Кириш Регистрация

Жамшид Искандеров: «Мақсадимиз - мавсумни юқори нотада якунлаш»

Баҳо:
+ | -

Жароҳати сабаб узоқ муддатга сафдан чиққан Жамшид Искандеров аввалги спорт формасини аста-секин тиклаяпти. Мураббийлар истеъдодли футболчини захирадан майдонга тушириб, ўйин амалиётини шакллантиришига замин ҳозирлашмоқда. Албатта, «Пахтакор» ярим ҳимоячиси тўлақонли ўйин намойиш этиши учун энг аввало, жароҳатидан батамом фориғ бўлиши лозим. Жамшид Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг Тошкентда ташкил этилган йиғинида ҳам қатнашди. Хусусан, «Навбаҳор»га қарши кечган ўртоқлик учрашувида тахминан 20 дақиқа ҳаракат қилди. Мавсум якунланиш арафасида. Энди ярим ҳимоячи бор эътиборини келгуси йил январида бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига қаратса, ажаб эмас. Зеро, Қатар мезбонлик қиладиган турнирда Олимпиада йўлланмалари ўйналади. Яқинда Жамшид Искандеровни суҳбатга чорлаб, унга ўзимизни қизиқтирган саволлар билан мурожаат этдик.

- Жамшид, дастлаб болалик йилларингиз, футболга илк қадам қўйган кезларингиз ҳақида гапириб берсангиз...

- Хоразм футболи тарбияланувчисиман. Ҳамма болалар қатори ёшлигимда кўча чангитиб, тўп тепганман. Кунларнинг бирида тоғам ўйинимни кўриб, «Ҳаракатларинг чаккимас, сендан яхши спортчи чиқиши мумкин», деб футбол мактабга олиб бордилар. Мураббийлар кўригидан муваффақиятли ўтиб, мактаб-интернатга ўқишга кирдим ва шу тариқа миллионлар ўйинига ошно тутиндим. Катта футболдаги илк қадамлар ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. Машғулотнинг биринчи куни болаларнинг зўр иштиёқ билан шуғулланаётгани, тўп билан муомала қилаётганини кўриб, футболга бўлган меҳрим янада ошди. Устозларимизнинг саъй-ҳаракатлари самара бериб, секин-аста ўйинимизда ижобий ўзгаришлар кузатилди. Биринчи мураббийим Олим Давлетовдан умрбод миннатдорман. Ҳозирги даражага эришишимда бу мутахассиснинг хизматлари ва ҳиссалари беқиёс. Машғулотларда жуда талабчан эдилар...

- Ҳар бир ёш футболчининг орзусидаги клуб - «Пахтакор»да қандай пайдо бўлгансиз?

- 2005 йили Жиззахда футбол мусобақаси ўтказилганди. Ўшанда «Пахтакор» академияси жамоасига қарши тўп сурганмиз. Мазкур турнирдан сўнг Жалолиддин Машарипов ва мени «Пахтакор» академиясига таклиф қилишган. Албатта, бу биз учун кутилмаган чорлов эди. Шу тахлит 1993 йилда туғилган академия тарбияланувчилари билан бирга маш­ғулот ўтказишни бошладик. Жамоага Ким Дмитрий Макарович мураббийлик қилардилар. Мана, кўз очиб-юмгунча «Пахтакор» жамоасига келганимга ҳам 10 йил бўлибди...

- Ҳар бир ёш футболчи кимгадир ҳавас қилиши натижасида миллионлар ўйинини танлайди. Хўш, сизнинг бу борадаги қарашларингиз қандай бўлган?

- Ярим ҳимоя вакилларига ҳавас қилганим туфайли ҳам ҳозирда шу чизиқда ҳаракат қиляпман. Ёшлигимда Миржалол Қосимовнинг ўйинларини мириқиб кузатардим. Улар мен учун афсонавий футболчи эдилар. Кейинчалик «Пахтакор»нинг юлдуз футболчилари - Сервер Жепаров ҳамда Одил Аҳмедовга ўхшашга интилдим. Машғулотларда уларнинг ўйинларидан андоза олиш пайида бўламан.

