Мавсум охирлагани сари чемпионлик учун кураш қизғин тус олиши турган гап. Кўз тегмасин, бу йил олий лигада интрига анча кескин. Чемпионат тугашига уч тур қолибди ҳамки, ким чемпион бўлишини аниқ айтолмаймиз. Агар ўтган йили шу вақтда «Пахтакор»нинг ғолиблиги аниқ бўлиб улгурганини инобатга олсак, жорий мавсум биз учун ажойиб совға ҳадя этди. Олдинда бизни жуда қизиқарли ўйинлар кутиб турибди. Аммо бугунги суҳбатимиз мавзуси етакчилар эмас, балки аутсайдерлар ўртасида кечадиган кураш ҳақида бўлади.
АУТСАЙДЕРЛАР
Чемпионлик интригаси қизғин кечаётган бир паллада олий лигада қолиш учун курашаётганлар ўртасидаги кураш ҳам ундан асло қолишмаяпти. Охирги турлар учта аутсайдерни яққол ажратиб берди - «Динамо», «Сўғдиёна» ва «Бухоро». Мавсум охирида бу жамоалар қайд этадиган натижа ҳамманинг эътиборида бўлади. Яхши ўйнаб, элитада қолишни уддалаган клуб эса чемпиондан кам хурсанд бўлмаслиги турган гап. Шуларни инобатга олган ҳолда, мавсум охирида сиз албатта, кўришингиз шарт бўлган ўйинларга диққатингизни жалб этишга қарор қилдик. Қуйида муҳимлиги жиҳатидан «Насаф» - «Пахтакор» учрашувидан қолишмайдиган уч ўйин билан танишишингиз мумкин.
«АНДИЖОН» - «ДИНАМО»
«Андижон» охирги учта турда кетма-кет ғалабага эришгач («Андижон» - «Металлург» - 1:0, «Нефтчи» - «Андижон» - 0:1, «Андижон» - «Сўғдиёна» - 3:2) аҳволини анча ўнглаб олди ва 27 очко жамғариб,14-ўриндаги «Динамо»дан нақ беш очкога илгарилаб кетди. Аммо мавсум охирида бўладиган ўйинларда андижонликлар анча терлашларига тўғри келади. Чунки воқеалар жараёни бошқача тус олган тақдирда, «Динамо» «Андижон»га етиб олиши ҳеч гап эмас. Боиси, охирги уч турда андижонликлар «Динамо»дан ташқари, «Пахтакор» ва «Бунёдкор» билан сафарда куч синашишлари лозим. Бу эса «Динамо»га қарши кечадиган учрашув ҳал қилувчи аҳамият касб этишини билдиради.
Шундай экан, бу ўйинни асло ўтказиб юбормаслигингиз лозим. Айниқса, андижонлик бўлсангиз, бунга асло ҳаққингиз йўқ...
«СЎҒДИЁНА» - «БУХОРО»
Аслида, «Сўғдиёна» ва «Бухоро» ўртасида кечадиган учрашувнинг аҳамияти ҳақида кўп гапириш шарт эмас. Шунчаки мусобақа жадвалига бир назар ташлаган мухлис дарҳол буни тасдиқлаши турган гап. Буни қарангки, худди атай қилгандек, охирги ўриндаги икки жамоанинг кураши ҳам охирги турга тўғри келмоқда. Мухлислар учун бундан ортиқ совға бўлиши мумкинми?
«Бухоро» охирги турларда «Сўғдиёна»дан ташқари, «Металлург» билан сафарда, «Нефтчи» билан ўз майдонида куч синашиши лозим. Жиззахликлар эса «Олмалиқ» билан ўз майдонида, «Қўқон-1912» билан сафарда ўйнайдилар. Табиийки, аутсайдерларга ҳеч ким шунчаки очко улашмаслиги турган гап. Бу ҳолат эса ўз навбатида сўнгги турдаги кураш шиддатини янада оширади.
Бу учрашувда «Сўғдиёна» кичик устунликка эга - жиззахликлар ўз майдонларида ўйнайдилар. Аммо Даврон Файзиев шогирдлари «Динамо»га қарши кечган яна бир принципиал ўйинни айнан Жиззахда бой берганини эсласак (1:2), «Ўз майдонингда деворлар ҳам ёрдам беради», деган нақл «Сўғдиёна»га аталмаганини кўрамиз. Шундай экан, Жиззахда бўладиган кураш анча қизиқарли кечиши турган гап.
ОЛИЙ ЛИГА 15-ЎРИН - БИРИНЧИ ЛИГА 2-ЎРИН
Аммо таъкидлаш лозим, «Сўғдиёна» ва «Бухоро» ўртасида кечадиган учрашув олий лигада қолиш учун бўлмаслиги ҳақиқатга яқинроқ. Боиси, улар нари борса 15-ўрин учун курашадилар. Бу поғона эса элитада қолиш ҳуқуқини бермайди, шунчаки қуйи лигада 2-ўринни олган клуб билан «плей-офф» баҳсида майдонга тушиш лозимлигини билдиради, холос. Шундай экан, аутсайдерлар курашида ғолиб чиққан жамоа учун ҳали ҳаммаси олдинда, деб айтиш мумкин.
Энди эътиборингизни биринчи лигага қаратсак. Бу ерда вазият шундайки, асосий кураш «Оқ-тепа» ва «Обод» ўртасида кечмоқда. Учинчи ўриндаги «УзДонгЖу» эса ҳар қанча уринмасин, энди уларга етиб ололмаса керак. Жорий мавсумдан бошлаб қуйи лигадан юқорига чиқиш формати ўзгартирилган, энди биринчи лига ғолиби тўғридан-тўғри олий лигага йўл олса, иккинчи ўрин соҳиби элитада 15-ўринни эгаллаган клуб билан «плей-офф» баҳсида майдонга тушиши лозим.
Ҳозир эса вазият шундайки, бу учрашувда кимлар қатнашиши бироз бўлсада ойдинлашгандек. Юқоридан «Бухоро» ёки «Сўғдиёна» астойдил бел боғлаб турган бўлса, қуйидан «Оқ-тепа» ва «Обод» олий лига иштиёқида. Биз фақат чиройли ўйин тарафдоримиз. Бу баҳсда қайси жамоа майдонга тушмасин, шиддатли кураш намойиш этиб берса бўлгани. Ўзини ҳақиқий футбол мухлисиман деганлар эса бу ўйинни ўтказиб юбормаслиги шарт...