«Қўқон-1912» жамоаси ўринбосарлари мураббийи Муҳсин Низомиддинов 7-27 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “В” лицензияси учун ОФК курсларида қатнашиб келди. Биз ёш мураббий билан ушбу ўкув курсларида олган таассуротлари ҳақида суҳбатлашдик.
– Муҳсинжон ушбу ўқув курсларидан қандай таассуротлар билан келдингиз ?
– Аввало жамоамиз раҳбари Бахтиёр Толипов, бош мураббий Рустам Абдуллаевларга менга ушбу курсларда билимимни ошириб келишим учун шароит яратиб берганлари учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Ушбу ўқув курсидан жуда катта таассуротлар билан келдим. 20 кун мобайнида ФИФА инструктори Ислом Аҳмедовдан мураббийлик йўналишида жуда кўп нарсаларни ўргандик. Мазкур курсга қатнашиб ҳали ўрганишим керак бўлган нарсалар жуда кўплигига амин бўлдим. Бу курсда ўз вақтида терма жамоаларда ўйнаган кучли футболчилар қатнашишди. Инструкторларнинг ўз мамлакатимиздан бўлганлиги ҳам бизга янада фойдали бўлди. Сабаби чет элдан инструктор келганда бизда тил илан муаммо юзага келиши мумкин эди. Ислом Аҳмедов бизга қаттиқўллик ва талабчанлик билан , футболни майда-чуйдаларигача ўргатиб борди. Бизни охирида 2 баҳо олмаслигимиз учун борини бериб , Ўзбекистон футболини келажаги сизларни қўлингизда дея таълим беришди. Яна бу курсларда ЎФФ вакили Шавкат Имамовдан ҳам кўп нарсаларни ўргандим. У киши жуда ҳам меҳнатсевар, ташкилотчи инсон экан. Ислом Аҳмедов ва Шовкат Имамовга ўхшаган инсонлар ўзбек футболига ҳали кўп фойдалари тегади деб ўйлайман.
– Курс давомида қайси мураббийларнинг тажрибасини ўргандиларинг? Дунёга машҳур мутахассисларми ёки ўзимизнинг мураббийларникими?
– Биз у ердаЛуи Ван Гал, Фергюссон, Моуриньо, Гвардиола каби мураббийларни иш услубларидан ўргандик. Ўзимиздан эса Самвел Бабаяннининг иш усулини ўрганиб чиқдик. Бабаян жамоада ҳар бир майда-чуйда деталларга эътибор қаратадиган мураббий экан. Терма жамоамизнинг Яман ва Филлипинга қарши ўйинларини таҳлил қилиб чиқдик. Футбол ҳозир бутун дунёда ривожланяпти. Бабаян Филлипинга қарши тўғри такатика танлай олди ва шунга яраша натижага эришди.
– Ушбу курсларда қатнашган иштирокчиларнинг ҳаммаси лицензия олдими ?
– Курс якунида назарий ва амалий имтиҳонлар топширдик. “В” лицензияси кимга берилади, кимга берилмаслиги ҳали маълум эмас. Лекин барча имтиҳонлар қаттиққўллик ва талабчанлик билан олинди. Мақтаниш эмаску мен имтиҳонлардан сўнг анча илиқ гаплар эшитдим.
-Ўқишдан келганингиздан кейин шогирдларингиз “Қизилқум” жамоасини йирик ҳисобда мағлуб этишди, бироқ сафарда “Шўртан” ёшларини енга олмадидар.
– Ҳа “Қизилқум” жамоаси ёшлари билан ўйинда шогирдларим барча кўрсатмаларни тўғри бажариб, энг муҳими вазиятлардан яхши фойдаланишди. Ғузорда эса биринчидан таркиб ва тактика танлашда хатога йўл қўйдим , қолаверса узоқ йўл босиб бориб майдонга тушдик ва чарчоқ аломатлари ҳам билинди. Бу уйиндаги хатоларимиз бизга сабоқ бўлади, деган умиддаман.
