Кириш Регистрация
16/05 00:00 Ман. Юнайтед 3-2 Ньюкасл
16/05 00:00 Реймс 1-0 Марсель
16/05 00:00 Ницца 1-2 ПСЖ
16/05 01:00 Сельта 2-1 Атлетик Бильбао
16/05 01:00 Хетафе 0-3 Атлетико
16/05 22:30 Лас-Пальмас 2-2 Бетис
17/05 00:30 Альмерия 0-2 Барселона
17/05 01:00 Реал Сосьедад 1-0 Валенсия
17/05 23:45 Фиорентина - Наполи
18/05 21:00 Лечче - Аталанта
18/05 23:45 Торино - Милан
19/05 00:00 Алавес - Хетафе

Бензема тушунтириш берди ва узр сўради

Баҳо:
+ | -

«Реал» ҳужумчиси Карим Бензема ниҳоят, Франция термасидаги шериги ва «Лион» ярим ҳимоячиси Матьё Вальбуэнага нисбатан уюштирилган товламачилик жинояти ҳақида ошкора гапирди. Яъни TF1 журналистлари билан суҳбат чоғи ўзининг жиноий ҳаракатдаги «роли» хусусида тўхталди.

- Карим, нега айнан ҳозир ошкора гапиришни хоҳлаб қолдингиз?

- Сабаб битта: мен билан рўй берган воқеаларни яна бир марта тушунтириб, матбуот томонидан бўлаётган қаҳрли хуружларга жавоб қайтармоқчиман.

- Ҳаттоки, Франция бош вазири ҳам ёшларга ибрат кўрсатолмаслигингиз ва сиз учун миллий жамоада жой йўқлигини таъкидлади.

- Бу шунчаки, ғазаб оқибати. Бошқа изоҳ йўқ. Менга худди жиноятчидек муносабатда бўлишяпти: очиқ айблашяпти, лойга белашяпти, ҳаммасини турлича талқин қилишяпти. Афсус...

- Энди воқеалар тафсилотига ўтсак. 6 октябрь куни сиз Клэрфонтэндаги базада Вальбуэна билан битта хонага жойлашгансиз. Ўшанда нима бўлганди?

- Видеоёзув борлигини билгандим. Шунинг учун Матьёни огоҳлантиришни хоҳладим. Бироқ у барчасидан хабардор экан. Шунда Лиондаги бир дўстим орқали ёрдам беришим мумкинлигини айтдим. Зеро, у бу муаммони ҳал эта оларди.

- Карим Зенатини назарда тутяпсизми?

- Ҳа, у менинг дўстим. Матьёдан буларни ўз оиласига айтган-айтмаганлигини сўрадим. Ахир асосийси - оила-ку. Мен унга соф виждон билан гапирдим. Дейлик, ўзим ҳам шунга ўхшаш ҳолатга тушганим ва полицияга мурожаат этганимни таъкидладим. У ҳам полиция билан боғланганини айтди. Шунинг учун ҳам товламачилик, гўёки, ундан пул тўлашни талаб қилганим ҳақидаги гапларни эшитганимда, ўзимни қўярга жой тополмаяпман. Барчаси сафсата. Дўстимнинг пулга муҳтож бўлгани ҳам, бошқа гап-сўзлар ҳам бўҳтон. Худога шукр, анчадан буён етарли даражада пул топяпман ва нимагадир муҳтожлигим йўқ. Агар кимгадир ёрдам беришни истасам, бундан қандайдир манфаатни кўзламайман. Унинг ўзи (Вальбуэна) барчасини самимият билан айтганимни тасдиқлайди. Ҳарқалай, ҳеч қандай пул ҳақида гап бўлгани йўқ. У эса кутилмаганда, мени гўёки, мажбур қилганимни айтяпти. Ҳа, 2 мартача маслаҳат бердим. Яъни 2 ёки 3 марта Лионда дўстим борлиги ва бундай ишларда ёрдам бера олишини таъкидладим. Зеро, унда бу масалада тажрибаси бор.

- Бироқ Матьёнинг айтишича, сиз вазиятга яхши ниятда аралашмагансиз...

- Ўшанда бундай ўйлаётгандек кўринмаганди. Бироқ кейинчалик барча гап-сўзлардан сўнг «томи силжиб» қолди, чоғи. Қайтараман, биз пул ҳақида умуман гаплашмаганмиз. У буни тасдиқлаши керак.

- Умуман, сиз товламачилар билан танишмисиз?

- Йўқ.

- Карим Зенати - бу шахс ким?

- Ёшликдаги дўстим. Унинг тақдири оддий. Ҳа, қамоқда ўтирган. Бироқ 2 йил олдин озодликка чиқди. Аслида қалбан яхши инсон. Мана, қамоқдан сўнг янги ҳаёт бошлаш имкониятига эга бўлди ва бундан фойдаланди. Биз худди ака-укалардекмиз.

