Ўйин олдидан
“Қўқон-1912” жамоаси Ғузорга таркибда жиддий йўқотишлар билан етиб келди. Ўйин олдидан Отабек Ҳайдаров, Носир Отақўзиев, Нодир Қўзибоев ва Баҳодир Акрамов каби ўйинчиларимиз жароҳат олиб сафдан чиқишди. Шунингдек, оилавий сабаблар туфайли Азиз Тўхтабоев ҳам Қўқонда қолди.
Биринчи бўлим
Учрашувнинг 9-дақиқасида мезбонлар ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. Ғузорликлар жарима тўпи тепиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Сарвар Жўраев томонидан тепилган тўп Илҳом Комиловга тегиб рикошет ҳолатда Балканов қўриқлаётган дарвоза тўридан жой олди – 1:0.
Шундан кейин ҳужумга ташланган қўқонликлар 22-дақиқага келиб ҳисобни тенглаштиришга эришишди. Суҳроб Қобиловнинг бўрчакдан ошириб берган тўпини Игорь Голбан боши билан Элдор Тожибоев дарвозасига жойлаб қўйди – 1:1. Айтганча, бугун россиялик легионер Игорь Голбан ҳужумчи сифатида ҳаракат қилди.
Дастлабки бўлимнинг қолган дақиқаларида ҳам ҳар икки жамоада гол уриш учун бир қатор имкониятлар вужудга келганига қарамай, танаффусга жамоалар шу ҳисобда чиқиб кетишди.
Иккинчи бўлим
Иккинчи таймни вакилларимиз анча фаол бошлашди. Бўлим бошида Дониёр Усмоновнинг зарбасини мезбонлар посбони қийинчилик билан бартараф этди.
52- дақиқа. Яна бир хавфли вазият. Сардор Эминов оширган тўпни Игорь Голбан дарвозага тўғрилаб қўйди. Аммо бу ҳолатда Тожибоев тўпни қайтаришга эришди.
54-дақиқада майдон эгалари олдинга чиқиб олишди. Мурод Ражабовнинг қанотдан оширган тўпини Игорь Таран голга айлантирди – 2:1. Бу вазиятда ҳимоячиларимизнинг хатога йўл қўйишди.
69-дақида бугун асосий таркибда майдонга тушган Ойбек Нурбоев жамоамиз жонига оро кирди. Таранни зарбасидан кейин Нурбоев “Қўқон-1912”ни муқаррар голдан сақлаб қолди.
80-дақиқада қўқонликларнинг ҳужуми самара берди. Олдинги ўйинда пенальтини голга айлантира олмаган Ориф Мамажонов жарима майдонига кириб зарба йўллади. Лекин дарвозабон тўпни қайтаришга эришди. Қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келган Орифнинг ўзи боши билан дарвозани ишғол эдти – 2:2.
Бугун “Қўқон-1912” жамоаси вакиллари ўзларининг энг яхши ўйинларидан бирини ўтказишди.
Шундай қилиб, Рустам Абдуллаев шогирдлари сафардан муҳим бир очко билан қайтишди.
Навбатдаги ўйин 16 октябрь куни Қўқонда “Локомотив”га қарши кечади.
«Шўртан» (Ғузор) – «Қўқон-1912» (Қўқон) 2:2 (1:1)
Ҳакамлар: Р. Бобомуродов (Навоий), Б. Қодиров (Бухоро), А. Қўлдошев (Бухоро), А. Рубаков (Тошкент)
Голлар: Сарвар Жўраев 9, - 1:0. Игорь Голбан 22, - 1:1. Игорь Таран 54, - 2:1. Ориф Мамажонов 80, - 2:2.
“Шўртан”: 1.Элдор Тожибоев, 9.Игорь Таран, 11.Зафар Полвонов, 14.Умар Эшмуродов, 18.Элдор Бойматов, 19.Суҳроб Бердиев (17.Мирзакамол Камолов, 67), 20.Дарко Станоевич, 29.Шерзод Шарипов (22.Лазиз Убайдуллаев, 60), 34.Суннатилла Мамадалиев, 35.Сарвар Жўраев, 55.Ботир Қораев
Захира: 12.Роман Абдулов, 5.Асрор Алиқулов, 8.Самандар Шодмонов, 21.Ғулом-Ҳайдар Ғуломов, 25.Ғулом Раҳмонов.
“Қўқон-1912”: 16.Андрей Бакланов, 5.Жалил Кимсанов (27.Шохрух Ҳолматов, 61), 10.Қувондиқ Рўзиев (22.Ориф Мамажонов, 73), 11.Дониёр Усмонов (3.Ҳасан Эргашев-90), 18.Сардор Эминов, 24.Илья Ильин, 28.Алексей Николаев, 29.Игорь Голбан, 49.Илҳом Комилов, 55.Ойбек Нурбоев, 88.Суҳроб Қобилов.
Захира: 12.Азиз Ашуров, , 14.Аваз Маматхўжаев, 15.Маъруф Зокиржонов, 23.Фурқат Ҳасанбоев.
Назоратчи: С. Эрматов (Тошкент).
ЎзПФЛ вакили: Р. Черников.