Жозе Моуриньо. Бу мутахассис доим, айниқса, мағлубиятга учраганида айбни нуқул бошқаларга ағдариши билан танилган. Хусусан, мазкур мавсумда ҳам «Челси» бир қатор мағлубиятларни қабул қилгач, Жозе яна бошқаларни ўққа тутди. Яъни унинг фикрича, жамоанинг мағлубиятларига на у ва на жамоа айбдор. Келинг, яхшиси, шу пайтга қадар португалиялик мутахассиснинг мағлубиятларга берган изоҳи билан танишинг ва ўзингизга керакли хулосани чиқариб олинг. Эҳтимол, сизнинг изоҳларингиз Моуриньоники билан ўхшашдир.
2 август. «Арсенал» — «Челси» 1:0, суперкубок
«Энг кучли жамоа ютқазди. Биз ҳиссиётларимизни жиловлай олдик, биз ўйинни назорат қилдик ва биз кўп зарба бердик. Аммо дарвозабонимиз ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлай олмади ва кераксиз голни ўтказиб юбордик».
16 август. «Манчестер Сити» — «Челси» 3:0, чемпионат
«Энг кучли команда биринчи бўлимни ажойиб ўтказди. Биз энг зўри бўлдик. Иккинчи бўлимнинг энг кучли клуби ҳам шак-шубҳасиз, «Челси». 3:0 ҳисоби — бу қалбаки натижа. «Манчестер Сити» жамоасининг ярим ҳимоячиларида муаммолар етарли. Бизда эса ҳаммаси жойида эди, аммо иккинчи бўлимда омадимиз келмади, биз ўйинда тўлиқ устунлик қилдик».
29 август. «Челси» — «Кристал Пэлас» 1:2, чемпионат
«Биз кўп ишларни амалга ошира олдик, лекин бу ғалаба учун етарли бўлмади. Ҳисоб очилмай турганда бош ҳакам ҳаққоний пенальтини бермади, бу унинг қўпол хатоси эди. Шунингдек, ҳужумчилар ҳам катта кўламдаги ишни бажара олишмади. Улар ҳеч нарсани қойиллатмади. Мен «Челси» кўрсатган ўйиндан умуман қониққаним йўқ. Жамоанинг ўйини ўн битта футболчига боғлиқ. Афсуски, мен бугун «Челси»нинг ўн битта футболчиси ҳам яхши ўйин кўрсатди, деб айта олмайман».
12 сентябрь. «Эвертон» — «Челси» 3:1, чемпионат
«Биз кўп нарсага лойиқ эдик, биз яхши ўйин кўрсатдик. Биз ҳозир ўз-ўзимизга ишонмаяпмиз. Ҳамма бизга қарши. Хусусан, ҳужумчилар. Агар уларнинг кайфияти яхши бўлса, ҳатто тиззалари ва тирсаклари билан ҳам гол уриши мумкин. Бордию акси бўлса, бундан ёмони йўқ, чунки бундай ҳужумчилар тепган тўп ёки тўсинга тегади, ё майдон ташқарисига чиқиб кетади. Бизнинг энг ёмон тарихимиз шундай ҳолатларга боғлиқ».
29 сентябрь. «Порту» — «Челси» 2:1, Чемпионлар лигаси
«Биласизми, биз ўйинни тўлиқ назорат қилгандик, лекин «Челси» ўта кулгили гол ўтказиб юборди. Жамоа кучини тўғри тақсимлай олди, аммо иккита аҳмоқона хато ҳаммасини чиппакка чиқарди».
3 октябрь. «Челси» — «Саутгемптон» 1:3, чемпионат
«Ҳакамлар «Челси» фойдасига қарор қабул қилишдан чўчишди. Бизнинг футболчилар ва ишқибозлар энг кучли бўлишга лойиқ эди. Белгиланмаган пенальти бизнинг жамоага қаттиқ таъсир қилди, биринчи омадсиз вазиятдан кейин ҳаммаси чаппасига кетди. Энди билгандирсиз асосий айбор кимлар эканлигини?»
24 октябрь. «Вест Хэм» — «Челси» 2:1, чемпионат
Моуриньо ҳакамлар билан тортишгани учун бу ўйиндан четлаштирилганди. Кейин эса у ўйинни таҳлил қилишни истамади.
27 октябрь. «Сток Сити» — «Челси» 1:1, пенальтилар сериясига кўра — 5:4, кубок
«Ҳисоб 0:1 кўринишига келганидан кейин рақиб анча кучайди, биз эса натижани ушлаб қолиш учун ҳамма нарсани қилдик. Ҳатто мен ҳам ёрдам беришга уриндим. Биз ҳаракат қилдик, ҳаракат қилдик, ҳаракат қилдик... Аммо ўйлашимча, бугун бизнинг кунимиз эмас экан.
31 октябрь. «Челси» — «Ливерпуль» 1:3, чемпионат
«Мен ҳеч нарса демайман».
7 ноябрь. «Сток Сити» — «Челси» 1:0, чемпионат
Моуриньо дисквалификацияга учрагани учун бу матчни ўтказиб юборган.
5 декабрь. «Челси» — «Борнмут» 0:1, чемпионат
«Биз мағлубиятга лойиқ эмасдик. Ҳаммаси ҳакамларнинг хатолари туфайли содир бўлди. Ўйлашимча, ҳисоб очилмай турганда рақиб тўпни очиқдан-очиқ қўли билан ўйнаганди. «Борнмут» ақлли тактикага асосланиб ўйнади, аммо рақиб доим ҳам фэйр-плейга амал қилгани йўқ. Чунки рақиб футболчилари ҳа деганда йиқилаверди, шифокорлар ҳам майдонга югуриб чиқаверди, аксига олиб футболчилар ҳам сув ичаверишди, ичаверишди. Бу ёғи баскетболдаги тайм-аутга ўхшаб кетди».
Низомжон ИСЛОМОВ тайёрлади.