"Манчестер Юнайтед" жамоаси бош мураббийи Луи ван Гал ҳужумкор футбол намойиш этилмаётгани ҳақида Пол Скоулз томонидан қилинган танқидга жавоб бериб ўтди.
У ўзи киноя аралаш билдирган жавобида жамоадаги "ходимлар армияси" ўзига иш қолдирмаётгани ҳақида айтиб ўтган. Шу орқали ўзига жуда кўп ёрдамчилар бириктирилганига норозилигини билдириб ўтган.
"Мен эски авлод мураббийи бўлсам керак. Мен мураббийликни бошлаган вақтимда мураббий жамоадаги асосий ва ҳал қилувчи шахс ҳисобланар эди. Ҳозирда "МЮ"да спорт фанлари департаменти, скаутлар департаменти, катта тиббиёт бўлими, менежер ёрдамчилари, мураббий ёрдамчилари бор. Шундай экан менинг иш қилишимга ҳожат қолмаяпти. Мен шунчаки атрофни кузатяпман. Умуман иш қилмасдан пул олаяпман", дейди мураббий The Telegraph нашрига.
"Мен "Аякс"да ишлаган вақтимда жамоа банкрот бўлган эди. Шу сабабли бор эътиборни ёшларга қаратишга мажбур бўлганман.
Биз Яри Литманенни кузатиб бордик ва уни 10 минг фунт стерлинг эвазига сотиб олдик. Кейин эса Нигерия терма жамоаси футболчиси Финиди Жоржни 3 минг фунтга олганмиз. Мен бу пулни ўз чўнтагимдан тўлаганман! Кейин эса Марк Овермарсни сотиб олганмиз.
Аммо ҳамма Кларенс Зеедорф, Патрик Клюйверт, Михаэл Райцигернинг номини ҳам жуда яхши билади. Биз ўшанда ҳужумкор футбол намойиш этиб, барча мусобақаларда ғолиб чиққанмиз. Аммо бу ҳақида кўп гапирмайлик, акс ҳолда жаноб Скоулзнинг жаҳли чиқиб қолиши мумкин", дея кулгу билан сўзларини якунлайди ван Гаал.