Самарқанднинг “Динамо” клуби аъзоси Жаҳонгир Ўрозов фаолиятини Россия Премер Лигасида иштирок этадиган Қозоннинг "Рубин" клубида давом эттириши маълум қилинганди. Ўрозов "Рубин"га қўшилишдан олдин тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтди, деб хабар берди Sport24.
Қозон клуби Самарқанднинг "Динамо" клуби билан шартноманинг барча бандлари бўйича келишиб олди. 22 ёшли футболчи аллақачон янги жамоаси билан машғулот ўтказмоқда ва бўлажак ўйинга тайёргарлик кўрмоқда. Расмий трансфер тез орада эълон қилинади.
"Рубин" Ўрозовнинг ижараси учун 100 000 евро тўлайди. Агар ҳимоячи ушбу мавсумда жамоа расмий ўйинларининг камида ярмида майдонга тушса, "Рубин" Ўрозовни 700 000 еврога харид қилиши мумкинлиги шартномада белгилаб қўйилган.
Ўрозовнинг Қозондаги маоши йилига 450 000 еврони ташкил қилади. "Динамо"да у ойига тахминан саккиз минг доллар, йилига эса тахминан 96 минг доллар ишлаб топган.
Маълумот ўрнида, Жаҳонгир Ўрозов Ўзбекистон Суперлигасидаги ўйинлари орқали терма жамоа бош мураббийи Фабио Каннаваро эътиборига тушган. Футболчи Ўзбекистоннинг ЖЧдаги илк ўйинида захирадан ўйинга қўшилган бўлса-да, кейинги ўйинларда асосий таркибда майдонга тушди. Хусусан, Ўрозов Конго ДР миллий жамоасига қарши учрашувда 7 марта хавфни бартараф этган.