- Ҳар иккала оёқда ҳам зарба бера оласиз. Ушбу тоифадаги футболчилар айниқса, бизнинг футболда жуда камёб. Сиздаги айни истеъдодни мураббийлар ёшликдан бошлаб шакллантиришганми ёки бу туғма қобилиятми?

- Менимча, ҳар бир мураббий футболчидан зарба бериш чоғида ўнг ва чап оёқдан бирдек фойдаланишни талаб қилса керак. Хусусан, менга ҳам устозларим машғулотларда шундай кўрсатма беришарди. Шуғулланиш жараёнида буни кўп машқ қилганман. Мазкур ҳолат стандарт вазиятларда ҳам асқотади, чунки майдоннинг исталган қисмидан зарба йўллаш имкони туғилади. Энг муҳими, рақиб қаердан хавф келишини билмайди. Дарвозабон ва ҳимоячилар тўп узатилишини кутишаётган паллада бир зарба билан дарвозани ишғол қилиш мумкин...

- «Пахтакор» мухлислари сизни анча соғиниб қолишди. Афсуски, жароҳат сабаб маълум муддат яшил майдондан узоқлашдингиз. Ана шу «ўйиндан ташқари ҳолат»даги вақтингизни қандай ўтказдингиз?

- Жароҳат олишни душманимга ҳам раво кўрмайман. Чунки бу - спортчилар, хусусан, футболчиларнинг ҳам энг катта душмани. Шундай ҳолатларда севимли машғулотингиздан йироқда бўласиз, худди соат миллари тўхтаб, вақт жуда секин ўтаётгандек туюлади. Айниқса, жамоангиз ўйинини майдон ташқарисидан кузатиш жуда оғир. Баъзан шерикларимга ёрдам беролмаётганимдан жаҳлим чиқади, асабим бузилади.

- Ғалвир сувдан кўтариладиган вақт ҳам етиб келди. Чемпионлик масаласи ҳал бўладиган ўйинлар бошланяпти. Нима деб ўйлайсиз, «Пахтакор» энг яқин таъқибчиси - «Локомотив» билан ўртадаги очколар фарқини мавсум сўнгига қадар сақлаб қола олармикан?

- Афсуски, Фарғонада «Нефтчи»дан қабул қилиб олинган мағлубият биз учун ортиқчалик қилди. Оқибатда «Локомотив» билан ўртадаги фарқ икки очкогача қисқарди. Аслида, мавсум бошидан бери ўтказилган барча ўйинлар қийин кечди. Чунки ҳар бир жамоа чемпионга қарши ўзгача иштиёқ, бошқача шижоат билан қаршилик кўрсатади. Агар улар ҳар бир учрашувга шундай тайёргарлик кўришганида, футболимиз сезиларли тарзда ривожланарди. «Нефт­чи» билан ўйинга келсак, Фарғонадаги учрашувни бевосита томоша қилиш мақсадида водийга бордим. Йигитлар қўлдан келганча ҳаракат қилишди. Лекин афсуски, ўйлаганларимиз амалга ошмади. Шунга қарамай, «Сўғдиёна»га қарши ўйиндаги ғалабадан сўнг вазият яна ижобий тус олди. Боиси, мазкур турда «Локомотив» очко йўқотди.

- Мавсумнинг қолган қисмида «Пахтакор»ни янада мураккаб ўйин­лар кутиб турибди. Гарчи Вадим Абрамов истеъфога чиқарилган бўлсада, «Локомотив»нинг очко йўқотишини кутиш нотўғри. Тан олайлик, «темирйўлчилар»нинг сўнгги турлардаги рақибларига очко унчалик зарур эмас. Бу эса уларга чемпионлик йўлида қўл келиши тайин. Тақвимдаги ноқулайлик ҳал қилувчи паллаларда «Пахтакор»га панд бериб қўймасмикан?

