"Бухоро" клуби расмий сайти мавсум якунига бағишланган хабарни эълон қилди. Унда ортда қолган мавсум якуни бўйича фикрлар билдирилган.
Хабарингиз бор, жамоа мавсум бошида Александр Мочинов қўл остида тайёргарлик кўрди. Сайт бунга ҳам алоҳида урғу берган.
"Бу йилги мавсум “Бухоро” жамоаси учун ўта мувофақиятсиз тарзда бошланди. Йил бошида жамоага Александр Мочинов бош мураббий этиб тайинланди. У ўз олдига ОЧЛ йўлланмаларини тақдим этувчи ўринлар учун курашишни мақсад қилиб қўйди", - дейилади мавсум боши ҳақида.
Ундан ташқари қишки йиғинлар борасида ҳам сўз юритилади.
2014 йил 15 декабрдан йиғинларга киришган “Бухоро” жамоаси Бухоро, Қарши ва Тошкент шаҳарларда, бундан ташқари Туркиянинг Анталия шаҳрида жуда кўплаб назорат-синов учрашувларида майдонга тушди. Афсуски, барча ташкиллаштирилган (тахминан 16-20 та) назорат учрашувларидан 1-2 тасида дуранг, қолганларида эса мағлубиятга учралди. Бу ҳолат мухлисларни анча ташвишга солди ва мавсум олдидан ташкиллаштирилган мухлислар билан учрашувда мухлислар бу ҳолатдан норози эканликларини очиқчасига баён қилишди. Лекин, назорат учрашувларида йўл қўйилган камчиликлар устида жамоа ишлагани ва расмий учрашувларда бу каби камчиликлар бартараф этилиши тўғрисидаги ваъдалардан сўнг, мухлисларда янги мавсум олдидан жамоага ишонч пайдо бўла бошлади.
Мавсум стартида “Бухоро” чемпионатимизнинг гранд жамоалари билан бирин-кетин майдонга туша бошлади. Дастлабки 4 турда фақатгина ўз майдонида “Динамо” билан дуранг натижани қайд этган бухороликлар, 8-турга келибгина яна бир очкони қўлга кирита олишди. Сафарда “Машъал” билан қўлга киритилган яна бир очко Мочинов ва унинг мураббийлар штаби учун “Бухоро” жамоасида сўнгиси бўлиб қолди. 11-турда ҳам мағлубиятга учраган “Бухоро” жамоасида жиддий ўзгаришлар юз берди. Жамоада ишлаб келган деярли барча мураббийлар штаби ва раҳбарлари ўз лавозимларидан бўшатилишди.
Мочиновдан сўнг жамоа раҳбарияти ва мураббийлар штабидаги ўзгаришга алоҳида эътибор қаратди.
Жамоага Жамшид Саидов бош мураббий этиб тайинланди. Раҳбарият курсисига яна Алишер Рустамов қайтарилди.
15-турга келиб “Бухоро” жамоаси олий лигадаги дастлабки ғалабасини тантана қилди. Жамоамиз Бухорода “Сўғдиёна” устидан 1:0 ҳисобида устун келди. Шу билан жамоа биринчи даврани 5 очко билан якунлади.
Иккинчи даврада Агамурадов жамоага маслаҳатчи мураббий этиб тайинланди. Таркибда жуда катта ўзгаришлар қилинди. “Бухоро” жамоаси иккинчи давра олдидан нақт 13 нафар янги футболчи билан шартнома имзолади.
Иккинчи даврада жамоа ҳар бир ўйинга катта масъулият ва босим остида тайёргарлик кўриб келди, бирин-кетин ғалабалар қўлга киритила бошланди. Жамоа иккинчи даврада 6 ғалаба, 3 дуранг, 6 маротаба мағлубиятга учради ва 21 очкони ўз ҳисобига ёзиб олди. “Бухоро” иккинчи давра бўйича тузилган турнир жадвалида 5-поғонани эгаллади.
Жорий мавсумнинг 4-туридан сўнг турнир жадвалининг хавфли зонасига тушиб қолиб, 7-турига келиб энг сўнгги поғонасига михланиб қолган “Бухоро” жамоаси, 30-турга келибгина 16-ўринни тарк эта олди ва мавсумни 14-ўринда якунлашни уддасидан чиқди. Бу дегани “Бухоро” ПФК 2016 йилги мавсумда ҳам олий лигадаги иштирокини давом эттиради.