Кириш Регистрация
26/01 00:45 Рома 1-1 Милан
26/01 01:00 Алавес 2-1 Бетис
27/01 00:45 Верона 1-3 Удинезе
27/01 01:00 Жирона 1-1 Хетафе
27/01 01:00 Эвертон 1-1 Лидс

Қадрдон маконга қайтиш ёхуд Алейш Видаль ҳақида

Баҳо:
+ | -

Каталония футболи ҳақли муваффақиятдан роҳатланаётган, янги харидлар тўғрисида бош қотираётган, Хавини Қатарга кузатаётган ва ёзнинг энг муҳим воқеаси - президентлик сайловларига ҳозирлик кўраётган бир пайтда «Барселона» Алейш Видални харид қилди. Буни бемалол кутилмаган трансферлар сирасига киритиш мумкин. Ўз навбатида, янги ўйинчиларни рўйхатдан ўтказишнинг тақиқланиши на клуб ва на футболчини хавотирга солди. Ярим йиллик ўйин амалиётисиз қолиш хавфи Видални чўчитмади. Салкам 14 йил олдин ташлаб кетилган қадрдон маконга қайтиш учун ҳар нарсага тайёр эди.

1-БОБ. МУҚАДДИМА

Видаль ҳикояси 1989 йилнинг 25 августида Барселонадан 19 км. узоқда жойлашган Вальс шаҳрида бошланди. Унинг ўсмирлик даври 90-йиллар бошларига - Йохан Кройффнинг «орзулар жамоаси» гуркираган пайтга тўғри келди. Каталонияликлар ўз тарихларида илк бор Чемпионлар Кубогини қўлга киритишда ва бу муваффақият Барселонада катта байрам сифатида нишонланди. Ўшанда Алейш жуда ёш бўлса-да, воқеаларнинг бундай ривожи унинг дунёқарашини ўзгартирмай қўймасди. Айнан ўша вақтда Видалда янги орзу туғилди - футболчи бўлиш, ўз исмини Каталония футболи тарихига битиш. Унга ҳам худди Лаудруп, Стоичков, Гвардиола, Куман ва бош­қа кўплаб футбол афсунгарлари сингари олқишлар насиб этсин...

Бу орзуга энди ҳеч нарса тўсқинлик қилолмасди - Капеллонинг умидларни саробга айлантириши ҳам,1994 йилдаги компания ҳам.

2-БОБ. КАТАЛОНИЯНИНГ БЎЙСУНДИРИЛИШИ

Орадан 7 йил ўтди.12 ёшли Видаль «Барселона»нинг ёшлар академиясига ўқишга кирди. Алейш 14 ёшлилардан таркиб топган маҳаллий жамоада ўнг қанот ҳужумчиси позициясини эгаллади. Вақти-вақти билан классик «тўққизлик»дан жой олган йигитча сезиларли муваффақиятларга эришолмади.

Хави Льоренса мураббийлигидаги «Барса» энг тезкор жамоалардан ҳисобланарди. Гап шундаки, қарама-қарши қанотдан Видалнинг қадрдони - Хорди Альба ўрин олганди. Бу дуэт бир-бирини яхши тушуниши ва мутахассислар эътиборига тушиш орқали бошқалардан ажралиб туришарди. Льоренса болалар мураббийи сифатидаги фаолиятини ниҳоясига етказганидан кейин Видаль ва Альбанинг ўта тезкор ва бардошли ўйин-чилар эканлигини айтди. Уларнинг майдон бўйлаб чарчоқ билмай чопишини таъкидлади. 2002 йил ёзида бу учлик ота маконни ташлаб кетишга мажбур бўлдилар, боиси на жамоавий ва на шахсий кўрсаткичлар талабга жавоб берарди.

Гап шундаки, Каталонияда кичкина клублар жуда кўп эди. Уларнинг асосий вазифаси молиявий инқирозга юз тутмаслик, сегундага чиқиш ва кубок учун қайсидир клуб билан тўқнашишдан иборат эди, холос. Шу боис «Эспаньол» ва «Барселона»нинг мураккаб танловидан ўтолмаган болаларнинг аксарияти клубсиз қолишмасди. Алейшни ҳам шундай тақдир кутарди - уни «Камбрильс» ўз сафига қўшиб олди.

