Ўтган ҳафта ЎФФ расмий сайтида Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президенти ҳузуридаги мураббийлар кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтганлиги, унда миллий ва олимпия терма жамоаларининг ҳисоботи тингланганлиги ҳақидаги каттагина мақола чоп этилди. Мақолада “Локомотив” бош мураббийи Вадим Абрамов ҳақида сўз борган. Олий лиганинг 22-туридан ўрин олган “Локомотив” – “Насаф” жамоалари ўртасидаги беллашувдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида табиийки, Вадим Карленовичнинг ЎФФ расмий сайтида чоп этилган мақолага нисбатан муносабати билан қизиқдик. Яна қандайдир тушунмовчиликлар келиб чиқмаслигини инобатга олган ҳолда Абрамовнинг деярли барча фикрларини таҳрирсиз чоп этишга қарор қилдик.
- Сўнгги вақтларда ОАВда сиз асосий “планга” чиқиб қолдингиз. Кеча ЎФФ расмий сайти мураббийлар кенгаши бўлиб ўтганини, унда ЎФФ президенти Мираброр Усмонов сиз ҳақингизда фикр билдирганини маълум қилди. Бунга муносабатингизни қандай?
- Фикрим шуки, “интрига” қилгандан кўра, иш билан шуғулланган маъқул. Майли, “интрига” қилишди, хурсандман. “Пахтакор”га қарши ўйинимиздан кейин ўтказилган матбуот анжуманида иштирок этганмидингиз? Ўша анжуманда айтган фикрларимни эслай оласизми? Ҳозир айтадиганларимни айтганимдек чоп этасизми ёки сўзларимни бошқача маънога ўзгартирасизларми?
- Биз сиз айтган фикрларни ёзганмиз!
- Демак, ўзгартирмайсизлар. Хўп, ўша анжуманда менга ўйин ҳақида савол берилди. Мен нима дедим? Айбни ўз бўйнимга оламан, мағлубиятимизга мен айбдорман, деган сўзларни айтдим, шундайми?
- Ҳа.
- У ерда мен кимнидир, миллий терма жамоани айблаётганим ва бошқа гаплар ҳақида сўз борган. Давом этамиз, ўша кунги сўзларимдан, мен “терма жамоа аъзоларининг ўйини чиқмади, мен буни билардим, аммо майдонга туширдим”, дедим, шундайми?! Дунёнинг истаган клуби бош мураббийидан шу каби вазият бўйича сўранг, шундай деб жавоб қайтаради. ЦСКА – “Зенит” клублари ўртасидаги ўйидан кейин Семак ҳам шундай деди. Танаффусдан кейин футболчилар ўзларига кела олишмаганини айтиб ўтди. Мен ҳам мураббий сифатида шуни назарда тутгандим. Ўша куни анжуманда биламан журналист эмас, “Пахтакор” мухлиси орқароқдан туриб, савол берди. У “Пахтакор” футболчилари ҳам терма жамоада бўлганини айтди. Мен унга, “ҳа, “пахтакорчилар” ўйнади, бизникилар туристдек бориб келишди, фарқи шунда”, дедим. Айтингларчи, мен бу ерда кимни айбладим ёки ёмонладим?! Хўш, агар сиз ЎФФ президенти бўлганингизда юқоридаги сўзларимга қандай муносабатда бўлардингиз?
- Гап бунда эмас, фикрларингиз қандай етказилганида?
- Ана буниси тўғри. Бу ёғи энди “интрига” дейилади! Мен бундай “интригалар”га тайёрман. Инсонлар бўлади, тирноқ ичидан кир излайдиган, фикрларимни шундай олиб киришди. Менда ҳеч қандай муаммо йўқ. Борган сари ўзбек футболининг душманига айланиб боряпман. Бунга тайёрман ҳам. Ҳаммасига мен айбдор эканман! Майли, яхши, оддий фактни айтаман: “Локомотив”га бош мураббий бўлиб келганимда миллий терма жамоага клубдан икки нафар футболчи чақириларди. Бири, Игнатий Нестеров, иккинчиси, Жасур Ҳасанов. Ўйинчилар билан илк йиғилишда уларга шундай дегандим: болалар ҳозир икки нафар футболчи терма жамоага номзод экан, агар тўғри ишласак шу ерда ўтирганларнинг барчаси миллий терма жамоага чақирилади ва мен шундай бўлишини хоҳлардим, дедим. Тахминан орадан икки ой ўтиб, 9 нафар ўйинчимиз терма жамоада ўйнади. Менинг асл вазифам шу, тушунтира олдим, деб ўйлайман! Илгари терма жамоага шунча ўйинчи етиштириб берган мутахассисга “хизмат кўрсатган мураббий” унвони бериларди. Мени душманга чиқаришяпти. Шунисини тушунмаяпман?! Бизда аксар ўйинчилар терма жамоага номзод, ўтган йили ҳам, бу йил ҳам. Айтганча, ўтган мавсумдаги воқеаларни ҳам нотўғри талқин қилишган шекилли? Ҳа, ўтган йили ҳам танаффусдан кейин тақвим сабабли биз “Пахтакор”га қарши ўйнашга мажбур бўлганмиз. Ўша вазиятга тайёр эмас эдик.
