Кириш Регистрация
19/11 17:00 Хитой - Япония
19/11 17:00 Индонезия - Саудия Арабистони
19/11 17:00 КХДР - Ўзбекистон
19/11 19:00 Фаластин - Жанубий Корея
19/11 19:00 Қирғизистон - Эрон
19/11 21:00 Уммон - Ироқ
19/11 21:00 БАА - Қатар
19/11 23:15 Баҳрайн - Австралия
19/11 23:15 Кувайт - Иордания
20/11 01:00 Боливия - Парагвай
20/11 04:00 Колумбия - Эквадор
20/11 05:00 Аргентина - Перу
20/11 05:00 Чили - Венесуэла
20/11 05:45 Бразилия - Уругвай

Александр Лобанов: "Филиппин термасига қарши ўйин қийинроқ кечди"

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳамда “Пахтакор” клуби дарвозабони Александр Лобанов жамоадоши Станислав Андреев билан биргаликда SPORTS.uz интернет-ахборот порталининг меҳмони бўлишди. Андреев билан ўтказилган интервьюни Сизнинг эътиборингизга ҳавола қилгандик. Бугун эса, маҳоратли посбон билан бўлиб ўтган суҳбатимизни ҳукмингизга ҳавола этамиз.

Терма жамоамиз посбони мулоқот давомида сайтимиз мухбирига клуб ва терма жамоадаги фаолияти ҳамда хориж футболига оид қизиқарли маълумотлар билан ўртоқлашди.

— “Пахтакор”нинг навбатдаги чемпионлиги билан Сизни табриклайман. Якунига етган мавсум Сиз учун қандай кечди?
— Раҳмат. Биласизми, “Пахтакор” учун мавсум жуда оғир кечди, айниқса, иккинчи даврадаги ўйинлар. Рақиб жамоалар савияси ва ўйинлари ижобий томонга ўзгарганини кўриш мумкин. Жамоа олдига ички майдонда иккита мақсад қўйилганди: биринчиси – энг камида ОЧЛга йўлланма олиш, иккинчиси – мамлакат чемпиони бўлиш. Олий Лигадаги кучли рақобатга қарамай, “Пахтакор” 11-бор чемпионлик унвонини қўлга киритди ва энг асосийси, жамоа чемпион номини ҳимоя қилиб, ўз мақсадига эришди.

— Сизнингча, Олий Лигада қайси жамоа “Пахтакор”нинг асосий рақобатчиси ҳисобланади?
— Олий Лигада “Локомотив”, “Насаф” ва “Бунёдкор” сингари тажрибали ва рақобатбардош клублар бор. Мазкур жамоаларнинг ҳар бири чемпионлик учун бемалол кураш олиб боришга тайёр. “Бунёдкор”нинг чемпионлик учун имконияти камроқ деб ўйлайман. Сабаби, “қалдирғочлар” таркиби анча ёшарди ва уларнинг ўйинида барқарорлик йўқолди.

— Мавсумдаги қайси учрашув сизнингча, “Пахтакор” учун энг қийини бўлди?
— Энг муҳим учрашув доимо энг қийини бўлади. 29-тур доирасида “Насаф” билан ўтган ўйин (1:0) ҳам психологик, ҳам муҳимлиги жиҳатидан бизга қийинчилик туғдирди. Мазкур ўйин, қайсидир маънода биз учун чемпионлик ўйини бўлди. Биз ўйин олдидан кучли руҳий босим остида қолгандик. Аммо, ўзимизни қўлга олиб, сафарда қимматли уч очкони қўлга кирита олдик.

— Келинг, энди терма жамоадаги фаолиятингизга тўхталиб ўтсак. Бу йил терма жамоага чақирилдингиз. Нима деб ўйлайсиз, МТЖга чақирилишингизга нима сабаб бўлди?
— Бу саволни биринчи галда терма жамоа бош мураббийига бериш керак (кулади). Нима учун у (Самвел Бабаян) айнан мени таклиф қилиб, асосий дарвозабон қилиб қўйганлигини ўзидан сўралса мақсадга мувофиқ бўларди.

Ўзимнинг нуқтаи назаримдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, Бабаян билан “Пахтакор”да узоқ вақт бирга ишлаб келдик. Йиллар давомида олиб борилган ўйинлар ва орттирилган тажрибамни кўрган Бабаян терма жамоада ўйнашга лойиқ эканимни баҳолади.