Ҳозирда бу жамоа ҳаваскорлар лигасида ўйнайди, унинг футбол мактабини эса «Барселона» «ютиб» юборган. Видаль «Камбрильс»да ёмон мавсум ўтказмади, бироқ молиявий инқироз туфайли мактаб ёпилиш арафасига келиб қолди ва Алейш Таррагонга - «Химнастик» клубига йўл олди. Бу ерда эса уни омад кутарди. Ёш иқтидор эгасигаТаррагонда устозлик қилган  Жексон Мурильос хотираларидан: «Бу йигитчада айтарлик қо­би­лият­нинг ўзи йўқдай эди. У на бўй, на техника ва на бошқа жиҳатлари билан тенгдошларидан ажралиб турарди. Оддийгина болакай, бундайлар нафақат юзлаб, балки минглаб топилади. Аммо бир нарса аниқ эди, «Химнастик» унинг даражасидаги клуб эмас»...

Бир йил ўтар-ўтмас Видални Мадридга чақиришди. Ўртамиёна «Хетафе»га эмас, «Реал»га!

3-БОБ. ЎЗИНИ АНГЛАШ

15 ёшли Видаль катта хатога йўл қўйганини қачон англаганини айтиш қийин. Гап шундаки, Европада кўплаб танқидларга учраётган президент Флорентина Переснинг сиёсати жуда оддий: энг яхши футболчиларни сотиб олиш орқали «Қироллик клуби»ни сайёранинг тенгсиз клубига айлантириш. «Реал» академиясига на вақт ажратиларди, на маблағ. Ўринбосарлар ҳам бир қарашда талаб даражасида ўйин кўрсатишаётгандай, аммо кутилган натижа йўқ. Оқибатда «Реал» тарбияланувчилари ўз бахтларини чегара ортидан ахтаришга мажбур бўлдилар.

Алейш ҳам улар орасидан ўрин олди. Унинг футболчилик фаолияти ранг-баранг тусга кирди: Мадриддаги йиллари муваффақиятсизликка бой ўтди, маълум фурсат ўйинида юксалиш пайдо бўлаётгандай эди, аммо ҳақиқий барқарорликка «Камбрильс» сафида эришди. 2 йил давомида Мадриддаги энг обрўли клуб таркибида кўриниш берди. Бу ҳам етмаганидек, жароҳатларга мойиллик билан касалланди. Футболчи кучли рақобатга дош беролмай қолди, эртанги кунга ишончи камайди. Оқибатда, унга чиқиш эшиги кўрсатилди. Видаль Каталонияга қайтди.

Ҳайратланарлиси, камтарона клублар - «Реус» ва «Дамм»даги ҳамин­қадар ўйинларидан сўнг, уни «Барселона»нинг яна бир принципиал рақиби - «Эспаньол» ўз сафига чақирди.

4-БОБ. ИЖАРАЛАР, ИЖАРАЛАР...

Видаль ўзининг биринчи профессионал шартномасини 19 ёшида имзолади. Отасининг сўзларига қараганда, Алейш футболчилик фаолиятига батамом нуқта қўйишга жуда яқин эди. «Эспаньол»да у бирорта ҳам имконга эга бўлмади. Катта-кичик клублар орасидан ўзига муносибини ахтариш эса Видалнинг жонига тегди. Ахир ўз нонини ўзи топиш вақти келганди-да.

Алейш фаолиятида ҳал қилувчи давр 2008|2009 йиллар мавсумининг қишига тўғри келди, десак хато бўлмас. «Эспаньол» раҳбарияти уни ўйин амалиёти учун Грециянинг «Пантракикос» клубига юборди. Бу ерда Видаль ёрқин ўйин кўрсатолмади: у асосий таркибда фақат 8та баҳсдагина майдонга тушди, каталониялик ёш йигитча на голлар ва на самарали тўп узатишларни амалга оширди. Бироқ узоқ ахтаргани мураббий ишончини топди. «Пантракикос» суперлигадаги ўрнини сақлаб қололмаган бўлса-да, бу клубда олинган тажриба Алейшга кейинги ўйинларда қўл келди.

