Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Алишер Аҳмедов: «Европа клубларидан бирига ўтаман»

Баҳо:
+ | -

«Нью Радиант» клуби шарафини ҳимоя қилаётган тажрибали дарвозабон Алишер Аҳмедов муддатидан аввал Мальдив чемпионлигини қўлга киритди. 2012 йилдан бери фақат олтин медалларни қўлга киритаётган «Нью Радиант» бу сафар ҳам ёқимли анъанани давом эттирди. Мавсумнинг барча учрашувларида дарвозасини муносиб тарзда қўриқлаган ҳамюртимиз жамоасининг ғалабасига улкан ҳисса қўшди. Алишер Аҳмедов фаолияти давомида «Сўғдиёна», «УзДонгЖу», «Насаф», «Нефтчи», «Регистон», «Гефест» (Караганда, Қозоғистон) клублари шарафини ҳимоя қилган. Биз хорижда омадли тўп сураётган дарвозабонимиз билан боғланиб, ундан интервью олдик.

- Алишер, аввало чемпионлик билан табриклайман. Ғолиблик таассуротлари билан ўртоқлашсангиз.

- Раҳмат. Албатта, илк мавсумдаёқ олтин медалларни қўлга киритиш ҳар бир футболчига қувонч бахш этиши турган гап. Сўнгги тур олдидан «Мазияни» клубини 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратганимиздан сўнг муддатидан аввал Мальдив чемпионига айландик. «Нью Радиант» мана тўртинчи йилдирки, мамлакатнинг энг кучли клуби номини сақлаб қолмоқда. Жамоа шу тариқа ОФК кубогида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Гарчи чемпионат якунланишига бир тур қолганида чемпионлик масаласини ижобий ҳал қилган бўлсакда, мавсум биз учун енгил ўтди, дея олмайман. Ҳар бир ўйинда қийинчиликка дуч келдик. Деярли барча клублар чемпионга қарши кечадиган ўйинга алоҳида жиддий тайёргарлик билан келишди. Шахсан ўзим ички чемпионат, мамлакат кубоги ҳамда ОФК кубогидаги барча ўйинларда юз фоиз иштирок этдим. Шу орқали тажриба ва маҳоратимни янада оширдим.

- Легионер сифатида ўйнаш қийин эканми?

- Чидаса бўлади. Ватан, оила соғинчини айтмаса, қолганига мослашиш осон. Легионерлар тажриба бобида ҳамиша маҳаллий футболчилардан бир бош устун бўлишлари шарт. Шу жиҳатни ҳамиша ҳис қилган ҳолда майдонга тушдим. Машғулотларда астойдил тер тўкдим. Меҳнатларим самараси ўлароқ, мени чемпионатнинг энг яхши дарвозабони, деб топишди. Бундан жуда ҳам хурсандман.

- Ютуқларингизни кимга бағишлайсиз?

- Энг аввало, ота онамга, шунингдек, барча футбол мухлислари, ҳамюртларимиз, яқинларим ва дўстларимга бағишлайман. Фурсатдан фойдаланиб, барчаларига миннатдорчилик билдирмоқчиман. Муваффақиятга эришишимда уларнинг хизмат ва ҳиссалари беқиёс.

- Аслида Мальдив варианти сизни нимаси билан ўзига жалб қилганди?

- Биринчи галда «Нью Радиант» клубининг мамлакат чемпиони эканини инобатга олдим. Қолаверса, жамоанинг ОФК кубогида иштирок этиши ҳам шартнома имзолашимга сабаб бўлган. Ўша пайтда қабул қилган қароримдан афсусда эмасман.

- Мальдив чемпионатининг савияси тахмин қилганингиздан кучлироқ эканми ёки аксинчами?

- Очиғи, дастлаб чемпионат савиясига бироз пастроқ назар билан қарагандим. Лекин ҳозир бу борадаги фикрим ўзгарди. Мальдив олий дивизионида 8та жамоа иштирок этади. Ҳаммаси молиявий жиҳатдан барқарор, бир-бирига муносиб. Рақобат жуда кучли. Танишларим билан гаплашганимда, уларнинг аксариятида Мальдив футболини менсимаслик кузатилади. Балки кичик давлат бўлгани учун шундай ўйлашар. Лекин бу чемпионат кучли, Осиёда ўз ўрнига эга. Стадионларнинг ҳолати, футбол инфратузилмаси ҳам йилдан-йилга ривожланмоқда. Масалан, бизнинг уй стадионимиз ўз бағрига 25 минг томошабинни сиғдира олади. Майдоннинг ҳолати ҳам аъло даражада.

- Чемпион учун пул мукофоти таъсис этилганмиди?

- Албатта. Ғолиб жамоага мусобақанинг титул ҳомийси - Oredu компанияси томонидан 100 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот пули белгиланган.

- Мальдив футбол федерацияси ва футбол лигаси-чи?

- Улар ҳам ушбу суммадан кам бўлмаган миқдорда пул мукофотлари ажратишган.

- Келгусидаги режалар қандай?

- Сўнгги тур учрашуви якунлангач, «Нью Радиант» клуби билан тузган шартномам муддати ҳам тугади. Жамоа раҳбарияти яхши шароитлар яратиб беришларини айтиб, шартномани узайтиришни таклиф қилишяпти. Лекин шошилмаяпман, ҳозирча бу борада бир тўхтамга келганимча йўқ. Боиси, мен билан хориж клублари қизиқишмоқда. Улар орасида Европанинг кўзга кўринган кучли чемпионатлари вакиллари ҳам бор. Мақсадим - миллий терма жамоадан чақирув олиш. Бунинг учун эса савияси юқори чемпионатда ўйнашим керак. Тез орада кучли клуб сафига қўшиламан, деган умиддаман.

- Қайси чемпионат ва клубларни назарда тутяпсиз?

- Номма-ном айта олмайман. Лекин кўҳна қитъа клубларидан келаётган таклифлар анча қизиқарли. Сўнгги қарорни қабул қилишим ҳамоноқ бу борада биринчи бўлиб сизни хабардор этаман.

- Ўзбекистон клубларидан таклиф тушмаяптими?

- Мамлакатимиздаги аксарият клубларнинг қизиқиш билдиришаётганини инкор этмайман. Аммо Ўзбекистон чемпионатига қайтиш ниятим йўқ.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 07:39, 05.12.2015.
Ўқилди: 4370 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.