Ушбу мақолани ўқиётганлар орасида уйланганлар бўлса, мақолани ўқиш жараёнида ўз рафи қ алари билан қандай танишганликларини бир эслаб қўйишса ажаб эмас. Мақоламиз бироз ноодатийроқ . Яьни машҳур тўп усталарининг ўз рафиқалари билан қандай танишганликлари ҳақида. Бу сизни қизиқтирса ўқишни тавсия етамиз, мабодо буни менга нима қизи ғи бор деб ҳисобласангиз кўзни юмингда кейинги саҳифага ўтаверинг.
Футбол юлдузлари учун қизлар билан танишиш ортқича муаммо эмас деб ҳисоблагувчилар бироз адашишади. Ҳа тўғри футболчилар учун қиз топиш асло муаммо эмас. Аммо ўзи севиб қолган инсоннининг кўнглини топавериш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.
Маьлум бўлишича «Ливерпуль» ва Англия терма жамоаси етакчиларидан бири Стивен Жерард романтик муносабатларда бироз тортинчоқ экан. Яшил майдонда ҳақиқий жангчи, лекин ҳаётда тортинчоқ бўлган Стивен билан унинг рафиқаси Алекс Карран дастлаб учрашишни хоҳламаган экан. Юлдузли жуфтлик 2002 йилда кутилмаган вазиятда танишганлар. Оқсоч гўзални бир кўришдаёқ севиб қолган Стивен у билан келиб танишишга дастлаб юраги бетламаган. Шунинг учун у дўстларидан бирини «воситачи» қилиб, ўзининг «қаҳрамонликлари»ни унга сўзлаб беришини илтимос қилади. Лекин Алекс Карран «қаҳрамон» бу футболчи у билан танишишни хоҳласа, ўзи биринчи қадамни ташлаши кераклигини, Жерардсиз ҳам кўплаб яхши йигитлар уйининг остонасида пойлоқчилик қилишларини «воситачи»га уқтиради. Натижада Жерард бир неча кунлик тайёргарликлардан сўнг ўзида жасорат топиб, Алексга қўнғироқ қилди ва шундан сўнггина улар ўртасидаги ишқий муносабатлар бошланди.
Укариналик ярим ҳимоячи Анатолий Тимошук мактабнинг юқори синфида ўқиб юрган пайтлари Надежда билан маршрут таксида танишиб қолган. Улар дастлаб дўстлашиб олишди, кейин бора-бора муносабатлари чуқур илдиз олиб, самимий муҳаббатга айланди.
Россиялик ҳужумчи Александр Кержаков эса ўз жуфти ҳалоли ҳисобланадиган Маша Голова билан талабалик даврида танишишган. Улар анча узоқ, деярли бир йил давомида бир-бирларини ўрганишган. Машанинг сўзларига қараганда, Саша танишувнинг илк кунлариданоқ унга ёқиб қолган. «Саша оғир табиат, босиқ инсон экан. Бизнинг муносабатларимизни аввалига ҳеч ким билмасди. Бир-биримизни яхши ўрганиб, кейин ота-онамизга ошкор этганмиз. Мен мустақил эдим, уйдагиларим шахсий масалалардаги ишимга аралашмасди. Бу сафар ҳам улар менинг танловимга қарши боришмади, аксинча Саша билан яқиндан танишиб олишгач, муносабатларимизни қўллаб-қувватлашди», дейди футболчининг рафиқаси.
Сашанинг ватандоши, Хосе Рейнага тўртталаб гол ура оладиган Андрей Аршавин 2003 йилнинг ёзида бўлажак рафиқаси билан танишган. Юлия Санкт-Петербургнинг 104.4 радиотўлқинида «Футболка» ешиттиришини олиб борарди.
Россиялик яна бир машҳур чарм тўп устаси Юрий Жирков рафиқаси Инна Грачева билан 2007 йил баҳорда дўстлари уюштирган кечада танишган эди. Бу кутилмаган танишув эмасди. Иннанинг яқин дугонаси Юрийнинг дўстларидан бири Дима билан учрашиб юрар ва бир куни келиб дугонаси Иннани Юрий билан таништиришни орзу қиларди. Улар эса узоқ вақт танишишни хоҳлашмади. Лекин барибир танишув куни келгач, улар бир-бирларини бир қарашдаёқ севиб қолишди. Шундан сўнг улар ажралмайдиган бўлиб қолишди. Футболчи бўш вақт топди дегунча Калининградга ошиқарди.