Олдинда эса уни кутилмаган сов­ға кутарди: «Химнастик» Видални ўз таркибига қўшиб олиш истагини билдирди, «Эспаньол» эса қаршилик қилмади. Бу клуб мураббийи билан юзага келган келишмовчиликдан сўнг эса (Алейш таянч ярим ҳимоясида ўйнашни асло истамасди) уни «Поблу-де-Матуфет»га юборишди - яна ижарага. Бу клубда ўйнаган кезлари Видаль чинакам иқтидорини кўрсатди. Мавсумнинг биринчи ярмида тиззасидан олган жароҳати майдонга тушишига ҳалақит берган бўлса, 2010 йилда у 7та гол ва 10та самарали тўп узатиш билан жамоа етакчисига айланди. Унинг амалдаги жамоаси шундай футболчини қўлдан чиқармаслик мақсадида «Эспаньол» билан ижара шартномасини узайтириш борасида музокара олиб бораётган бир паллада «Мальорка» улоқни илиб кетди.

Бу клубдаги дастлабки 5 ўйинда у 2та гол ва яна шунча самарали тўп узатиш билан ёдда қолди. Кейин жароҳатлар давомийлиги уни яна ўз домига тортди. Нима бўлганда ҳам, жамоанинг ўша пайтдаги мураббийи Микаэль Лаудрупга қойил қолиш керак. У Видални асосий жамоага чақирди. Алейш 2 ҳафта катталар таркибида ўйнади. Бу давр мобайнида ўтказилган 4та ўйиннинг атиги биттасида «заявка»га киритилган бўлса-да, шунинг ўзи катта гап эди. Афсонавий даниялик мутахассис Видални жамоада қолдиришни сўраб клуб президентига мурожаат қилди. Матео Алемани ҳам бунга қарши чиқмади.

5-БОБ. ШАХСИЙ ЙЎЛ

«Альмерия» таркибидан жой олиш нисбатан узоқ давом этди. Ижаралардан зериккан Видаль шартномада асосий жамоага ўтиш тўғрисида алоҳида банд бўлишини хоҳлади ва бунга эришди ҳам: 22 ёшли Алейш мавсумни «Альмерия Б» таркибида бошлади, кейинги мавсумдан эса бош жамоага ўтди. Аммо клубнинг қуйи дивизионга тушиб кетиши ва ҳомийларнинг ундан юз ўгиргани орзуларнинг амалга ошишига тўсқинлик қилди. Етакчи ўйинчиларидан айрилган «Альмерия» турнир жадвали ўртасидан муқим ўрин эгаллади...

Айни шу лаҳзада ўринбосарларга кенг йўл очилди - Лукас Алькарес уларни бош жамоага истисносиз жалб қилди. Асосий жамоадаги омадли дебют эса фақат Видалга насиб этди. «Кордоба»га қарши дастлабки ўйинда у самарали тўп узатишни амалга оширди ва маҳаллий мутахассислар томонидан баҳснинг энг яхши футболчиси, деб топилди. Бош мураббий етакчи футболчига эҳтиёж сезаётгани боис, уни дарҳол асосий таркибга «михлаб» қўйди.

Алейшнинг ўзи ҳам «Альмерия»да ўтган йиллари тўғрисида фақат илиқ фикрлар билдирди: «Мен бу клубда 3та ажойиб мавсумни ўтказдим. Айнан шу ерда ўзимни кўрсатиш учун имкон туғилди. Менинг бутун Испанияга танилишимга ҳам «Альмерия» сабабчи».

Дарвоқе, бу клубда Алейш учун яна бир эсда қоларли воқеа содир бўлди. У бўлғуси умр йўлдоши билан танишди, қизлик бўлди. Видалнинг таъкидлашича, бу воқеа олдида унинг «Барселона»га ўтиши иккинчи даражали ҳисобланади.

6-БОБ. ЁРҚИН КЕЛАЖАК сари ҚАДАМ

 Мончи-Эмери жуфтлигини ҳозирда Испаниядаги энг муваффақиятли тандем дейиш мумкин. Биринчиси бутун дунё бўйича ёш юлдузчаларни топиш билан ном қозонган бўлса, кейингиси уларни топ-клублар даражасида тарбиялаш билан машҳур. Айнан уларнинг хизматлари эвазига «Валенсия»да Хуан Мата, Давид Вилья, Давид Сильва, Хорди Альба, Рауль Альбиоль, Роберто Сольдадо сингари номлар пайдо бўлди. «Севилья»да ҳам шундай: Хесус Навас, Альваро Негредо, Дани Алвес, Серхио Рамос, Хосе Антонио Рейес, Диего Лопес, Иван Ракитич ва Карлос Бакка каби иқтидорлар кашф қилинди.

