Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Улуғбек Алимов: "Кумирим – Руслан Нуриддинов"

Баҳо:
+ | -

Хабарингиз бор, айни дамда оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамаси вакиллари АҚШнинг Хьюстон шаҳрида жаҳон чемпионатида иштирок этмоқда. Мусобақада Руслан Нуриддинов қатнашмагани боис, Улуғбек Алимов терма жамоамиз таркибидаги етакчи сифатида таъкидланмоқда. Ўтган йилги баҳсларда вакилимиз силтаб кўтаришда кумуш медаль билан тақдирларган эди. Бу сафар ҳам полвонимиз юқори марраларни забт этишни ўзига ният қилиб олган.

– Бу йилги жаҳон чемпионатида ўз олдингизга қўйган режангиз қандай?
– Бу чемпионатга олдингидан-да кучли тайёргарлик кўрдик. Хьюстонда ўтган йилгидан ҳам катта натижани кўрсатишни ният қилганман. Асосий мақсадим шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилишдир.

– Тайёргарлик мобайнида рақибларингизни ҳам ўрганиб бордингизми?
– Ҳа, албатта. Улар ҳам мендан кам тайёрлангани йўқ. Табиийки, бу спортчилар ҳам олдинги натижалари билан чекланиб қолишмайди. Мусобақада ҳамма бор маҳоратини намойиш этади.

– Тайёргарлик жараёнида айнан нималарга эътибор бердингиз?
– Тан оламан, даст кўтаришда ўз устимда ишлашим керак бўлган жойлар бор эди. Машғулотларда асосий урғуни шу камчилигимга қаратдим. Умид қиламанки, бу гал даст кўтаришда ҳам шоҳсупага кўтариламан.

– Олма-отадаги натижангиздан ўзингиз қониққанмидингиз?
– Берганига нолимайман. Даст кўтариш машқидан сўнг 8-ўринда тургандим. Силтаб кўтариш машқида кумуш медални қўлга киритгач, умумий ҳисобда тўртинчи ўринга кўтарилдим. Бу катта натижа. Тўлақонли бўлмаса-да, қисман қониққанман.

– Силтаб кўтариш машқида эронлик рақибингиз билан бир хил натижани қайд этгандингиз. Афсуски, шахсий вазн бўйича атиги 9 грамм ҳисобига олтин медаль форслик атлетга насиб этганди. Бунинг алами қандай?
– Умумий ҳисобда шахсий вазн бўйича ютқазиб қўйиш ҳар бир оғир атлетикачига алам қилади. Буни сўз ифодалаш жуда қийин. Хьюстонда бундай ҳолат юз бермаслигига ҳаракат қиламан. Бу каби жиҳатларга ҳам катта эътибор берамиз.

– Оғир атлетикага кириб келишингизга ким сабабчи бўлган?
– Бу спортни танлашимга акам сабабчи. У киши ҳам оғир атлетика бўйича профессионал спортчи бўлган. Акам залда машқ қилиб юрган кезлари мен ҳам қизиқиб, ортларидан қолмай уларга эргашардим. Қўлимдан келганича тош кўтаришга ҳаракат қилардим. Бора-бора бу спортга меҳрим ортиб, катта спортчи даражасига етдим.

– Оғир атлетикада кумирингиз ким?
– Ҳам дўстим, ҳам жамоадошим Руслан Нуриддиновга кумир сифатида қарайман. Унинг эришган натижалари қойилмақом. Дўстимнинг келгусидаги фаолиятида улкан муваффақиятлар тилаб қоламан. Шунингдек, Игорь Ҳалилов, Мансур Чашимов, Шерзод Юсупов каби ўзимизнинг полвонларимизнинг чиқишлари доим эътиборим марказида бўлган. Спортнинг бошқа йўналишларида Муҳаммадқодир Абдуллаев, Абдулла Тангриев, Артур Таймазовдек атлетларимиза доим ҳавас қилиб келганман.

– Бу спортда атлетнинг овқатланиш тартиби қандай?
– Табиийки, биз юқори каллорияли овқатларни истеъмол қиламиз. Яхши спорт формани ушлаб туриш учун кучли овқатланиш керак. Енгил таомлар еб машқ қила олмаймиз. Тартиб ҳам бунда катта ролб ўйнайди. Ўз вақтида овқатланиш яхши натижа кўрсатишнинг бир омилидир.

– Қайси ошхонани ёқтирасиз?
– Албатта, ўзимизникини. Бошқа ошхоналарнинг ҳамма таомларига ҳам мослаша олмайсиз. Айримлари аччиқ, айримлари шўр бўлади. Биз учун муҳими юқорида айтганимдек, бақувват овқатланиш. Ош энг ёқтирган таомим. Ўзимизнинг таомлардан қўймасин.

Нурали ЙЎЛДОШЕВ суҳбатлашди

Манба: sports.uz
Киритилди: 14:07, 21.11.2015.
Ўқилди: 4974 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.