Дам олиш кунларида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг хорижда фаолият олиб бораётган вакиллари ўз клублари таркибида маҳаллий чемпионатларининг навбатдаги тури доирасидаги учрашувларда майдонга тушди.
Қатар
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Сардор Рашидов фаолият олиб борадиган Қатарнинг "Ал-Жаиш" клуби Юлдузлар лигасининг 8-турида "Ал-Месаймир"ни қабул қилди ва йирик ҳисобда ғалаба қозонди.
Эътиборли томони, ўзбекистонлик футболчи ушбу ўйинда ҳам ўз ҳисобига иккита гол ёзди. У ўйиннинг 14 ва 36-дақиқаларида рақиб дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлди. Шунингдек, ушбу ўйинда Рамориньо ҳам дубл қайд этган бўлса, Мажид Муҳаммад битта голга муаллифлик қилди. Меҳмонлар эса иккита жавоб тўпини кирита олишди.
Ушбу турдан кейин "Жаиш" ўз очкларини 20тага етказди ва турнир жадвалининг 2-поғонасида боришда давом этади. Рашидовнинг голлари сони 6тага етди. У аввалги турда "Ал-Вакра"га қарши ўйинда ҳам иккита гол урганди.
Россия
Россия чемпионатида якунланган ҳафтада 15-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ушбу чемпионатда тўп тепадиган ҳар икки футболчиси ҳам ўз клуби билан ғалабага эришди.
Виталий Денисов 15-турнинг марказий учрашуви — “Локомотив” – “Зенит” ўйинида иштирок этди. Ўзбекистонлик ҳимоячи учрашувни одатдагидек асосий таркибда бошлаб, уни тўлиқ ўтказди. Учрашувнинг 80-дақиқасида эса ҳакам томонидан сариқ карточка билан жазоланди. Ушбу ўйин 2:0 ҳисобида “Локомотив”нинг ғалабаси билан якунланди. Ушбу ғалабадан кейин “Локомотив” жамғарган очколар сони 30тага етди ва “темирйўлчилар” турнир жадвалининг иккинчи поғонасида бормоқда.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори — Одил Аҳмедов фаолият олиб борадиган “Краснодар” жамоаси эса ушбу турда ўз майдонида турнир пешқадами ЦСКАни қабул қилиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Аҳмедов ўйинда 75 дақиқа ҳаракат қилди. “Краснодар” айни вақтда 15 турдан кейинв мусобақа жадвалининг 5-поғонасидан ўрин олган. Улар ҳисобида 24 очко бор. ЦСКА эса чемпионатнинг яққол пешқадами мақомини ўзинида сақлаб турибди.