Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Аньана ёхуд яна Бабаян ва термамиз ҳақида

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бошқаруви Самвел Бабаянга топширилгач, икки муҳим ғалабага эришилди: Яман ва Филиппин мағлубиятга учратилди ва мусобақа жадвалидаги ўрнимиз бироз барқарорлашди. Аммо бу ютуқлар бир ҳолатга барҳам бера олмади - Бабаяннинг терма жамоага киритган ўзгаришлари ҳамон муҳокамада. Айниқса, таркиб ҳақида кўп гапирилмоқда. Улар орасида энг урфга киргани эса - «Пахтакор» футболчиларининг терма жамоа асосини ташкил этаётгани.

Аслида бунга кўп ҳам ҳайрон қолиш керак эмасдир, балки. Чунки ҳар қайси мураббий ўзи ишонган футболчиларга таянади. Ўзбекистон миллий терма жамоасида сўнгги 5 йилда уч нафар мураббий фаолият юритди -­­­ Қосимов, Абрамов ва Бабаян. Шунга монанд таркиб ҳам ўзгариб турди. Бошқача қилиб айтганда, бу мураббийларнинг бошқарув даврини улар ишлаган клублардан келиб чиқиб номласа ҳам бўлади - «Бунёдкор», «Пахтакор» ва балки «Локомотив».

Ёдингизда бўлса, Миржалол Қосимов терма жамоа бошқарувига та­йинлангач, «Пахтакор» футболчиларидан деярли воз кечган ва асосий урғуни «Бунёдкор»га қаратганди. Мана, Самвел Бабаян ҳам шу йўлдан кетмоқда. Бир вақтлар «Пахтакор» футболчилари термага кам чақирилар эди. Энди эса «қалдирғочлар»дан фақат Элдор Шомуродов бош жамоага «яроқли» экани «аниқланди». Бироқ бу иши учун Бабаянни кўп танқид қилиш шартмикан? Чунки у ҳам ўзи ишонган футболчиларни термага чақирмоқда. Эътибор берсангиз, маҳаллий мураббийларнинг деярли барчаси шундай йўл тутган.

Ушбу масалада терма жамоа бош­қарувига ўтгунга қадар бирор марта етакчи клубларда ишламаган Вадим Абрамов ҳам истисно эмас: терма жамоа устози бўлгунига қадар бирор марта совринли ўринларни қўлга кирита олмаган. Ўша вақтларда унинг бошқарувидаги «Локомотив» нари борса ҳозирги «Олмалиқ» ва «Металлург» савиясидаги клуб эди. Бироқ шу ҳолат ҳам Вадим Абрамовга «ўз» футболчиларини термага чақиришга ҳалал бермаган. Олим Новкаровни ёдга олинг. Ўспиринлигидан Вадим Абрамов қўл остида ўйнаган ҳужумчини бошқа мураббий термага олиши мумкинмиди? Йўқ, албатта. Новкаров эса нафақат терма жамоага чақирилди, балки Осиё кубогидек нуфузли мусобақада асосий таркибда ўйнашга ҳам муваффақ бўлди. Энди у бемалол ўша мусобақа ҳақида невара-чевараларига гапириб юрса бўлади...

Хўш, бу гаплардан қандай хулоса чиқариш мумкин? Терма жамоани бош­қарган барча мураббийларга бўлган ҳурматни сақлаган ҳолда айтамиз, улар кўп ҳолларда, ўз футболчиларини жамлашга интилганлар. Бир вақтлар Юрий Саркисян бош мураббий этиб тайинланганда терма жамоада «Нефтчи» футболчилари кўпайиб қолган эди. Шундай экан, нима учун Бабаян истисно бўлиши керак?

Самвел Вячеславовичнинг терма жамоадаги дебюти омадли келди - Яман ҳамда Филиппин мағлуб этилди. Демак, Александр Лобанов, Жавоҳир Соҳибов, Станислав Андреев, Даврон Ҳошимов ва Егор Кримец термага дарҳақиқат керак футболчилар. Албатта, уларни Бабаяндан бошқа мутахассис термага жалб этишига ишониш қийиндир, балки. Лобановдан кўра Элдор Суюнов ишончлироқ экани, Станислав Андреевдан Шоҳруҳ Гадоев кучлироқлиги ва Даврон Ҳошимовнинг ўрнида  Шуҳрат Муҳаммадиев ёки Акмал Шораҳмедов кўпроқ фойда келтириши ҳақида истаганча баҳс­лашиш мумкин. Аммо бир жиҳат барибир ўзгармаса керак - Бабаяннинг термадаги бошқаруви давом этса, Лобанов, Андреев ва Ҳошимов таркибга чақирилаверади. Олдингилар ҳам шундай йўл тутган, кейингилар ҳам шу йўлдан кетаверади.

Бу гаплардан шундай хулоса чиқариш мумкинки, Ўзбекистон терма жамоасига чақирилиш учун унинг устози ким бўлиши жуда муҳим аҳамият касб этади. Бу тенденция энди пайдо бўлмади, балки аввалдан шаклланиб келган. Анъана тусига кириб бўлган бу ҳолатга қарши маҳаллий воситалар билан курашиш эса бирор натижа келтиришига ишониш қийин. Агар эплаганда, Рауф Инилеев унга барҳам берарди. Аммо у ҳам ҳеч нарса қила олмаган.

Ҳозир ўзбек футболида вазият шундайки, ким терма бошқарувига келмасин, барибир, таркиб соф рақобат эмас, балки бош мураббийнинг дидига мосланиб тузилиши эҳтимоли юқори. Мабодо Игорь Шквирин бош мураббий этиб тайинланса «Олмалиқ»­дан кимдир албатта, чақирилади. Рўзиқул Бердиев эса терма асосини «насафчилар»дан тузиши шубҳасиз. Албатта, бу билан ўша футболчилар термага номуносиб, демоқчи эмасмиз. Шунчаки, у ерда ўйнаш учун албатта, ўзи яхши таниган одам бош мураббий бўлиши шарт.

Нима бўлганда ҳам, Самвел Бабаян учун ҳаммаси ажойиб бошланди. Кимдир уни ҳамон танқид қилмоқда, ким учундир ундан яхшиси йўқ. Биз эса фақат бир нарсани истаймиз, терма жамоада «Пахтакор» футболчилари кўпроқ бўладими ёки «Бунёдкор» вакиллари кўпчиликни ташкил қиладими, фарқи йўқ, ЖЧ йўлланмаси қўлга киритилса бас. Аммо қачондир Бабаяннинг термадаги даври ҳам якунига етади. Истардикки, ўша вақтда терма бошқарувига хориждан кучлироқ мутахассис таклиф этилса. Ҳеч бўлмаганда, у чақирадиган футболчилар ким бўлишини билиш учун ҳам Европадан мураббий келишини жуда истаймиз. Балки ўшанда «Галиулин қани?» «Нимага «Насаф» футболчилари таркибда йўқ?» «Лобанов нимаси билан Элдор Суюновдан кучли?» деган саволлар барҳам топар...

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 11:31, 21.09.2015.
Ўқилди: 4356 марта.
Фикрлар: 9 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.