- Юқорида айтганимдек, «Пахтакор» учун ҳеч бир ўйин осон кечмаяпти. Албатта, сўнгги дамларда чемпионликни бой бериш аламли. Мақсадимиз - қолган ўйинларда майдонга жиддий тайёргарлик ва кўтаринки кайфиятда чиқиб, мухлисларимизни хушнуд этиш ва шу тариқа, мавсумни юқори нотада якунлаш...

- Умуман, бу галги чемпионат ҳақида қандай фикрдасиз? Сизнингча, ривожланиш кўзга ташлан­яптими?

- Тўғри, катта ўсиш кузатиляпти, деёлмайман. Лекин футболимиз бир жойда тўхтаб қолмади, аста-секинлик билан олдинга силжиш давом этяпти. Ҳар бир ўйин кескин руҳда, финалга хос тарзда ўтса, бундан биринчи галда футболимиз ютади. Қолаверса, стадионларга мухлисларни қайтарардик...

- Олимпиячиларимизни олдинда ўта муҳим мусобақа кутиб турибди. Мухлислар терма жамоамизнинг Рио-2016 Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритишини кутишяпти, шунга ишонишяпти. Гуруҳдаги рақиблар маълум. Шахсан сиз, терма жамоамизнинг етакчи футболчиси сифатида термамизнинг Бразилияга бориш имкониятини қандай баҳолайсиз?

- Таркибимиз жуда кучли. Ҳар бир чизиқда кучли рақобат ҳукмрон. Муҳими, футболчилар ўз клубларида доимий ўйин амалиётига эга бўлишяпти. Аҳил жамоа сифатида мураббийлар берган кўрсатмалар ортиғи билан бажарилса, албатта, ўз олдимизга қўйган мақсадга эришамиз. Насиб қилса, 2016 йилги Бразилия Олимпиадасида ҳам мазмунли футбол намойиш қилишга ҳаракат қиламиз. Терма жамоанинг ҳар бир аъзоси шу ҳақида ўйлаяпти, ниятлар якдил. Осиё чемпионатида кучли учликка кириш учун имкониятларимиз етарли.

- Сизга миллий термамизда ўйнаш бахти ҳам насиб қилди. Табиийки, бу билан яна бир орзунгиз амалга ошди. Бош жамоадаги илк ўйин қалб­га умрбод муҳрланади, шундай эмасми?

- Эсимда, миллий термадаги дебютим ЖЧ-2014 саралаш босқичи доирасидаги Иорданияга қарши сафар учрашувига тўғри келган. Ўшанда Миржалол Қосимов менга ишонч билдириб, майдонга туширгандилар. Очиғи, буни кутмагандим. Захира ўриндиғида баҳсни кузатиб ўтирсам, мураббийи­миз «Машқ қилиб тур, ҳозир майдонга тушасан», деб қолдилар. Бу жумлалар ҳозиргача қулоғим остида жаранг­лайди. Бир томондан хурсандчилик, иккинчи томондан эса ўта масъулиятли ўйиндаги дебют ҳаяжони. Ҳар ҳолда, биринчи учрашувдаёқ мухлисларда ёмон таассурот қолдириш яхши эмас. Биласизми, ўша дақиқалар икки ҳисса қувонч бахш этган. Ёшлигимда ҳавас қилган футболчим менга ишонч билдириб, миллий термадаги илк ўйи­нимни ўтказишимга замин ҳозирлади. Бошқа томондан, Сервер Жепаров ва Одил Аҳмедов сингари маҳоратли футболчилар билан елкама-елка тўп суришиш бахти насиб қилганди. Қачонлардир уларга майдон четидан тўп узатиб турганман. Орадан йиллар ўтиб, мен учун афсонага айланган ўйин­чилар билан ҳамнафас бўлдим. Бундан ортиқ бахт борми?

