“Насаф”–“Навбаҳор” (5:1) учрашувидан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманининг биринчи қисмида меҳмонлар бош мураббийи Бахтиёр АШУРМАТОВ иштирок этди.
“Мураббий сифатида бу мағлубиятдан кейин фикр билдириш ҳам қийин. "Насаф" ҳозирги пайтда олий лигамизда ўйин ташкил этиш бўйича, ҳужумлар уюштириш борасида жуда кучли ҳисобланади. Биз "Пахтакор" билан ҳам, "Бунёдкор" билан ҳам ўйнадик. Лекин "Насаф" улардан кўра кўпроқ ташвиш туғдирди, дейишим мумкин. Бугун олти нафар футболчимиз ўйнамади ва бу нарса ҳам ўйинга ўз таъсирини кўрсатди. Лекин бугунги мағлубиятни мураббий сифатида тан олиб, "Насаф"ни ғалаба билан табриклайман. Бугунги ўйинда майдонга тушган футболчилар асосий таркибга лойиқ эканликларини исботлашларига умид қилгандим. Лекин рақиб бизга имкон бермади ва ҳақли ғалабани қўлга киритди. "Насаф" чиройли ўйнади ва майдонда етакчи эканлигини исботлади. Финалда кимнинг имконияти кўпроқ? Айтиб ўтганимдек, "Насаф" ҳозирда ўйин ташкил этиш бўйича бошқалардан устун. Мен ўзим "Бунёдкор"да ўйнаганман ва клуб раҳбарияти билан ҳам алоқам яхши. Лекин айни пайтда "Насаф"ни Ўзбекистондаги энг кучли жамоа деб бемалол айта оламан. Лекин шуни унутмаслик керакки, финалда ҳар иккала жамоанинг имкониятлари тенг. Бизни қизиқарли финал кутиб турибди", - деди Бахтиёр Ашурматов.