- Бироқ кўпчилик атрофингиздаги кишиларга нисбатан тан­қидий қараш­га эга.

- Атрофимдаги кишилар масаласида кимларни назарда тутишаётганини билмайман. Булар оилам, дўстларим-ми? Улар туфайли уялмайман. Яқинларим мен учун ғоят қадрли. Ҳа, камбағаллар кварталида туғилганман, лекин яхши инсон мақомига эриша олдим. Шу маънода айтсам, кўплаб болалар, ҳаттоки, атрофимдагилар учун ибрат кўрсатдим. Тўғри, «Унинг атрофидагилар ёмон», дейишлари мумкин. Аммо фактлар қани?

- Шундайку-я, лекин сиз спортга заррача дахли йўқ можарога биринчи марта аралашмаяпсиз...

- Ўша воқеаларни назарда тутяпсизми (Бензема 2009 йили вояга етмаган фоҳишага боғлиқ жиноят бўйича суд курсисига ўтирган, аммо 2014 йили бутунлай оқланган)? Ҳа, ҳаммаси жуда чўзилди, бироқ охир-оқибат, айбсизлигим исботланди-ку. Шундай экан, ўша можарони унутиш вақти келди.

- Матьё Вальбуэна айниқса, сизнинг Карим Зенати билан телефондаги сўзлашувингиз тафсилотидан жуда ранжиди. Ўша суҳбатни эслай оласизми?

- Албатта, эсимда. Бироқ ўша вақт менга нисбатан бунчалик ғазабда эканлиги сезилмаганди. Аксинча, миннатдорчилик ҳам билдирганди: «Огоҳлантирганинг учун раҳмат». Фақат битта нарсадан хижолатдаман: дўстим билан телефонда гаплашиб, ушбу чалкашлик юзасидан роса кулишгандик. Шу холос. Бунинг учун ундан ва оиласидан узр сўрайман.

- Улар Вальбуэнани ботқоқ билан чаплайдилар - бу иборани ишлатганингиздан ҳам афсусдамисиз?

- Гоҳида телефон орқали гаплашаётганда, актёрлик қиламиз, бўлмағур гапларни айтамиз, жиддий нарсаларни ҳам кулгу остига оламиз. Яъни бирортасини жиддий қабул қилмаймиз. Бундай муомала барча футболчиларга хос. Ахир кийиниш хонасида ҳеч ким шеригига «Қадрдон дўстим», дея мурожаат этмайди-ку. Демоқчиманки, кўпчилик ўз гаплари моҳиятини тушунмай, тилига эрк беради.

- Ҳозир Вальбуэна билан кўришишингиз ва гаплашишингиз тақиқлаб қўйилган. Агар имконият бўлганда, унга қўнғироқ қилиб, узр сўрармидингиз?

- Албатта! Лекин яхшиси, телефон орқали эмас, Лионга борганимда юзма-юз учрашаман. Албатта, алоқага чиқиб, кечирим сўрашни хоҳлардим. Шунда дилдан гаплашиб олармидик...?

- Қизиқ, Вальбуэна кўрсатма беришидан олдиноқ сизни ҳибсга олишди. Нега? Ҳозир буни тушундингизми?

- Ҳеч нарсага тушунмадим. Ўзи мени қамоққа олишлари шартмиди? Афсус, устимдан «мағзава» тўкишди, бир кечани қамоқхонада ўтказишга мажбур этишди. Ваҳоланки, маҳкамага ўз ихтиёрим билан кўрсатма бериш учун боргандим. Менга ҳеч ким ҳеч нарсани тушунтирмади.

- Ушбу ёқимсиз воқеа нима билан тугаркин?

- Бир нарсани таъкидлай оламан: ҳеч қандай айбим йўқ. Ўзи доимо бундай «ўйинлар»дан четда юраман. Ҳозир самимий гапир­япман ва ҳаммаси хайрли тугашидан умидворман: барча учун, ҳам мен, ҳам Матьё - дўстим учун. Ҳар иккимиз Франция термасига қайтиб, Евро-2016да ғалаба қозонишга уриниб кўришимизни истайман.

Бензема Франция терма жамоасида

Йил                 Ўйин                Гол      Ғалаба келтирган гол

2007                   8                    3                      1

2008                   11                  2                      -

2009                   8                    3                      1

2010                   5                    3                      2

2011                   10                  2                      1

2012                   12                  2                      -

2013                   10                  3                      -

2014                   13                  7                      2

2015                   4                    2                      -

Жами:  81                   27                    7

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 21:50, 08.12.2015.
Ўқилди: 6236 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.