Эндиликда фаолиятини Қатарнинг “Ал-Жаиш” клубида давом эттираётган “Бунёдкор”нинг собиқ футболчиси Сардор Рашидов “қалдирғочлар”ни мамлакат кубоги ярим финалига йўлланма олганликлари билан табриклади.
- “Бунёдкор”ни Ўзбекистон кубоги финалига йўлланма олганлиги билан табриклайман. “Пахтакор”га қарши кечган ярим финал учрашувларини кузатиб боришга ҳаракат қилдим. Собиқ жамоадошларимнинг ҳаракатлари менга манзур бўлди. Ҳар иккала ўйинда ҳам устунликка эга бўлишиб, ҳақли равишда финал йўлланмаси қўлга киритишди. Финал учрашуви Жиззах шаҳрида ўтиши ҳақидаги хабарни эшитиб, очиғи икки ҳисса хурсанд бўлдим. Биринчидан мана шундай муҳим ўйинларни вилоятларга белгилангани жуда қувонарли ҳол. Иккинчидан ўзим туғилиб ўсган Жиззах шаҳридаги мухлисларга бу ўзига хос совға бўлди. Қолаверса, Жиззахдаги янги стадионга берилган юқори баҳодир. Ўйлайманки, финал куни стадион футбол мухлислари билан тўлиб тошади. Албатта, “Бунёдкор”ни ғолиб чиқишини истайман ва собиқ жамоадошларимга мухлислик қиламан. Шунингдек, жиззахлик маҳаллий ишқибозларни ҳам “қалдирғочлар”ни қўллаб-қувватлашга чорлаб қоламан, - дейди Сардор Рашидов.