Ўзбекистон терма жамоасининг КХДРга қарши учрашуви учун чипталар нархи ўйин куни арафасида янада қимматлашган.
Кун.уз сайтида 1 кун олдин ушбу ўйин учун чипталар чайқовчилар томонидан аслидагидан икки баробар қиммат нархларда сотилаётгани ҳақида хабар берилганди.
Бугун эса таҳририятга мухлислар қўнғироқ қилиб, аҳвол бундан анча ёмон тус олгани ҳақида айтишди.
Мухлислардан бири мавжуд аҳволдан шикоят қилиб, чипта олиш учун 30 минг сўм билан "Пахтакор" стадионига борганини лекин ўзига керакли чипта ололмасдан қайтганини, 60 минг сўмга (!) чипта олгандан кўра, бозордан фарзандлари учун 2 кг гўшт олишни маъқул кўрганини айтиб берди.
"Ўйинга тушишни ният қилиб, харажатлардан чегириб, 30 минг йиғиб, чипта учун ажратиб қўйгандим. Лекин чипталар қўлга чиқиб кетган экан ва мўлжалимдаги пулга чипта ололмадим. Эртага ёмғир ёғиши мумкин. "Пахтакор" стадиони усти очиқ. Бундай шароитда ўйин томоша қилиш учун 60 минг сарфлашга оғриндим. Нега бу ўйин янги стадионда (изоҳ - "Бунёдкор") ўтказилмайди?", дейди мухлис.
Шунингдек, сайтимизнинг турли ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларига мухлислардан шу масала юзасидан мурожаатлар йўлланган ва бу вазиятга эътибор қаратишни сўрашган.
Қолаверса, бу ҳолат ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ўртасида очиқ-ойдин муҳокама қилинмоқда ва улар кассалардаги 15 минг сўмлик чипталар ўйинни томоша қилиш учун жуда ноқулай секторларга тегишлилигини, кассаларда яхши секторларнинг чипталари қолмагани ва олибсотарлар томонидан ҳаддан ташқари қиммат нархларда сотилаётганини айтишган.
Натижада, 12 ноябрь куни вилоятлардан жамоа бўлиб Тошкентга келиб, ўйинга тушишни ният қилган мухлислар фикрларидан қайтишган ва ўйинни чойхонада ёки уйда кўришга қарор қилишган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва КХДР миллий терма жамоалари ўртасидаги ўйин 12 ноябрь куни соат 18:00 да бошланади. Ўйинни Алиризо Фағоний бошчилигидаги эронлик ҳакамлар бригадаси бошқариб боради. Айни вақтда «H» саралаш гуруҳида КХДР терма жамоаси бешта ўйинда 13 очко тўплаган ҳолда пешқадам бўлиб турибди. Ўзбекистон эса гуруҳдаги рақибларидан бир ўйин кам ўтказган ҳолда 9 очко билан иккинчи ўринни эгаллаб турибди.
Маълумот учун, Ўзбекистон — КХДР учрашуви чипталари 6 ноябрь куни соат 14:00 дан сотувга чиқарилган, CIP тоифали чипталар нархи 30 минг, қолган барча секторлар учун чипталар нархи 15 минг сўм этиб белгиланган эди.