Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

“Зомин”дан “Обод”га совға ёхуд ҳали кураш давом этади!

Баҳо:
+ | -

Ўтган ҳафта Ўзбекистон Биринчилигининг иккинчи босқич, 10-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Турдан-турга қизиқарли кўриниш олаётган 1-лига ўйинлари йил охирига қадар янада қизиқарли тус олади, шекилли?! Боиси, олий лига учун кураш олиб бораётган клублар кутилмаган хатолари турнир жадвалида кўп ўзгаришлар юз беришига олиб келмоқда. Тўғри, 10-турдан кейин ҳеч қандай ўзгаришга гувоҳ бўлмадик, бироқ навбатдаги турларда ўзгаришга сабаб бўладиган натижалар қайд этилди.

“Оқ-тепа”дан навбатдаги мағлубият!
8 ва 9-турда асосий рақиби “Обод”ни мағлубиятга учратиб, турнир жадвалида яққол пешқадам бўлиб олган “Оқ-тепа” 10-турга келиб навбатдаги очкосини йўқотди. Зоминда “Зомин” жамоаси меҳмони бўлган Илдар Сакаев бошчилигидаги пойтахтликлар ҳар бир бўлимда ўз дарвозасидан биттадан тўп олиб чиқди. Тошкентликлар ўтган мавсум ҳам Жиззахдан “қуруқ қўл” билан қайтишганди, бу сафар ҳам шундай бўлди. Аҳамиятлиси, пешқадам Зоминда гол ура олмади. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда мезбонлар дарвозаси томон пенальти белгиланганди, бироқ жамоанинг штатли пенальтичиси Темур Ҳакимовнинг зарбасини ўтган мавсумнинг биринчи қисмини “Оқ-тепа”да ўтказган Шоҳруҳ Эшбўтаев қайтарди. Пешқадам охирги марта иккинчи босқичнинг 2-турида “Машъал-2” дарвозасини ишғол қила олмаганди.

“Оқ-тепа”нинг очко йўқотишидан “Обод” унумли фойдаланди. Бобур Зуҳриддинов бошчилигидаги жамоа ўз уйида “НБУ-Осиё”ни қабул қилиб, Шоҳруз Норхоновнинг 8-дақиқада урган голи эвазига уч очколик бўлди. Ёдингизда бўлса, биринчи даврада айнан “банкирлар” “Обод”нинг мағлубиятлар сериясини бошлаб берганди. Гарчи кичик ҳисобда бўлса-да, муҳим ғалабани қўлга киритган “Обод” “Оқ-тепа” билан очколар фарқини учтага қисқартириб олди. Бунинг учун аввало “Зомин”га раҳмат айтиш керак. Ваҳоланки, кўпчилик бу ёғига Илдар Сакаев жамоасининг ғалабали ўйинлари давом этириши тахмин қилганди. Бироқ тахмин ўзини оқламади. Бу қайсидир маънода тўғри ҳам. Сабаби, “Оқ-тепа” футболчилари “Обод”га қарши ўтказилган кетма-кет икки учрашувда жуда кўп куч сарфлаб юборишганди. Табиийки, Жиззахга чарчоқ аломатлари бор ҳолда бориларди. Бу жисмоний эмас, балки руҳий чарчоқ, дейиш мумкин. Мезбонлар аксинча, пешқадамдан биринчи даврадаги йирик мағлубият аламини олиш учун катта иштиёқ билан тўп суриб, якунда мухлисларни хушнуд қилган ғалабага эришишди. Чарчоқ “Обод” футболчиларида ҳам бор эди, лекин уларнинг очко йўқотишга умуман ҳаққи қолмаганди.

Пешқадамларни изма-из таъқиб қилиб келаётган жамоалар ҳам тўхташ ниятида эмас. Олий лигага чиқишга даъвогарларнинг яна бири “Хоразм” мазкур турда “Пахтакор-2”ни қабул қилди ва “Зомин” сингари ҳар бир бўлимда биттадан гол урди. “ЎзДонгЖу” эса, пешқадам “Оқ-тепа” мағлубиятга учраган “Машъал-2” меҳмони бўлиб, рақибни йирик ҳисобда “таслим” этди. “Бўёқчилар” “газчилар” дарвозасини оз эмас, кўп эмас нақд 5 (!) марта ишғол қилди. Биринчи даврдаги ўйинда жамоалар дуранг ўйнашганди. Аввалги мақолаларимизда таъкидлаганимиздек, олий лигага чиқишга асосий даъвогарлар қолган турларда бир-бирларини очко йўқотишини кутишдан ташқари, кучли бешликдан жой олиб турган жамоаларнинг ҳам хатосини кутади, чоғи?! Чунки “Оқ-тепа” яна бир марта хатога йўл қўядиган бўлса, “Обод” билан очколари тенглашади. Аксинча, “Обод” хато қилса, “Оқ-тепа”ни олдинга ўтказиб юборишдан ташқари, ортидагиларни олдинга ўтказиб юборади. Хуллас, икки Тошкент жамоасига қолган беллашувларда осон бўлмайди. Оддий мисол, “Оқ-тепа” 10-турда «Зомин»га ютқазди. “Обод”ни ўз майдонида “ЎзДонгЖу”, “Цементчи”га, сафарда “Ёзёвон-Лочинлари”га қарши ўйинлар кутиб турибди.

