Челси” клуби бош мураббийи Жозе Моуриньо Англия футбол ассоциацияси томонидан дисквалификация қилинишига ўз муносабатини билдириб ўтди.
“Оёғимга электрон браслет тақиб, уй қамоғига ҳукм қилиб қўйишмаганига ҳам раҳмат.
Бугунги кунда бундай тақиқлар ва қарорларнинг мавжудлигини шармандалик деб биламан. Сизлар бу қарорлардан хурсанд бўлганга ўхшайсиз. Ҳозирда ҳар бир сўзим ўзимнинг зараримга хизмат қилиши мумкинлигини биламан.
50 минг фунтлик жарима – ёқимсиз ҳолат. Стадионга келишим тақиқланиши – ундан ҳам ёмон.
АПЛда мураббийнинг қисмати оғир. Биз ўзимиз истамасак ҳам матбуот анжуманларида қатнашишга мажбурмиз”, - дейди Моуриньо.
У шунингдек, мураббийлик фаолиятини қачонгача давом эттириш ҳақида айтиб ўтган.
"Буни аниқ айтиш қийин, лекин ўйлашимча, яна 15 йил давомида мураббий сифатида ишлай оламан. Мен ҳозирда мураббийлик соҳасидаги йўлимнинг ярмидаман, 15 йилдан бери мураббийлик қилиб келаман. Менимча, 67 ёш мураббийликни тарк этиш учун энг қулай вақт бўлади. Лекин бу 15 йилни "Челси"да ўтказишга кўзим етмайди. Ахир замонавий футболда бир жамоада бунча узоқ вақт давомида ишлаш имкони деярли йўқ. Мен албатта ўз фаолиятимни Лондонда якунлашни жуда ҳам хоҳлайман, лекин бунинг иложи бўлмаса керак", дейди мураббий.
Эслатиб ўтамиз, 52 ёшли мутахассис "Саутгемптон"га қарши 3 октябрь куни ўтказилган АПЛнинг 8-тури доирасида ўйиндан (1:3) кейин ҳакам қарорини муҳокама қилгани учун 50 минг фунт миқдорида жаримага тортилди ва битта ўйинга дисквалификация қилинди.
Маълумот учун, айни вақтда унинг бошқарувидаги жамоа 8 турдан кейин 8 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалининг 16-ўрнида жойлашган.