Бугун, 12 декабрь куни Париж шаҳрида 2016 йилги Европа чемпионатининг якуний финал босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. Унда 24та терма жамоа олтита гуруҳга бўлинади.
Турнир йўлланмаси учун 23та терма саралаш босқичида иштирок этди. Йўлланмага эга бўлган терма жамоалар УЕФА рейтингига кўра (14 октябрь ҳолатидаги ўринлар), тўртта саватчага ажратилган.
Испания терма жамоаси Евро-2012 турнири ғолиби сифатида 1-саватчадан жой олади. Мезбон давлат сифатида Франция термаси ҳам биринчи саватчага жойлаштирилган. Биринчи саватчада шунингдек, Германия, Англия, Португалия ва Бельгия термалари бор.
1-саватча: Испания, Франция, Германия, Англия, Португалия, Бельгия.
2-саватча: Италия, Россия, Швейцария, Австрия, Хорватия, Украина.
3-саватча: Чехия, Швеция, Польша, Руминия, Словакия, Венгрия.
4-саватча: Туркия, Ирландия, Исландия, Уэльс, Албания, Шимолий Ирландия
Плей-офф босқичига ҳар бир гуруҳдан биринчи иккита ўринни эгаллаган термалар ва энг яхши натижаларни қайд этган яна тўртта 3-ўрин соҳиблари ҳам йўл олишади.
Қуръа маросими Тошкент вақти билан соат 22.00да бошланади. Бу жараён Uzreport телеканали орқали тўғридан-тўғри намойиш этилади.
Қуръа ташлаш маросимида Рууд Гуллит (Голландия), Биксент Лизаразю (Франция), Оливер Бирхофф (Германия), Ангелос Харистеас (Греция), Антонин Паненка (Чехословакия), Давид Трезеге (Франция) ва Висенте дель Боске (Испания) каби машҳурлар қатнашишади.
2016 йилги Европа чемпионатида илк бор 24та жамоа иштирок этади. Қитъа чемпионати бир ой давом этади (10 июнь - 10 июль). Ўйинларни Франциянинг 10та шаҳри қабул қилади: Бордо, Ланс, Лилль, Лион, Марсель, Тулуза, Сент-Этьен, Ницца, Париж ва Сен-Дени.