Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

«Sensation Euro-2016 association»

Баҳо:
+ | -

Одатда йирик мусобақалар учун бўладиган саралаш босқичларида доимо ҳеч кимнинг назарига тушмаган қайсидир жамоа маълум даражада «сенсация» кўтаради. Яқинда ниҳоясига етган Европа чемпионати-2016 саралаш босқичи ҳам бундан мустасно эмас. Албания, Исландия, Ш.Ирландия, Уэльс ва Австрия терма жамоалари Франция йўлидаги ўйинларда барча-барчани  ҳайрат кўчасига етаклашдики, бу бўлажак қитъа биринчилиги саралаш баҳслари  «сенсация»ларга бой ўтганидан далолат. Қуйида айнан асосий «сюрприз» улашувчиларга эътибор қаратамиз.

Австрия

Европа чемпионатлардаги иштироки: 1

Энг яхши натижаси: гуруҳ босқичи (Евро-2008)

Бўлажак қитъа биринчилигида иштирок этувчилар сони 24тага етганидан келиб чиқиб айтсак, Австрия терма жамоасининг Франция йўлланмасига эга чиқишини «сенсация» сифатида баҳолаш ноўриндек туюлади. Аммо жамоанинг муваффақиятга қай йўсинда эришгани чиндан ҳам ҳайратланарли. Швейцариялик 54 ёшли Марсель Коллер раҳбарлигида тўп сурган жамоа 10та учрашувнинг 9тасида ғалаба қозонди, фақат дастлабки турда Швеция билан дуранг (1:1)га имзо чекди. Шундан кейин швейцариялик мураббийнинг жамоаси швейцар соатларига хос аниқлик билан ҳаракатланди. Хусусан, «Базел»нинг фахрий ҳужумчиси Марк Янко 9та ўйинда 7та гол уриб, Das Teamнинг бош тўпурарига айланди. Австрияликлар бунгача Европа чемпионатида атиги бир марта иштирок этишганди. Шунда ҳам Швейцария билан ҳамкорликдаги мезбонлик шарофати туфайли. Боз устига, Евро-2018 уларга айтарли татимаганди ҳам. Зеро, авс-трияликлар гуруҳ раундида польшаликлар билан дуранг ўйнашган ва Хорватия ҳамда Германия термаларига ютқазиб «плей-офф» босқичига чиқишни уддалай олмагандилар. Энди кўпчилик Евро-2016да Австрия термасидан ўз тарихидаги энг яхши натижани қайд этишини кутяпти. Бунга асослар етарли: ажойиб таркиб шаклланган. «Биз учун ҳар бир ўйин, у хоҳ Лихтенштейн, хоҳ Россия термасига қарши бўлсин, бирдек финалга тенг», - дея ўз жамоаси муваффақиятларига изоҳ берди хавбек Юлиан Баумгартлингер.

 

Албания

Европа чемпионатлардаги иштироки: 0

- Биз албатта, Евро-2016га боришимизни айтганимда, ҳамма мени телбага чиқариб қўйганди. Мана, жамоамиз билан «телбалик»ни реалликка айлантиришни уддаладик - мазкур ибора Албания терма жамоасининг италиялик мураббийи Жанни Де Бьязига тегишли. Дарҳақиқат, кўпчилик албанларни Франциядаги қитъа чемпионатида кўришни ҳаттоки, хаёлига ҳам келтирмаганди. Саралаш мусобақасига аутсайдер мақомида киришган жамоа олға қадам босишни Португалиядаги ажиб ғалаба билан бошлади. Албанлар якунда 4та ғалаба, 2тадан дуранг ва мағлубият қайд этишди. Тўғри, меҳмонда сербияликларга қарши кечган ўйиннинг тўхтатиб қолингани ҳам Албания термаси фойдасига ишлади - унинг ҳисобига қимматли 3 очко ёзилди. Хуллас, курашсиз қўлга киритилган шу очколар туфайли албанлар гуруҳда Дания, Сербия ва Арманистон термаларини ортда қолдириб, 2-ўринни банд этишди ва Евро-2016га ўтиш ўйинларисиз чиқишди. Лекин бу факт италиялик мутахассис ва унинг жамоаси амалга оширган ишларга соя сололмайди. Дарҳақиқат, Де Бьязи албан халқини бирлаштириш, жамоада уюшқоқликни таъминлаш йўлида фантастик даражада хизмат қилди. Ваҳоланки, у ишни саралаш босқичи давомида бошлаганди. Хуллас, доимо аутсайдерлар қаторида зикр этиладиган жамоа тактик тартиб-интизом ва жанговарлик уйғунлиги эвазига ўз тарихида илк марта Европа чемпионати финал раундига йўл олди. Энди энг қизиқ фактга эътибор қаратинг: «бургутлар» жамоаси сафида чинакам тўпурар кўзга ташланмади. Яъни ҳеч бир футболчи саралаш давомида 1тадан ортиқ гол урмади. Шуни назарда тутиб, айтиш мумкинки, Де Бьязи жамоавий ўйинни маромига етказган. Ҳа, албанлар Францияда жиддий бирор ютуққа даъво қилолмасалар керак. Лекин саралаш давомидаги уюшқоқлик ва тартиб-интизомни сақлаб қолгудек бўлсалар, бемалол яна 1-2та «сюрприз» улашишлари мумкин.