Алейшга фаолиятини давом эттириш учун «Севилья» анчайин омадли келгани бор гап. Унинг бу клубдаги дебюти УЕФА суперкубогида Мадриднинг «Реал»ига қарши ўз майдонидаги учрашувга тўғри келди. «Бланкос» 2:0 ҳисобида ишончли ғалабага эришди. Маҳаллий мутахассисларнинг аксарияти Алейшни баҳс антиқаҳрамонига чиқариб қўйишди. Уларни Видаль ўнг қанотда айнан Роналдуга қарши ўйнагани ҳам тўхтата олмади. Маrса нашри эса аксинча, уни «Севилья»нинг энг яхши ҳужумчиларидан бири сифатида эътироф этди.

Нима бўлганда ҳам, Видаль клубга тез мослашибгина қолмай, 6та гол ва 9та самарали тўп узатиш билан ҳам ёдда қолди. Шу боис ҳам унинг «Барса»га трансфери тез ва ортиқча тортишувларсиз юз берди. «Барселона»нинг Видалга қизиқаётгани трансфер миқдори аниқ (18 млн. евро) бўлишидан 2 кун олдин ОАВларда тарқалди.

7-БОБ. ЭНДИ НИМА БЎЛАДИ?

Алейшнинг «Барселона»га ўтиши бир қанча саволлар туғдиргани бор гап. Масалан, ФИФА санкцияси сабаб у каталонияликлар сафидаги дебютини 7 ойдан кейин ўтказади. Бу даврда футболчи ўз формасини сақлаб қолармикин? Алейш­нинг «Барса» сафида ҳужумда ўйнаш эҳтимоли юқори. Лекин шундоқ ҳам каталонияликларнинг олдинги чизиғи дунёдаги энг кучлилардан-ку? Тўғри, Алвес Парижга отланаётгани тўғрисида миш-мишлар тарқалганди, аммо улар фақат миш-миш бўлиб чиқди-ку. Бу саволларнинг ҳеч бири Видални хавотирга солмаётгани аниқ: «Барселона»га трансфер ҳақида эшитганимда тақиқ мен учун муаммо эмаслигини ҳис этдим. Аксинча, камчиликларимни тузатиш учун фурсатга эга бўламан. Майдондаги ўрнимми? Рақобатга дош беришни мақсад қилганман. Ҳимояда ҳам, ўнг қанот ҳужумида ҳам ўйнаганман, ахир».

Алейшнинг тугалланмаган яна бир саҳифаси бор - Испания терма жамоаси. Ҳатто «Альмерия»да етакчига айланган бўлса ҳам унга мамлакат бош жамоасидан ўрин тегмади. Ахир Педро, Навас, Иньеста, Мата, Сильва билан рақобат қилишнинг ўзи бўладими? Фақат «Севилья» сафида Европа Лигасида ўта муваффақиятли иштирокидан сўнг­гина унга эътибор қаратишди, шунда ҳам Коста-Рикага қарши кечган ўртоқлик учрашувида. Аммо майдонда 60 дақиқа ўйнагандан сўнг Видаль жароҳат олди ва захирага олинди. Беларусга қарши расмий учрашувда эса иштирок этмади.

Балки энди уни термага кўпроқ чақиришар, яна ким билади, дейсиз...

Алейш

Видаль

Парреу

Туғилган санаси: 1989 йил, 25 август.

Туғилган жойи: Вальс, Испания.

Бўйи: 176 см.

Вазни: 74 кг.

Амплуаси: ўнг қанот ҳимоячиси|ярим ҳимоячи.

Оилавий аҳволи: уйланган, қизи бор.

Ўйнаган клублари: «Эспаньол» (2008|2009), «Пантракикос» (2009), «Химнастик» (2009), «Побла Мафумет» (2009|2010), «Мальорка» (2010|2011), «Альмерия» (2011|2014), «Севилья» (2014|2015).

Мукофотлари: Европа Лигаси ғолиби (2015).

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 19:59, 16.09.2015.
Ўқилди: 3189 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.