11-тур олдидан
Иккинчи босқичнинг иккинчи қисми давом этаётган бир вақтда турнир жадвали уч қисмга ажралиб қолди. Пешқадам ва унинг ортидан қувиб келаётган жамоалар дастлабки саккиз поғонани эгаллаган бўлса, 9-14-ўринлардан жой олган клубларнинг очколари фарқи биттани ташкил қилмоқда. Биргина хато бир жамоани аутсайдерга айлантирса, бошқасини юқори ўринларга олиб чиқади. Шу боис, турнир жадвалининг иккинчи қисмида деярли ҳар турда жиддий ўзгаришларга гувоҳ бўляпмиз. 

Жадвалнинг учинчи қисмидан “Орол” ва “Ғиждувон” жой олган. Ҳар иккала клуб ҳам олдиндаги жамоаларни сезиларли даражада олдинга ўтказиб юборишди. Аҳамиятлиси, жамоалар 10-турни ўз уйида ўтказиб, мағлубиятга учради. “Орол” “Цементчи”га ютқазиб қўйган бўлса, “Ғиждувон” Фарғонанинг бошқа бир клуби “Ёзёвон-Лочинлари”га очко тақдим қилди. Кишини хурсанд қиладиган жиҳати шуки, 9-турда молиявий қийинчиликлар сабабли Ёзёвонга бора олмаган Неъматилла Қуттибоев бошчилигидаги нукуслик футболчилар тақдири ижобий ҳал бўлди. Маълум бўлишича, клуб раҳбарияти йиғилиш ўтказиб, жамоа буёғига сафар ўйинларининг барчасига боришини айтган ва молиявий муаммолар бўлмаслигига ҳам урғу қаратган. 

11-тур ўйинлари 9 ва 10 октябрь кунлари бўлиб ўтади. Бу тур ҳам бизга қизиқарли ўйинларни тақдим қилади. Жумладан, Андижонда “ЎзДонгЖу” “Хоразм”ни қабул қилади. Учрашувда ғалаба қозонадиган жамоа иккинчи ўрин учун бўлаётган курашни давом эттиради. Дуранг эса, клубларни пешқадамлардан бироз узоқлаштиради. “Пахтакор-2” – «Обод» ва «Оқ-тепа» - “Локомотив-БФК” жамоалари ўртасидаги беллашув ҳам қизиқарли кечишини тахмин қилиш мумкин. Биринчидан, клублар ҳар доим пешқадамларга жиддий қаршилик кўрсатишган. Иккинчидан, пешқадам биринчи даврада “темирйўлчилар”га ютқазиб қўйган, ёш “шерлар” эса, рақибидан йирик мағлубиятни қабул қилиб олган. Қисқаси, ҳар иккала жамоа ҳам биринчи даврдаги аламини олиш учун ҳаракат қилади. Қолаверса, пешқадамларнинг очко йўқотишига ҳаққи йўқ! Тошкентда бўлиб ўтадиган “НБУ-Осиё” – «Зомин» учрашуви ҳам томошабоп ўтса керак?! Ҳар ҳолда зоминликлар ўтган турда пешқадамни мағлубиятга учратди. Жамоада кайфият юқори эканлиги маълум. Аксинча, “банкирлар” “Обод”га ютқазди. Асосийси, биринчи даврада Зоминда мезбонлар ютқазган. Табиийки, пойтахтда ўша мағлубият аламини олишга ҳаракат қилади. Очко йўқотиш эса, “НБУ-Осиё”ни пешқадамлардан янада узоқлаштиради. Бу гап “Зомин”га ҳам тегишли. Ҳозирча юқори ўринларда яққол “монополия” йўқ. Турдан-турга қизиқарли ўтаётган учрашувлардаги ҳар қандай натижа “монополия”га олиб келиши ёки аксинча, мусобақа янада қизиқарли ўтишини таъминлаши мумкин. Ҳозирча бизда иккинчиси, яъни, ўйинлар қизиқарли ўтмоқда. Аслида ҳар бир чемпионат шундай ўтиши керак. 1-лига бундай кўриниш олганининг асосий сабаби шуки, мусобақада ҳақиқий биринчи лига клублари иштирок этмоқда. Агар йил бошида ПФЛ “Андижон” билан “Сўғдиёна”ни юқорида олиб қолмаганида ҳозир қуйида мазкур клублар муддатидан аввал олий лига йўлланмасини ҳал қилиб улгурган ва мусобақага қизиқиш пасайишига сабаб бўлган бўларди. Хуллас, кузатишда давом этамиз! Бизни қизиқарли ўйинлар кутмоқда! 

11-тур. 9 октябрь (жума)
ЎзДонгЖу - Хоразм
Ёзёвон-Лочинлари - Машъал-2
Цементчи - Ғиждувон
Хотира-79 - Орол
Косонсой - Насаф-2
Оқ-тепа - Локомотив-БФК
НБУ-Осиё - Зомин
10 октябрь (шанба)
Пахтакор-2 - Обод

Манба: arena.uz
Киритилди: 23:36, 08.10.2015.
Ўқилди: 2953 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.