Бугун олий лиганинг 27-туридан ўрин олган баҳслар давом эттирилади. Чемпионлик учун курашаётган “Локомотив” сафарда “Қизилқум” меҳмони бўлади.
Асосий таркиб аъзолари кеча Навоий шаҳрига етиб келишди ва кечки пайт ўйин бўладиган стадионда машғулот ўтказишди. Футболчиларни Мирко Йеличич ва Андрей Микляев шуғуллантирган бўлса, дарвозабонлар билан Пётр Гизимчук ишлади. Шуни айтиш лозим, “Қизилқум” стадионининг майдон ҳолати идеал даражада эмас. Бундай майдонда қандай қилиб чиройли ўйин кўрсатиш мумкин, ҳайронмиз. Бунинг устига ПФЛнинг бундай майдонда олий лига учрашувларини ўтказишга рухсат берганини ҳам тушуниш мушкул.
Бизга майлум бўлишича, Навоийдаги янги стадион фойдаланишга топширилган, бироқ унинг ҳам майдони яхши эмас, шу боис таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. “Қизилқум” билан ўйинда асосий ҳимоячиларимиздан бири Ислом Тўхтахўжаев енгил жароҳати боис иштирок эта олмайди. Мураббийлар уни Тошкентда қолдиришди. Қолган барча ўйинчилар эса соғ-саломат ва улар бугунги ўйинга тайёр.
Майдон ҳолати яхши бўлмагани сабаб бугун “Локомотив”нинг нафақат рақиб, балки майдон билан ҳам курашишига тўғри келади. Шундай экан, футболчиларимизга қийин бўлиши аниқ, аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам ғалаба қозонмасак бўлмайди. Чунки “темирйўлчилар”ни ҳозирда пешқадам “Пахтакор” билан атиги бир очко ажратиб турибди ва мабодо “Пахтакор” очко йўқотадиган бўлса, бизда биринчи ўринга кўтарилиб олиш имконияти пайдо бўлади. Шундай экан, жамоамиздан бугунги баҳсда ҳам навбатдаги уч очкони қўлга киритишини кутиб қоламиз.
Қуйидаги фотосуратлар орқали “Қизилқум” стадионининг бугунги ҳолатини кўришингиз мумкин.