Жаҳон чемпионати-2018 иккинчи саралаш босқичи "H" гуруҳи 7-тур ўйинлари доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси 12 ноябрь куни КХДР термасига қарши баҳс юритади.
Бош жамоамиз айни дамда мазкур учрашувга тайёргарлик олиб бормоқда. Пойтахтимизда ташкил этилаётган йиғинда БАА чемпионати иштирокчиси Дубайнинг “Аш-Шабоб” жамоаси ярим ҳимоячиси Азизбек Ҳайдаров ҳам иштирок этмоқда. Тажрибали футболчининг айтишича, Ўзбекистон терма жамоаси КХДРга қарши баҳсда майдонга фақат уч очкони кўзлаган ҳолда тушади.
"Терма жамоа йиғинига етиб келган футболчиларнинг барчаси яхши формада. Аммо шуни ҳам таъкидлаш лозимки, кўпчилик йигитлар ва уларнинг клублари учун жорий йилги мавсум тугаб бормоқда ва улар бутун мавсум давомида ўйинларда иштирок этишди. Натижада баъзиларимизнинг жисмоний ҳолатимиз устида бироз ишлашга тўғри келади. Шуни инобатга олган мураббийлар штаби бизни ҳам жисмонан, ҳам руҳан олдинда турган муҳим матчларга тайёрлашга уринишмоқда.
КХДРга қарши кечадиган ўйин биз учун жуда ҳам аҳамиятли. Буни барчамиз яхши англаб турибмиз. Шу сабабдан ҳам ушбу баҳсга ҳамма 100 фоиз тайёр бўлиши лозим. Бутун бор эътиборимиз фақат шу учрашувга қаратилиши керак, деб ҳисоблайман. Шундагина олдимизга қўйилган мақсадга ета оламиз.
Ўтган галги ўйинда КХДР термасига ютқазиб қўйган эдик. Бунга маълум сабаблар бор эди. Биринчидан, ўшанда сунъий қопламали майдонда ўйнашимизга тўғри келганди. Бу эса ҳар қандай футболчининг ўйинга бўлган иштиёқига таъсир кўрсатиши тайин. Қолаверса, ўшанда Шимолий Корея терма жамоаси ўз мухлислари кўз ўнгида тўп сурганди. Бу ҳам уларга қандайдир маънода куч берган бўлса ажаб эмас. Бу гал энди биз ўз ишқибозларимиз қаршисида майдонга чиқамиз. Бизга ҳозирда ғалаба сув ва ҳаводек зарур. Шуни инобатга олиб майдонга фақат уч очкони кўзлаган ҳолда тушамиз. Насиб этса, бизга ишонч билдираётган мухлисларимизни хушнуд этамиз", - дейди маҳоратли ярим ҳимоячи SPORTS.uz интернет-портали мухбирига.