2015 йил 18 сентябрда Тошкентдаги “GRAND MIR HOTEL” меҳмонхонасида 19 сентябрда пойтахтдаги “Ўзбекистон” спорт мажмуасида APB (AIBA Pro Boxing) мусобақаси биринчи даврасининг 60 кг гача вазн тоифасида бўлиб ўтадиган титул жангига бағишланган матбуот-анжуман бўлиб ўтди.
Матбуот-анжуманда AIBA (Халқаро ҳаваскор бокс уюшмаси) вакиллари, мусобақа иштирокчилари, ҳакамлар бригадаси, ижроия қўмита, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, Бокс федерацияси вакиллари, журналистлар ва мусобақани ўтказишда ёрдам берган ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.
Кириш сўзи билан Ўзбекистон бокс федерацияси раиси биринчи ўринбосари Тошматов Ш.Р. иштирокчиларга мурожаат қилди. У APB мусобақаларининг ўтказилиши тизими ҳақида маълумот берди ва Халқаро бокс уюшмасига APB мусобақаси учрашувлари Тошкентда ўтказилаётгани учун миннатдорчилик билдирди. Тошматов 19 сентябрда ўзбекистонлик боксчи Хуршид Тожибоев ва APB’нинг 60 кг гача вазн тоифасида амалдаги чемпиони қозоғистонлик Берик Абдурахмонов билан титул жанг ўтказилишини айтди. Шу куни бошқа учта вазн тоифасида (75 кг, 81 кг гача ва 91 кг дан юқори) ҳам рейтинг жанглари бўлиб ўтади.
Сўнгра Халқаро бокс уюшмаси президенти Чинг-Куо Ву сўз олиб, биринчи учрашувлар юқори даражада ўтганини ва кейинги учрашувлар ҳам яхши ўтишига умид билдиришини айтди. Чинг-Куо Ву 2017 ёки 2019 йилги бокс бўйича жаҳон чемпионати Ўзбекистонда ўтиши мумкинлигини таъкидлаб ўтди.
Анжуман сўнгида мусобақа иштирокчиларининг вазнлари ўлчанди.