- Самвел Бабаяннинг Ўзбекистон миллий термасига бош мураббий этиб тайинланиши дастлаб кўп эътирозларга сабаб бўлди. Бу мутахассис билан яқиндан танишсиз, у ҳақида фикрингиз қандай? Нима деб ўйлайсиз, у бош жамоамизни ЖЧ-2018 финал босқичига олиб чиқа олармикан?

- Мен бунга ишонаман. Самвел Вячеславович юқори савияли мутахассис. Ҳар бир футболчининг кўнглига йўл топади, ўз фикрини уқтира олади. Мана, кўрсаткичлар ҳам ёмон эмас. Бабаян қўл остида терма жамоамиз 3та ўйинда 100 фоизлик натижа қайд этди. Айниқса, Баҳрайн билан меҳмонда кечган учрашувда тарихий ғалабага эришилди. Статистикага эътибор қаратсак, шу пайтгача ушбу термани расмий ўйинларда мағлуб этолмаган эканмиз. Бош жамоамиз айнан Самвел Бабаян қўл остида бу нохуш анъа­нага чек қўйди. Қолаверса, Филиппиннинг меҳмонда йирик ҳисобда таслим этилганини ҳам унутмаслик даркор. Олдинда янада муҳим ўйинлар кутиб турибди. Энг аввало, КХДР термасидан биринчи даврадаги мағлубият учун реванш олиш керак. Ўйлайманки, Тошкентда ўтадиган учрашувда ғалаба қозониб, мухлисларни хушнуд этамиз.

- Европа футболига ҳам бефарқ эмасдирсиз?

- Албатта, Евро-2016 саралаш баҳс­ларини астойдил кузатдим. Анг­лияга мухлислик қилдим. Инглизлар гуруҳдаги 10та ўйиннинг барчасида ғалаба қозониб, ўзига хос рекорд қайд этишди. Кутилмаган натижалар ҳам кўп учради: Албания термаси Европа чемпионатининг финал босқичига йўлланма олди, голландлар эса энди мусобақани мухлислар сафида кузатишади. Нисбатан кучсизроқ жамоаларнинг Евро-2016да қатнашиш имконини қўлга киритишларига бир томондан турнир иштирокчилари сонининг ошгани ҳам сабаб бўлди, деб ўйлайман. Чунки эндиликда кўҳна қитъа кубоги учун 16та эмас, балки 24та терма жамоа курашади.

- Асосан қайси мамлакат чемпионатини томоша қиласиз?

- Англия премьер-лигаси кўпроқ ёқади. Ҳар бир баҳс шиддатга бой тарзда кечади. Ўйинда қандай ҳисоб қайд этилишини олдиндан тахмин қилиш мушкул. Турнир жадвалининг қуйи поғоналарида бораётган клубларнинг етакчини мағлубиятга учратиши оддий ҳол. Мана, бу йилги чемпионатни олайлик, «Челси» турнир жадвалида аутсайдерлар қаторида юрибди. Аксинча, ўртамиёна жамоа­лар пешқадамлар сафидан жой эгаллашган. Бу каби интригага бой чемпионатни кузатиш кишига завқ бағишлайди. Испанияда иккита чемпионат бор: бирида «Барселона» ва «Реал» ўзаро ҳисоб-китоб қилишса, иккинчиси қолган клубларники. Анг­лияда эса аксинча, ҳар бир ўйин жуда қизиқарли ва ҳужумкор руҳда ўтади. Аутсайдер жамоа ҳимояга ётиб олиб, ўйин вақтини чўзмайди.

- Фараз қилинг, сизга Испаниянинг кучли, Англиянинг эса ўртамиёна клубидан таклиф тушди. Қайси бирини қабул қилардингиз?

- Ҳеч иккиланишсиз туманли ўлкага йўл олардим.

- Футболдан ташқари бўш вақтлар ҳам бўладими?

- Жуда кам, лекин йўқ эмас. Бўш вақтимни кўпроқ дўстларим билан ўтказишга интиламан. Кейин оила аъзоларим ва қариндошларимни йўқлаш мақсадида Хоразмга бориб келаман.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:44, 25.10.2015.
Ўқилди: 3678 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.