Португалия терма жамоаси ва «Реал» клуби етакчиси Криштиану Роналду янги қимматбаҳо «ўйинчоқ»га эга бўлди. Португалиянинг Correio da Manha таблоидида ёзилишича, СR7 ўзига махсус совға тариқасида Gulfstream G200 самолётини сотиб олди. 30 ёшли футболчининг шахсий мулкига айланган ушбу лайнер бизнес-класс тоифасига мансуб, уни исроиллик муҳандислар ишлаб чиқаришган. Самолёт 8-10 нафар кишига мўлжалланган бўлиб, барча қулайликларга эга. Дейлик, Gulfstream G200да Парижга ҳам, Лондонга ҳам қўниш бирдек фахрли ҳисобланади. Энди Sovsport.ru сайти маълумотлари асосида Роналду самолётининг эътиборли жиҳатларига битта-битта тўхталиб ўтамиз.
Умумий маълумот
6301 километр - бу самолёт битта парвоз давомида босиб ўтиши мумкин бўлган максимал масофа. Соатига 900 километр тезликда учган тақдирда, шунча йўлга атиги 7 соат вақт кетади. Парвознинг максимал баландлиги эса, 13716 метрга тенг. Самолёт 2та камхарж двигатель билан жиҳозланган бўлиб, улар йириклаштирилган шатак (тягач), шунингдек, рақамли назорат қурилмасига эга. Асосийси, Gulfstream G200дан қисқа учиш-қўниш майдончалари бор кичик аэродромларда ҳам бемалол фойдаланиш мумкин.
Салон
Gulfstream G200да чартер рейсларни амалга ошириш учун 2 кишилик экипаж кифоя қилади. Салон жуда кенг ва шовқин даражаси ғоят паст. Бу нарса қулайликни юқори даражага кўтаради. Чарм ўриндиқли салон ичида ваннахона ва кийим алмаштириш кабинаси ҳам бор. Зарурат туғилган вақтда суҳбатлашиш (дейлик, музокара олиб бориш) учун 4 кишилик жой ҳозирлаш имконияти мавжуд. Бунинг учун креслолар салгина сурилса, бас.
Ошхона
Тўлиқ ўлчамли ошхонада ҳам барча қулайликлар мавжуд. Учиш вақти бемалол иссиқ таомлар тайёрлаш ва уларни тановул қилиш имконияти бор. Умуман, ошхона буғлама шкаф, микротўлқинли печь ва қаҳвамашина билан жиҳозланган. Бундан ташқари, олдиндан ресторанлар таомномасига киритилган қайсидир овқатга буюртма бериш мумкин.
Юкхона (багаж)
Ушбу тоифага мансуб самолётлар ичида энг катта юкхона бўлмасига эга. Ҳарқалай, у ерга футболчининг барча «Олтин тўп»ларию, совринлари бемалол сиғиши аниқ.
Гаджетлар
Салонга энг илғор аудио ва видеотехникалар ўрнатилган, жумладан, сунъий йўлдошли телефон, юқори тезликда ишлайдиган интернет тармоғи, iPod учун док-станция бор.
Пул
Роналду бу самолёт соҳиби бўлиш йўлида 19 миллион евро баҳридан кечди. Ушбу маблағ унинг «Реал»даги бир йиллик маошига деярли тенгдир.