Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Сурияга қарши учрашув олдидан жамоанинг тайёргарлиги ва футболчилар ҳолати ҳақида маълумот берди.
Италиялик мутахассиснинг таъкидлашича, Эронга қарши баҳс олдидан фарқли ўлароқ, бу сафар жамоада тайёргарлик учун кўпроқ вақт бўлган. Шу билан бирга, Каннаваро навбатдаги ўйинда футболчилардан янада юқори суръат ва концентрация кутаётганини айтди.
Унинг фикрича, Эронга қарши баҳсда рақибнинг даражаси футболчилар учун ўзи катта мотивация бўлган. Сурияга қарши учрашувда эса жамоа ўз ўйин фалсафасига содиқ қолиб, темпни пасайтирмаслиги муҳим.
Каннаваро таркибдаги айрим муаммоларга ҳам тўхталди. Муҳаммадрасул Абдумажидов муайян сабабларга кўра эртанги баҳсда иштирок эта олмайди.
Дарвозабон Абдувоҳид Неъматовнинг қўлида эса енгил жароҳат бор. Бош мураббий бу ҳолат жиддий эмаслигини, аммо якуний қарор шифокорлар хулосасидан кейин қабул қилинишини маълум қилди.
Ўзбекистон ва Сурия ўртасидаги ўртоқлик учрашуви 1 октябрь куни "Пахтакор" стадионида бўлиб ўтади. Баҳс соат 19:00 да бошланади.