– Шогирдларингиздан қайси бири кейинги йилда асосий таркибда ўйнаб кета олади деб ўйлайсиз ?
– Таркибимиздаги 7-8 нафар футболчилар бемалол олий лигада ўйнаб кета олади деб ўйлайман. Булардан Аваз Маматхўжаев, Муҳаммаданас Ҳасанов, Достон Мелиқўзиев, Иқбол Маликжонов, Ойбек Рустамов каби ёш ўйинчилар келажакда асосий таркибда ўйнай олишларига ишонаман. Бош мураббийимиз ҳар бир ўйинимизни диққат билан кузатиб борадилар ва қайси ўйинчи билан нималарга эьтибор бериш кераклиги ҳақида маслахатларини бериб борадилар.
– Ўз вақти Юрий Саркисян қўл остида тўп сургансиз. Ҳозирда Рустам Абдуллаев билан бирга ишлаяпсиз. Улардан нималарни ўргандингиз?
– “Нефтчи”да ўйнаб юрган даврларим Юрий Вазгеновичдан ҳаётда ўз ўрнимни топишим учун кўп нарсаларни ўрганганман. Юрий Саркисян кучли мураббий , психолог ва назариячи. Рустам Абдуллаевда эса катта футболчилик тажрибаси бор. У киши ўз вақтида республикамизнинг кучли футболчиларидан бири эдилар. Рустам акада амалиёт кучли. Жамоада Рустам Абдуллаев ва Вадим Шодиматовдан кўп нарсаларни ўрганиб бормоқдаман.
– Футболчиликдан сўнг мураббийлик курсида ўтириш қанчалик қийин ?
– Футболчи фақат футбол ўйнаш, машғулотларга иштирок этиш ва маош олишни ўйлайди. Мураббий эса майдонга тушолмайди, лекин майдондаги натижага жавобгар. Тўп тепиб юрганимизда Саркисян мени ўрнимда ўтириб кўрсанг биласан деса унча эьтибор бермас эканман. Мураббий кўп нарсани режа қилади, уни амалга футболчи оширади. Режаларинг ўйинда амалга ошмай мағлуб бўлсанг, ҳамма айб мураббийда бўлади. Бир нарсани ўргатсанг қайсидир футболчи 2-3 марта қайтарганда эслаб қолади, кимгадир эса 20 марта қайтариш керак. Шу касбни севиб танладимми энди фақат изланаман ва ишлайман. Асосий таркибга маҳоратли футболчилар етиштириб беришим керак.
– Шу кунларда мамлакатимизда келишилган ўйинлар билан боғлиқ воқеалар анча шов-шувга сабаб бўлди. Бу воқеаларга ёш мураббий сифатида сизни фикрингиз қандай?
– Юқоридаги гап-сўзларга келсак ҳар бир жамоада кучли мураббий, меҳнаткаш футболчи ва яхши молиявий имкониятлар жам бўлиши керак. Ҳамма нарса инсонни ўзига боғлиқ. Мен ҳали ёшман мураббий бўлиб ишлаш ниятларим бор . Худо хоҳласа биз бошқа йўлдан юрамиз.
– Бугун миллий жамоамиз ЖЧ-2018 саралаш босқичи доирасида Баҳрайн терма жамоаси билан ўйнайди. Сизни башоратингиз?
– Албатта жамоамизга омад тилайман. Манимча 3:1 хисобида ғалаба қозонамиз. Чунки бизни футболчиларимиз ҳозирги Бахрайндан ҳар томонлама кучли. Албатта ҳамма каби мен ҳам терма жамоамизни мундиалда кўришни истайман.
– Мазмунли суҳбатингиз учун рахмат. Сизга келажакдаги ишларингизда омад тилайман.
– Сизга ҳам раҳмат.
Акрамжон Мамадалиев сухбатлашди.