Ҳозир айтадиганларим яна бошқача талқин қилиниши мумкин. Сизлар холис инсонсизлар. Шунинг учун борини айтаман. Ўтган йили футболчиси терма жамоа билан Осиё ўйинларига борган клубларнинг ўйинлари қолдирилмаслиги айтилганди, шундайми? Биз раҳбарларнинг сўзларига қулоқ солиб, ишонган ҳолда давралар оралиғида таркибимизни бир қатор ўйинчилар билан тўлдирдик. Яъни, эҳтиётимизни қилиб, терма жамоа билан Осиё ўйинларига бориши мумкин бўлган футболчиларнинг ўрнига янги ўйинчилар таклиф қилдик. Ёдингизда бўлса, Артём Филипосян, Саҳоб Жўраевни сафимизга қўшиб олгандик. Чунки ёшларимиз терма жамоага кетса, улар кетганларнинг ўрнини “ёпиши” керак эди. Кейин нима бўлди? Бизнинг ўйинчилар терма жамоага кетди, лекин ҳамма ўйинни ўйнадик. “Пахтакор”нинг учрашувлари қолдирилди! Хўп, майли, уларнинг ўйинларини қолдиришди, қўллаб юборишди, Худо улар билан экан, дедим. Барибир мавсум охирида ўйнашади, қийин бўлади, сабаби, кетма-кет ўйнаш икки баробар “оғирлик” қилади. Муаммо йўқ, аммо нима бўлди? Энди миллий терма жамоа ўйнаяпти. Бу оралиқда биз дам олдик, “Пахтакор” қолдирилган учрашувларини ўтказди. Келинглар, кўтаринглар, шундайми-йўқми?! Улар қолдирилган ўйинларни ўтказиб бўлишди. Бизнинг миллий терма жамоада ўйнаган футболчиларимиз қайтиб келди. Навбатдаги учрашувимиз “Пахтакор”га қарши! Сизлар қандай қарайсизлар, бу тенг шароитми? Мен ҳеч кимни айбламоқчи эмасман, шунчаки бу қизиқ?!
- Ҳозир сиз бу гапларни гапиряпсиз. Эртага яна “бардак” бошланади ва яна биз, шу ерда ўтирган журналистлар айбдор бўламиз? Чунки биз ҳамма жамоангизнинг ҳамма ўйинларига келамиз ва кўзингизга фақат биз кўринамиз.
- Айтмоқчиманки, бундай нарсаларни кўтараётган кишилар тирноқ ичидан кир қидирадиганлардир?! “Пахтакор” билан “Локомотив”нинг фарқи шуки, матбуот улар учун яхши ишлайди. Мен “Пахтакор”ни чемпионлик билан табриклагандим, ҳамма ёзди. Шундан сўнг клуб менга чиройли қилиб, жавоб қайтарди. Ўша жавобда шундай сўзлар бор: агар ишлашда давом этсам. “Пахтакор” ишлаш-ишламаслигимни ҳал қиляпти, хурсандман, қизиқда! Кишилар миллий терма жамоа атрофида бирлашайлик, дея чиройли гапиряпти-ку, кейин текис йўлда “интрига” қиляпти. Нега “интрига”?! Мени футбол мураббийлари яхши тушунишди. Шу ерда ўтирганлар ҳам муаммо нимадалигини тушунди, деб ўйлайман. Мураббий нима деяпти: келиб машғулотларимизни кузатсин эмиш. Мен буни умуман муҳокама қилмайман, бу унинг муаммоси! Терма жамоада қандай шуғулланса шуғулланаверсин. Бу жараёнга умуман аралашмайман. Ишонинглар, менга у ерда нима бўлиши қизиқ эмас. Худо ҳаққи, агар у футболчиларга парашютда сакра, деса аралашмайман. Чунки у қилаётган ишига ва натижага жавобгар. Менга унинг иши эмас, футболчиларимнинг қўлимга тайёр ҳолатда келиш-келмаслиги қизиқ эди, афсуски, улар тайёр ҳолатда келишмади. Бу уларни терма жамоада яхши шуғуллангани билан эмас, балки замонавий футболда шунақа. Ўйинчи салкам 20 кунга терма жамоага кетиб, ўйин амалиётига эга бўлмаса, АҚШда яшайдими, “Челси”да ўйнайдими, фарқи йўқ. Мен шуни назарда тутгандим, дунёда барча мураббийлар бу ҳақида айтишади. Фикрларимни шундай талқин қилишдики, мен терма жамоани айблабман! Ўша куни мен айбни ўз бўйнимга олдим. Терма жамоа ёки унинг мураббийини айблаганим йўқ. Оддий кўз билан қараганда ҳам футболчиларим орасида кимларнинг ўйини чиқмаётгани кўриниб турибдику?! Ҳозир ўйин вақтида ортимда мухлислар “туристлар”, деб бақиришяпти. Мени ҳайрон қолдираётгани ишқибозлар ҳам футболчиларим ёмон ўйнаётганини билиб турибди экан, шунинг учун “туристлар” деб бақиришди.
Ўзбекистон Кубогининг ярим финалнинг жавоб ўйинларини муддатини аниқлашга қуръа ташланганида Тошкентнинг икки жамоаси бир кунда ўйнамаслиги инобатга олинганди. Ўшанда биз 15 сентябрга, “Бунёдкор” – “Пахтакор” жуфтлиги 16 сентябрга тўғри келишди. Ваҳоланки, бундан аввал 19 сентябрда олий лигада тур ўйинлари бўлиб ўтиши олдиндан маълум эди. Ҳамма нарса ҳисоблаб чиқилганди. Биринчи даврадан кейин миллий терма жамоанинг манфаати йўлида тақвим кўриб чиқилиши айтилганди, ҳамма рози бўлганди. Мана, “Пахтакор” билан “Бунёдкор”нинг тур ўйинларини 19дан 20 сентябрга кўчирилди. Лекин бизни тақвим борасида қўллаб-қувватлашмайди, сабабини тушунмайман! Хўп, уларникини нега кўчиришди?
Фурқатбек НИШОНОВ ёзиб олди.