигини таъминлай олди ва финал баҳсидаги  учта пенальтини бартараф этди.

№ 7 (уч йил аввал): Ян Облак - 4та клубда ижарада ўйнаб қайтгач, «Бенфика»нинг асосий дарвозабонига айланди. Португалия клуби билан Европа Лигаси финалига қадар етиб борди ҳамда мамлакатда мавсумнинг энг яхши дарвозабони сифатида тан олинди. Орадан бир йил ўтгач, 13 млн. евро эвазига «Атлетико» сафига бориб қўшилди.

 

Тимон Велленройтер

Мамлакати: Германия

Клуби: «Мальорка»

Туғилган санаси: 1995 йил 3 декабрь

Бўйи: 186 см.

«Карлсруэ» клуби президенти Инго Велленройтернинг фарзанди Тимон айнан шу жамоа дарвозасини уч мавсум қўриқлади. 18 ёшга тўлгач эса «Шальке» захира ўриндиғида кўриниш берди. Қизиғи, февралда бўлиб ўтган «Шальке» ва «Бавария» клублари ўртасидаги учрашувда гельзенкирхенликлар дарвозабони жароҳат олгач, унинг ўрнини айнан Велленройтер эгаллади. Бир ҳафтадан сўнг ЕЧЛ баҳсида «Реал» билан бўлиб ўтган учрашувда асосий таркиб дарвозабони сифатида майдонга тушди. Тимон жиддий рақиблар қаршисида қўпол хатоларга йўл қўймади, учрашувни сифатли ва юқори даражада ўтказа олди.

Велленройтернинг ўйин услуби Но­йерникига ўхшаб кетади. Асосан иккинчи қаватдаги тўпларни илиб олиб, рақиб ҳужумларини йўққа чиқаришда устаси фаранг.

№ 6 (уч йил аввал): Стефанос Капино - «Майнц»да бир мавсум ўйнагач, Грецияга қайтди. Эътиборлиси, ўзи ўсиб-улғайган жамоа «Панатинаикос»га эмас, балки унинг азалий рақиби «Олимпиакос» сафига қўшилди.

 

Пьерлуижи Голлини

Мамлакати: Италия

Клуби: «Верона»

Туғилган санаси: 1995 йил 18 март

Бўйи: 188 см.

«Фиорентина» тарбияланувчиси 16 ёшида «Манчестер Юнайтед» академиясига ўтди, ҳатто клубнинг асосий таркиби билан ҳам шуғулланишга улгурди. Бироқ орадан уч йил ўтиб Италияни соғинган посбон «Верона» дарвозабонига айланди. Голлинининг кучли томони - асосан оёғида яхши ўйнайди ва баланд сакрай олади. Шунингдек, Пьерлуижи Италия ёшлар терма жамоасини сардор сифатида майдонга бошлаб чиқади.

№ 5 (уч йил аввал): Максим Коваль - Украина терма жамоасида бир марта кўриниш берди. «Динамо» Киевнинг асосий таркибида ҳозирча унга жой топилмаяпти чоғи, «Говерла»да ижара асосида тўп суряпти.

 

Бартоломей Дронговски

Мамлакати: Польша

Клуби: «Ягеллония»

Туғилган санаси: 1997 йил 19 август

Бўйи: 191 см.

Бир йил аввал «Ягеллония» кетма-кет икки марта 0:3 ҳисобида енгилди ва жамоа дарвозабони Якуб Словик қизил карточкага лойиқ кўрилди. Натижада мураббий келаси ўйинларда Польша ёшлар термаси дарвозабони Бартоломей Дронговскини майдонга туширишга мажбур бўлди. Дронговски дебют ўйинидан 4 кун аввал 17 ёшни қаршилаганди.

«Ягеллония» ўзининг янги дарвозабони билан 7та ўйинда мағлубият нималигини билмади. Бартоломей шунча ўйин­да дарвозасидан атиги 2тагина гол ўтказиб юборди, холос.

№ 4 (уч йил аввал): Бернд Лено - бундеслиганинг энг яхши дарвозабонларидан бири.

 

Симоне Скуффет

Мамлакати: Италия

Клуби: «Комо»

Туғилган санаси: 1996 йил 31 май

Бўйи: 186 см.

17 ёшли футболчилар ўртасида ўтказилган Евро-2013 турнири финалида Скуффет ишончни оқламади. Лекин катта футболдаги дебютини ишончли тарзда ўтказди. Якунланган мавсум ўрталарида мактаб ўқувчиси бўлган Симоне «Удинезе» асосий таркибида ҳам кўриниш берди. Скуффет ўтган мавсум «Удинезе»га янги дарвозабон Карнезис келгандан сўнг яна захира ўриндиғига қайтди. Шу сабабдан жорий мавсумни «Комо»да ижара асосида ўтказяпти.

№3 (уч йил аввал): Никола Леали - «Ювентус»га келиб қўшилди. Кейинги 4 йилни кичикроқ клубларда ўтказди. Жорий мавсумдаги фаолиятини эса «Фрозиноне» жамоасида бошлади.

 

Предраг Райкович

Мамлакати: Сербия

Клуби: «Црвена Звезда»

Туғилган санаси: 1995 йил 31 октябрь

Бўйи: 191 см.

Предраг 17 ёшида Европа чемпионати (U-19)да, бир неча ой олдинроқ 20 ёшли ўсмирлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида ғолиб чиқди ва турнирнинг энг яхши дарвозабони сифатида эътироф этилди. Райкович мураккаб вазиятларда пенальтини қайтариш бобида етарли маҳоратга эга. Предраг ортда қолган мавсумда 7та ўйинда иштирок этиб, дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолишга эришди.

Синиша Михайлович ёш посбонни икки йил аввал Сербия терма жамоасига жалб этди. Эндиликда уни «Милан» клуби дарвозасида ҳам кўрсак, ажабмас.

№ 2 (уч йил аввал): Тибо Куртуа - икки йил кетма-кет Испания примеросининг энг яхши дарвозабони сифатида тан олинди. «Атлетико» билан мамлакат чемпиони номига сазовор бўлди, орадан бир йил ўтгач, яна Англияга қайтди.

 

Муэз Ассен

Мамлакати: Франция

Клуби: Ницца

Туғилган санаси: 1995 йил 5 март

Бўйи: 184 см.

Майда «Сент-Этьен»дан учралган шармандали 0:5 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг «Ницца»нинг кейинги маш­ғулотида ғалати ҳолат кузатилди. Мағлубиятдан ғазабланган мухлислар клуб мураббийи Клод Пюэлга бирданига ташланиб қолишди.

Футболчилардан фақатгина Муэз Ассен мураббий тарафини олди, лекин якунда у ҳам мухлисларнинг тан­қиди остида қолди. Франция ёшлар терма жамоаси дарвозабони ортда қолган чемпионатда 30та ўйиннинг (Давид Оспина «Арсенал»га ўтгач жамоанинг асосий дарвозабонлиги Ассенга ишониб топширилди) 8тасида дарвозасидан гол ўтказиб юбормади.

Ассен аслида тунисликлар оиласида дунёга келган бўлиб, 16 ёшидан бери Франция ёшлар термаси дарвозасини қўриқлаб келади.

№1 (уч йил аввал): Марк-Андре тер Штеген Гладбахдан «Барселона»га ўтиб, каталонияликлар билан бир йилда ютиш мумкин бўлган барча совринларни қўлга киритди.

Акмалхон ЭШОХОНОВ тайёрлади.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 17:02, 14.09.2015.
Ўқилди: 3312 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.