Жаҳон чемпионати-2018 иккинчи саралаш босқичи H гуруҳи 7-тур ўйинлари доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси 12 ноябрь куни КХДР термасига қарши баҳс юритишидан хабарингиз бор.
Айни кунларда Самвел Бабаян устозлигидаги бош жамоамиз пойтахтимизда йиғин ўтказмоқда.Бугун терма жамоамиз учинчи кунги машғулотини ўтказди. Ҳар галгидек бу сафар ҳам машғулот жараёнини кузатиб бордик.
Таъкидлаш жоизки, бу гал машғулот “Жар” стадионида эмас, балки “Пахтакор” стадионида ўтказилди. Унда асосан тўп билан муомала қилиш билан боғлиқ бўлган машқларга эътибор қаратилди.
Дастлаб енгил чигалёзди машқлари бажариб олингач, футболчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда тўп билан муомала қилиш борасида иш олиб боришди.
Йиғинда иштирок этаётган барча футболчиларнинг кайфиятлари аъло даражада. Ҳамма олдинда турган муҳим учрашувларга жиддий ҳозирлик олиб боришга интиляпти.
Бугун йиғинга “янги”лар келиб қўшилмади. Кеча Фозил Мусаев ҳам терма жамоа ихтиёрига етиб келганди. Бугундан “Сепахон” аъзоси ҳам умумий гуруҳ машғулотларига қўшилди.
Мураббийлар штаби футболчиларни олдиндаги ўйинларга ҳар тарафлама тайёрлашга уринишяпти.
Ҳар икки Шомуродов ҳам машғулотларда жиддий шуғулланишаётганини таъкидлаш жоиз.
Одил Ҳамробеков машғулотларда қаттиқ “тер тўкиш” орқали терма жамоа мураббийлар штаби ишончини қозонишга уриняпти.
Достонбек Ҳамдамов миллий терма жамоа сафида илк бор шуғулланмоқда.
Йиғиннинг учинчи кунида терма жамоамиз иккига бўлинган ҳолда ўйин ўтказди. “Сариқлар” ва “кўклар” беллашувида кўк либосдаги томон 2:1 ҳисобида ғалабага эришди.
Терма жамоамизнинг навбатдаги кунги машғулоти шу тариқа ўтди.