Кириш Регистрация
21/05 19:00 Бунёдкор 3-2 Локомотив
23/05 23:45 Кальяри - Фиорентина

Биз билган ва билмаган Одил Аҳмедов

Баҳо:
+ | -

Кеча Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Россиянинг “Краснодар” клуби ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедов 28 ёшни қарши олди. Биз шу муносабат билан футболчининг фаолиятига назар солиб ўтамиз. 

1. Туғилган вақти, жойи 
Одил Аҳмедов 1987-йилнинг 25-ноябрь санасида Наманган вилоятида таваллуд топган. 

2. 13 ёшида Тошкентга келган 
Ёшлигидан “Навбаҳор” жамоаси мухлиси бўлган Одил кунларнинг бирида пойтахтдаги Титов номидаги РОЗСКда 1987 йилда таваллуд топган футболчилар ўртасида танлов эълон қилинганини эшитиб, ота-онаси розилигини олган ҳолда, 13 ёшида ўзи учун мутлақо бегона бўлган шаҳарга кўчиб ўтди ва иқтидори эвазига РОЗСКга қабул қилинди. 

3. “Локомотив”даги фаолият 
Аҳмедов 17 ёшидаёқ биринчи профессионал шартномасини имзолади. У Тошкентнинг “Локомотив” ўринбосарлари жамоасида ҳаракат қилади. Ўшанда “темирйўлчилар” мураббийлар штабида иш бошлаган мураббий Одилнинг имкониятларини паст баҳолаб, уни жамоада олиб қолишни истамайди. 

4. Самвел Бабаян билан учрашув! 
“Локомотив”да ишлари юришмаган Одилни учрашувларнинг бирида Самвел Бабаян “Пахтакор” синовидан ўтишга таклиф қилди. Аҳмедов “шерлар” машғулотларида иштирок этиб, мураббийларда илиқ таасурот қолдирди. Натижада клуб раҳбарияти унга 5 йилга мўлжалланган янги шартнома таклиф қилди. 

5. Олий лигадаги дебют! 
Аҳмедов Олий лигадаги дебют учрашувини 2005-йилнинг 28-май санасида россиялик машҳур мутахассис Валерий Непомняший қўл остида Зарафшоннинг “Қизилқум” жамоасига қарши ўйинда ўтказди. Ана шу беллашувнинг 84-дақиқасида Одил жароҳатланган Элдор Магдеевнинг ўрнига майдонга тушди. 

6. Илк гол 
Аҳмедов илк голини Ўзбекистон кубоги доирасида Бухоронинг “Вобкент” жамоасига қарши ўйинда киритган. 
 


7. Терма жамоадаги дебют! 
Олимпия терма жамоасида тобланган қаҳрамонимиз 2007-йилнинг 13-октябрь санасида Хитой Тайпейи терма жамоасига қарши учрашувда Ўзбекистон терма жамоасидаги дебют ўйинини ўтказди. 

 

8. Термадаги дастлабки гол 
Аҳмедов миллий терма жамоамиз сафидаги илк голини 2008-йилнинг 6-февраль санасида ЖЧ-2010 саралаш босқичи доирасида Бейрутда Ливан термаси дарвозасига гол уриб ҳамюртларимизга муҳим 3 очкони туҳфа этган эди. 

 

9. “Анжи”даги фаолият 
2011-йилги Осиё кубогидаги фантастик ўйинларидан сўнг Аҳмедов Ўзбекистонда қолмаслиги аниқ эди. Уни Россиянинг “Анжи” жамоаси сотиб олди. Ўша пайтда Маҳачқалаликлар кейинчалик суперлойиҳага айланишини ҳеч ким билмаган эди. Одил бу жамоада Роберто Карлос, Виллиан, Это’О каби футболчилар орасида йўқолиб қолмади ва клубнинг етакчиларидан бирига айланди. 3 йил давомида у 109 учрашувда иштирок этиб, ўз ҳисобига 6 та гол ёздириб қўйишга муваффақ бўлди. 

 

10. “Краснодар” 
2014-йилда “Анжи” эртаги” якунига етди. Жамоани бирин-кетин юлдузлар тарк эта бошлади. Клуб эса биринчи дивизонга тушиб кетди. Одилни “Краснодар” жамоаси ўз таркибига қўшиб олди. Аҳмедов бу жамоада ҳам етакчиликни қўлига олди. Дебют мавсумидаёқ 36 ўйин ўтказгани ва 3 та гол ургани ҳам сўзимизга исбот бўла олади. 

11. Жамоавий ютуқлари 
Аҳмедов футболчилик фаолияти давомида барча совринларини “Пахтакор” таркибида қўлга киритган. У Тошкентликлар билан икки марта Ўзбекистон чемпиони, уч карра Ўзбекистон кубоги ва бир бора МДХ кубогида ғолибликни қўлга киритди. Шунингдек у 3 бора Ўзбекистон чемпионати, бир мартадан Ўзбекистон кубоги ва МДХ кубокларида кумуш медалларни қўлга киритган. “Анжи” ва “Краснодар” жамоалари таркибида Россия чемпионатининг бронза медалларига сазовор бўлди ва Россия кубоги финалчисига айланди. 

 

12. Шахсий совринлар 
Аҳмедов 2009, 2011 ва 2014-йилларда Ўзбекистоннинг энг яхши футболчисига аталган совринни қўлга киритган бўлса, 2011-йили “Анжи”нинг энг яхши футболчиси ва 2014/15-йилги мавсумда “Краснодар”нинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилган! 

 

13. Театр 
Одил бўш вақтларида театрга боришни яхши кўради. “Пахтакор”да ўйнаб юрган кезлари ҳафтасига икки марта театрларга бориб турарди. Шунингдек у бир нечта актёрлар билан қалин дўст ҳисобланади. Алишер Узоқов эса футболчининг энг яқин дўсти. 

14. Севимли ёзувчиси 
Аҳмедов интервьюларининг бирида севимли ёзувчиси сифатида Тоҳир Маликни эътироф этган. Ёзувчининг “Шайтанат” асари қаҳрамонимизда катта таасурот қолдирган экан. 

15. Орзуси 
Футболчининг энг катта орзуси Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида жаҳон чемпионатида тўп суриш! Шунингдек у европанинг кучли жамоасида тўп суриб, Чемпионлар лигасида зафар қучишни ҳам орзу қилади. Умид қиламизки Одилнинг бу орзулари яқин орада амалга ошади. 
Сўзимиз якунида Одил Аҳмедовни таваллуд айёми билан чин юракдан табриклаймиз! 

Фурқат Юсупов

Манба: sports.uz
Киритилди: 12:09, 26.11.2015.
Ўқилди: 5697 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.