— Игнатий Нестеров турганида, қандай қилиб асосий таркибдан жой олдингиз?
— Менимча, клубдаги ўйинларим ва эришган натижаларим билан асосий таркибдан жой олишга муваффақ бўлганман. “Пахтакор”да 4 йилдан буён фаолият олиб бораётган бўлсам, 3 маротаба Ўзбекистон чемпиони номига сазовор бўлдим. “Пахтакор”нинг асосий дарвозабони бўлганлигим учун, қўлга киритилган чемпионликларда менинг ҳиссам ҳам бор, деб ўйлайман. Терма жамоада асосий таркибда майдонга тушишимни эса бош мураббий ҳал қилади.

— Миллий терма жамоамизнинг бу сафар мундиалга чиқиш имкониятлари қандай баҳолайсиз?
— Ушбу босқичдан эсон-омон ўтиб олсак, кейинги саралаш босқичида бунданда қийин рақиблар бўлади. Ана ўшанда, йўл қўйилган кичик хатолар ҳам кечирилмайди. Насиб қилса Жаҳон чемпионатига чиқамиз, аммо, бунинг учун тинимсиз меҳнат ва катта куч сарфлашимиз талаб этилади.

— Терма жамоа сафидаги энг қийин кечган ўйинингиз қайси бўлди?
— Ушбу саволни беришингизни кутгандим (кулади). Биласизми, терма жамоа сафидаги дастлабки ўйиним олдидан мени кучли ҳаяжон босган. Ўша ўйин олдидан роса хавотир олганман, чунки, терма жамоа шарафини ҳимоя қилиш жуда катта маъсулият ҳисобланади. Бош мураббий, терма жамоа аъзолари ва яқинларим терма жамоадаги дебютим олдидан мени руҳан қўллаб-қувватлашгани менга дадиллик бағишлаганди.

Энг қийин учрашувга келадиган бўлсак, бу шубҳасиз Филиппинга қарши сафарда ўтказилган ўйин бўлди. Биринчидан, Филиппинга узоқ вақт давомида учганимиз бизни, шахсан мени анча толиқтириб қўйди. Иккинчидан, об-ҳавонинг ноқулайлиги ўз таъсирини ўтказди. Ёмғир шунчалик кучли ёққан эдики, сониялар ичида формалар шилта бўлиб кетганди.

Учинчидан, мени айбим билан ўтказиб юборилган гол ушбу ўйинни мен учун энг қийинига айлантирди. Аммо, ўша ўтказиб юборилган гол сўнг ўзимни қандайдир енгил сездим. Эртами, кечми гол ўтказиб юборишим керак эди. Мен қўрққан ҳодиса (гол ўтказиб юборилиши) рўй берди ва энди буни унутиш керак эди. Ўтказиб юборилган голдан кейин ўзимга бўлган ишонч янада ошди.

— Тошкентда КХДР билан кечган баҳсда жуда эрта гол ўтказиб юборилганди. Ушбу вазиятга қайдай изоҳ бера оласиз?
— Ўша ўйинга ҳужумкор ўйин олиб бориш ва фақат ғалаба қозониш учун майдонга тушганди. Менимча, ҳужумни зўр бериб, олдинга ташланганимиз учун тезкор гол ўтказиб юбордик. Албатта, гол кутилмаган бўлди ва бизни хавотирга солиб қўйди. Бахтимизга, ўйинни стадиондан кузатиб борган мухлислар бизни қўллаб-қувватлашда давом этишди ва бу бизга куч бағишлади. Агарда биз голни 60-70 дақиқаларда ўтказиб юборганимизда, мушкул аҳволга тушиб қолардик. КХДР футболчилари ҳимояда яхши ўйнайди ва улар ҳисобни ушлаб туришга ҳаракат қилишарди.

— Келинг энди блиц саволларга ўтсак. Қарши эмасмисиз?
— Қарши эмасман, бемалол.

— Олий лигадаги энг кучли уч дарвозабон?
— Игнатий Нестеров, Элдор Суюнов, Мурод Зуҳуров

— Қайси хориж футбол клубига мухлислик қиласиз?
— “Ювентус”.

— Жаҳон футболидаги кумирингиз?
— Жанлуижи Буффон.

— Жорий мавсумда ЕЧЛ ғолиблигига асосий давогар(лар)?
— “Барселона” ва “Бавария”.

— Сизга бермоқчи бўлган саволларимиз мана шулардан иборат эди. Вақтингизни ажратиб, сайтимизга ташриф буюрганингиз учун миннатдормиз. Фаолиятингизга улкан зафарлар тилаб қоламиз.
— Сизга ҳам ташаккур. Ишингизга ривож тилайман.

Манба: sports.uz
Киритилди: 08:41, 27.11.2015.
Ўқилди: 3417 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.