АҚШнинг Хьюстон шаҳрида оғир атлетика бўйича катталар ўртасида ўтказилаётган жаҳон чемпионатида бугунги кунга қадар 12 нафар спортчимиздан 8 нафари баҳсларда иштирок этди.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизматининг хабар беришича, ҳозирча энг яхши натижага (7-ўрин) Марина Сисоева (-53 кг) эга бўлиб турибди. Улуғбек Алимов (-85 кг) 8-ўринни банд этган бўлса, Манзурахон Мамасолиева 11-ўринни, Муҳаммад Бегалиев 16-ўринни, Муаттар Набиева 19-ўринни, Лола Қодирова 21-ўринни, Адҳамжон Эргашев 22-ўринни, Фарҳодбек Собиров 25-ўринни банд этишди.
Бугун яна икки нафар спортчимиз баҳсларда иштирок этадилар. Дастлаб, Тошкент вақти билан соат 19:00да Омадой Отақўзиева (-75 кг) “С” гуруҳида баҳсларга киришса, соат 23:00да Сардорбек Дўстмуродов вазни 105 кг.гача бўлган полвонларнинг “В” гуруҳида баҳс юритади.
Қолган икки нафар спортчимиз Иван Ефремов (-105 кг) ва Рустам Джангабаев (+105 кг) 28 ноябрь куни баҳсларда иштирок этадилар. Иван Ефремов “А” гуруҳидан ўрин олган бўлса, Рустам “В” гуруҳида қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, мазкур дунё биринчилигида 98 давлатдан жами 609 нафар спортчи (шундан 266 нафари аёллар) ғолиблик учун кураш олиб боряпти.