Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида бокс бўйича жаҳон чемпионатининг сўнгги кун жанглари бошланди. Дастурдан ўрин олган илк баҳс ўзбекистонлик боксчи иштирокида бўлиб ўтди.
Элнур Абдураимов 60 кг.гача бўлган вазнда ярим финалда имкониятни бой берганди. У бразилиялик Робсон Консейсао қарши Рио-2016 олимпиада йўлланмаси учун жанг олиб борди.
Тенгма-тенг курашлар остида кечган баҳсда ҳамюртимиз бироз аниқроқ, бироз тезроқ, бироз эҳтиёткорроқ (ҳимояда) ҳаракат қилди ва ҳақли равишда ғалаба қозонди, 3:0 (29:28, 29:28, 29:28).
Мазкур вазнда аввалроқ Хуршид Тожибоев профессионал бокс йўналиши бўйича олимпия ўйинлари йўлланмасига эга бўлганди. Демак, бу вазн тоифасида бизда Рио-2016га бориш учун икки даъвогар пайдо бўлди. Бразилияга қайси спортчи боришини Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси ҳал қилади.