"Спорт" телеканали журналисти Диёр Имомхўжаев "Футбол шарҳи" кўрсатувида ПФЛ директори Фарҳод Магометов томонидан Олий лига ғолиби "Пахтакор" жамоасига мавсумнинг охирги тури учрашувидан кейин, "пахтакорчилар" мавсум чемпионлигига эришгани аниқ бўлгач, уларга тегишли Кубокни топшириш учун алоҳида байрамона маросим ўтказилмаганига эътибор қаратди.
"Бир вақтлар, мактаб йилларида футбол бўйича ўтказилган мусобақада ғолиб бўлган синфга жисмоний тарбия ўқитувчимиз Зокир ака мана шу тахлитда Кубокни топширар эди. Бу тақдирлаш маросими биз учун "де-жавью" бўлди.
Мактаб йилларини ёдга солгани учун ПФЛга миннатдорчилик билдирамиз", - дейди Диёр Имомхўжаев ушбу ғарибгина ҳолат бўйича фикр билдира туриб.
Футбол мухлисларидан бири бу кўрсатув намойишидан кейин ҳолатга қуйидагича муносабат билдирган.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистон ПФЛ совринларни ғолибларга топширишда доимий равишда шундай йўл тутиб келади. Хусусан, шу йилнинг 17 октябрь кунида Ўзбекистон Кубоги финалида ғолиб бўлган жамоа "Насаф"га ПФЛ вакиллари кубокни шоша-пиша топшириб, ортга қайтишган ва хунук манзарани ҳосил қилишганди.
21 ноябрь куни эса "Пахтакор" клуби Олий лиганинг сўнгги турида "Андижон"ни 6:0 ҳисобида мағлуб этиб, мавсум чемпиони бўлгач ҳеч қандай тантанали маросим ўтказилмаган ва ПФЛ директори Фарҳод Магометов бир ўзи Кубокни қўлида кўтариб майдонга тушиб келган ҳамда шишадан ясалган совринни "Пахтакор" сардори Кахи Махарадзега топшириб қўя қолган, битта сурат тушиб, майдондан чиқиб кетган эди.