 

Исландия

Европа чемпионатлардаги иштироки: 0

Бу жамоа ҳам йирик мусобақада биринчи марта тўп суради. Демак, шимолликлар ҳам Албания термаси каби тарихий воқеани амалга оширишди. Бир қараганда, Исландия термаси таркиб жиҳатидан Албаниядан кучлироқ. Дейлик, бу икки жамоа ЖЧ-2014 саралаш босқичида бир гуруҳда қатнашганди. Ўшанда Албания термаси 5-ўриндан жой олган, исландияликлар эса 2-поғонани банд этиб, ўтиш баҳсида хорватларга йўлланмани бой бергандилар. Лекин швециялик Ларс Лагербек шогирдлари қайд этган натижани чинакам «сенсация»га йўйиш мумкин. Ахир исландларнинг бу сафар Голландия, Чехия ва Туркия каби наҳанг жамоаларга рақобат тақдим этишларига тўғри келди. Улар ушбу «гўшт қиймалагич»га қиёс гуруҳдан нафақат омон чиқишди, балки яна юқори савия намойиш этишди. Тўғри, Лагербек жамоаси якунда Туркия ва Чехия термаларига ютқазди, аммо бу вақтда турнир жадвали нуқтаи назаридан унинг учун ўйинларнинг аҳамияти қолмаганди. Бир неча ой давомида сезиларли даражада ортга кетган Голландия термаси эса, 2 марта мағлуб этилди. Исландия термасининг энг яхши голеадори - бу «Суонси» ярим ҳимоячиси Гилфи Сигурдссон. У 6та голга муаллифлик қилди. Айтганча, Исландия аҳолиси атиги 330 минг кишига тенг. Хуллас, исландлар Европа чемпионатлари тарихи бўйича энг аҳолиси кам юрт вакиллари сифатида тўп суришади.

 

Шимолий Ирландия

Европа чемпионатлардаги иштироки: 0

Шимолий Ирландия термаси ҳам Европа чемпионатида дебютини нишонлайди. Аммо бу жамоа ЖЧ ҳавосидан 3 марта баҳра олишга улгурган. Шимол ирландлари 1958 йили чорак финалга чиқишган ва бу раундда французларга имкониятни бой беришган. Уларнинг иккинчи уринишлари 1982 йили кузатилган ва бу сафар ҳам айнан Франция термаси олдида ожиз қолишган (иккинчи гуруҳ босқичида). Мексика мезбонлик қилган ЖЧ-86да эса, Ш.Ирландия термаси учун ҳаммаси гуруҳ раундидаёқ якунига етганди. Лекин жамоанинг ҳозирги натижасини улкан «сенсация» сифатида баҳолаш мумкин. Зеро, Шимолий ирландияликлар ЖЧ-2014 саралашида ҳам шунчаки, аутсайдер мақоми билан чекланиб, 5-поғонани банд этишганди. Ўшанда жамоа битта ўйинни ўз фойдасига ҳал қилганди, холос. Яъни Белфастда Россия термасини 1:0 ҳисобида енгганди. Бу галги саралашда эса Мартин О~Нил шогирдлари 10та учрашувнинг 6тасида зафар кучдилар. Фақат руминларга қарши сафар учрашувида мағлубиятга учрадилар. Қизиғи, жамоа ўз ҳисобидаги 16та голнинг 9тасини стандарт вазиятлар (пенальтисиз) орқали амалга оширди. Шу тариқа бурчак тўплари ва жарима зарбаларидан унумли фойдаланиш бўйича саралаш босқичининг барча иштирокчиларига «мастер-класс» намойиш этди. «Норвич» ҳужумчиси Кайл Лафферти ўз ҳисобига 7та гол ёзиб, жамоанинг энг яхши тўпурари бўлди.

 

УЭЛЬС

Европа чемпионатлардаги иштироки: 0

Ҳозиргача бу терма жамоа мухлислари фақат ЖЧ-58даги иштирок билан мақтана оладилар, холос. Ўшанда уэльсликлар худди Шимолий Ирландия термаси каби чорак финалгача етиб боришган ва қирол Пеленинг жамоаси тўсиғидан ўтолмагандилар. Буни қарангки, бўлажак «пентакампеонлар» айнан ёш Пеленинг ягона голи эвазига устун келишганди. Мана, узоқ вақт афсонавий Райан Гиггзга насиб этмаган бахт уэльсликларнинг бугунги юлдузи - Гарет Бэйлга «қиё боқди». «Реал» ҳужумчиси саралаш босқичида 7та гол урди. Жамоанинг қолган барча аъзолари эса бор-йўғи 4та аниқ зарбани амалга оширдилар. Муваффақиятда бир пайтлар «Фулхэм» ҳамда «Реал Сосьедад» клубларига устозлик қилган Крис Коулменнинг улуши катта. Унинг шогирдлари 9-турга келибгина Босния термаси майдонида мағлубиятга учрадилар. Тақдир тақозоси билан жамоа айнан ўша оқшом йўлланмани нақд қилди. Яъни рақибларнинг очко йўқотишгани туфайли мағлубият умумий ғалабага уланди. Умуман, уэльсликлар Евро-2016га ҳақли равишда йўл олишди. Зеро, улар саралаш давомида 6 марта ғалаба қозонишди. Хусусан, энг кучли рақиб - Бельгия термасидан 4 очко тортиб олишди. «Уэльс терма жамоасининг барча футболчилари майдонда худди ака-укалардек», - деди Бэйл ўзининг болаликдаги орзуси амалга ошганидан сўнг. Ҳа, у ғурурланишга ҳақли. Ахир ўша Гиггзга армон бўлиб қолган вазифани уддалади.

Содиқ Собир тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 18:01, 05.11.2015.
Ўқилди: 5021 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.