2004 йилги «Олтин тўп» соҳиби украиналик Андрей Шевченко ўзининг рафиқаси – америкалик модел Кристен Пазик билан афсонавий дизайнер Жорджио Арманининг мода кечалардидан бирида танишди. Кристеннинг ўзи Андрейнинг ёнига келди ва унинг футболда кўрсатаётган ўйинларига қойил қолишини таькидлайди. Уларнинг суҳбатлари бирданига силлиққина қовушиб кетмади: америкалик гўзал «хоним» рус тилини умуман билмасди, украиналик «жаноб» эса инглиз тилига анчагина нўноқ эди. Лекин шунга қарамай, улар мобил севги алоқасига асос солдилар: Кристен ва Андрейнинг барча бўш вақтлари телефонда фақат ўзларигина тушуниб ета оладиган тилда суҳбат қуришга сарфлана бошланди. Телефон орқали бўладиган суҳбатлар тезлик билан кўришишга замин яратиб берса ҳам, амалда бунинг акси бўлди – икки томоннинг ҳам таниқли кишилар эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, ё унисининг, ё бунисининг «айби» туфайли учрашув ҳам бир неча марталаб кейинга суриларди.
Голландиялик собиқ дарвозабон Эдвин ван дер Саар бўлажак рафиқаси Анна-Мария Ван Кестерен билан Амстердамда акасининг баққоллик дўконида танишиб қолишган. Шундан сўнг уларнинг муносабатлари янада чуқур илдиз отган.
Яна бир голланд Ван дер Ваарт 2003 йилнинг мартида голландиялик фотомодел ва телеюлдуз Силвия Мейс билан танишади. Рафаел бир куни телевизорда Силвия олиб бораётган дастурни томоша қилаётганди ва унга «Аякс»нинг футболкасини совға тариқасида юборишга қарор қилди. Ўз навбатида телебошловчи совғани мамнуният билан қабул қилди ва футболчини ўзининг дастурида иштирок этишга таклиф қилди. Улар учрашдилар ва Силвия ўзидан беш ёш катта бўлишига қарамай, футболчи уни ёқтириб қолди. Уларнинг севги романи тезлик билан ривожланиб борди.
Эрта порлаб, эрта сўнган англиялик Майкл Оуен эса бўлажак рафиқаси Луиза Бонсал билан мактаб даврида бирга ўқиган. Уларнинг бир-бирларига бўлган муҳаббатлари қанот ёйганида Майкл 14, Луиза эса 13 ёшда бўлган. Уларнинг уйлари ҳам бир-бирига яқин бўлган.
Алберто Жилардиньо ва Алиса Бреголиаларнинг танишувлари тарихини Алиса қуйидагича таьрифлайди: «2002 йилнинг декабр ойида мен қишки таьтилимни дугонамникида ўтказаётгандим. Ўша ерда менга Албертони таништиришди. Биз бир қарашдаёқ бир-биримизни ёқтириб қолдик ва бу йигит менинг тақдирим эканлигини тушуниб етдим. Эртаси кундан биз учраша бошладик. Бироқ унинг футболчи эканлигини аввалига билмагандим. Фақатгина унинг йиғинларга жўнаб кетганидан сўнг буни тушуниб етдим».
«Арсенал»да танилиб, «Барселона»да «йўқолиб» қолган белоруслик Александр Глеб Белоруссиянинг модалар журнали учун Сергей Шуркога интервью беради. Сашани суратга тушишга қўндириш осон бўлмади. Айнан шу ерда унинг тақдирини ўзгартириб юборган учрашув рўй берди. Тақдир уни бўлажак рафиқаси Анастасия билан учраштирди. Бу ҳақда Настя сўзлаб беради: «2006 йилнинг ёзида «Топлесс» гуруҳи тарқалиб кетиш арафасида эди. Мен тушкун ҳолатда бўлиб, оғир дамни бошдан кечираётган эдим. Бу орада менга фотосессияда суратга тушишни таклиф қилиб қолишди. Ўйлаб ўтирмасдан рози бўлдим. Ирена Гудиевскаянинг фотостудиясига келдим ва бу ерда таниқли футболчи Александр Глеб билан танишиб қолдим. 15 дақиқалик суҳбатдан сўнг биз бир-биримиз учун яратилганимизни тушуниб етдим. Унинг самимий ва меҳрибон инсон эканлиги билиниб турарди. Эртаси куниёқ Саша менга кутилмаганда биринчи совғасини юборибди. Чиройли қопланган пакет ичида янги спорт костюми ва унда «Настя, бу спорт костюми сенга маьқул келади деб ўйлайман. Саша». Нега айнан спорт костюми совға қилди? Чунки танишган кунимиз Саша мендан келишган қад-қоматим ҳақида, спорт билан шуғулланишим ҳақида сўради. Мен спортзалга бориб шуғулланишимни, ҳар куни югуришимни айтдим. Шунинг учун бўлса керак, у менга спорт костюмини совға қилди».
Юсупов Фурқат