Карим Бензема можаро марказида.
«Реал» ҳужумчиси кутилмаганда, Матьё Вальбуэнани қўрқитиш йўли орқали ундан пул ундиришга боғлиқ жиноятга аралашиб қолди. Sports.ru сайти шу сабаб, умумий ҳолатга назар ташлаб, аслида нима бўлганини аниқлаштиришга уринди.
Аслида нима бўлди?
Бензема аввалги ҳафтанинг чоршанба куни эрталаб қамоққа олинди. Матьё Вальбуэнани беҳаё видеолавҳани фош этиш билан қўрқитишга боғлиқ жиноий ишда Карим ҳам алоқадор, чоғи. Ҳарқалай, у гумон остида турибди. Шунингдек, 3 нафар эркак ҳам ҳибсга олинди. Улар товламачилик ва таъмагирлик билан шуғулланишган. Хусусан, Аксель исмли Франция фуқароси ташкилотчи сифатида тилга олинмоқда. 39 ёшли бу шахс Марселда ишлайдиган футбол агентлари билан яқин таниш экан. Тергов-суриштирув ишлари маълумотларига кўра, Аксель (2 нафар шериги билан) Вальбуэнадан 150 минг евро талаб қилган. Акс ҳолда, мавжуд видеолавҳани интернетга жойлаштиришини айтган.
Тўғри, Бензема бу жиноятда буюртмачи ҳам, ташкилотчи ҳам эмас. Тахмин қилинишича, жиноятчилар у билан умумий танишлари орқали алоқага чиқишган ва Вальбуэнадан пул ундиришда ёрдам беришини сўрашган. Ҳозир 2та асосий тахмин бор. Биринчиси - Франция терма жамоасининг октябрь ойидаги ўйинлари чоғи Карим ярим ҳимоячига имкон қадар босим ўтказишга уринган. Иккинчиси - у жиноятчиларни қўллаб-қувватламаган, аксинча, Вальбуэнага дўстона маслаҳат берган: «Ҳаммаси тезроқ тугаши учун талаб этилган суммани тўлаб қўя қол...». Франциянинг М6 телеканали аниқлашича, тергов ишлари биринчи тахминга қараб кетмоқда. Таъкидланишича, полициячилар Бенземанинг айрим телефон сўзлашувлари ёзувини эшитиш учун рухсат олишган. Уларнинг бирида эса, Карим гўёки, шундай деган экан: «Ташвишланма, унда бошқа йўл йўқ. Мен ҳам тушунтираман. У барибир, тўлайди».
Қандай видеоёзув?
Унинг аниқ кадрлари - сир. Фақат шуниси маълумки, Аксель «Лион» футболчисига тегишли эски телефонда беҳаё видео топиб олган.
Бензема айбини тан олдими?
Йўқ. AFP агентлиги хабарига кўра, Бензема ушбу можарога қўшилиб қолганини инкор этмаган. Унинг айтишича, ёшликдаги дўстининг илтимосига кўра, шубҳа остига олинган 3 нафар кишининг Вальбуэна билан алоқа ўрнатишига ёрдам берган, холос. Лекин термадаги дўстига қандайдир муаммо туғдиришни ҳаттоки, ўйламаган ҳам. Бенземанинг адвокати Сильвен Кормье бу хусусда шундай деди: «Карим ўзини мутлақо айбсиз, деб ҳисоблайди ва ҳеч нарсани тан олмади. Мени тергов жараёни ажаблантирмоқда: полиция мижозимни айблаш баробарида Вальбуэнани ҳаттоки, сўроқ ҳам қилмади. Шунчаки, ғазабимиз қайнаяпти, барчаси қип-қизил бўҳтон».
Суд қандай қарорга келди?
Ҳозирча Бенземага жиноий гуруҳга қўшилиб, қўрқитиш жиноятида иштирок этганлик айблови эълон қилинди. Шунингдек, унинг Вальбуэна билан учрашиши тақиқлаб қўйилди. Лекин футболчи шахсий адвокатининг тутган оқилона иши эвазига четга чиқмаслик шартидан қутулиб қолди. Хуллас, ҳужумчи жума куни Франциядан Мадридга қайтиб, «Реал» базасида индивидуал тарзда машғулот олиб борди, клуб президенти Флорентино Перес билан ҳам учрашди. Қисқаси, Карим панжара ортида бир кеча - кундуздан кўпроқ вақт ўтирди, холос.
Нима хавф солмоқда?
Агар Карим Бенземанинг жиноятда алоқадорлиги тасдиқланса, у 5 йил муддатгача озодликдан маҳрум қилиниши ва 75 минг евро миқдорида жаримага тортилиши мумкин. Бундан ташқари, агарда яқин вақт оралиғида айблов бекор қилинмаса, унда Бензема асосий ҳомийлик шартномаларидан жудо бўлиши ҳеч гап эмас.
Гиёҳвандлик моддаларига боғлиқ жанжал - чи?
Карим Бензема яна гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси, яъни Францияда Air Cocaine номини олган катта жиноятга алоқадор бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Шубҳага кўра, Карим Доминика ва Экватордан Европага кокаин олиб ўтган трансатлантик рейсларга пул тўлаган шахс билан яқин алоқада бўлган. 2014 йилнинг 16 октябрь куни айнан шу жиноят иши доирасида 8 киши ҳибсга олинганди. Улар 400 кг. кокаин билан қўлга тушганлар. Шубҳа остига олинганлардан бири - Али Бушаребнинг уйидан эса, унинг Бензема билан бирга тушган сурати, шунингдек, футболчининг ўз имзоси туширилган бутсаси топилган. «Мен бу воқеалардан мутлақо бехабарман. Бензема атрофидаги кишилардан кимнидир наркотика савдоси туфайли қамоққа тушганини эшитмаганман ҳам. Карим Facebookда 20 млн. обуначига эга ва ҳар қандай телба фанат у билан суратга тушиши мумкин. Лекин биргина суратга қараб хулоса чиқариш ярамайди. Ахир сурат одамларнинг ўзаро яқин эканликларини англатмайди-ку», - деди Бенземанинг агенти Карим Жазири.
Вальбуэна нима қиляпти?
Матьё пайшанба куни «Лион» базасига қайтди, аммо клубнинг асосий таркибида майдонга тушмади. У шунингдек, маҳаллий телеканаллардан бири учун белгиланган интервьюни бекор қилди ва базани қора кўзойнак таққан ҳолда тарк этди.
Куннинг энг сирли хатти-ҳаракати: Вальбуэна Facebookдаги шахсий саҳифаси «қиёфаси»ни ўзгартирди. Аниқроқ айтсак, Бензема билан бирга тушган суратини жойлаштирди. Бу «Реал» футболчисини қўллаб-қувватлашми ёки...?
Абдураҳмон Аҳмедов тайёрлади